Ўзбекистон | 19:03 / 18.11.2024
4373
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хорижликларни номақбул шахс деб топиш ҳақидаги қонун кучга кирди

Президент имзолаган қонун билан, эндиликда давлат суверенитетига зид бўлган, Ўзбекистон халқининг шаъни ёки тарихини таҳқирлаган чет эл фуқаролари мамлакатга киритилмайди ёки депортация қилинади, шунингдек, қатор тақиқларга дучор бўлади. Вазирлар Маҳкамаси тегишли тартибни 1 ой ичида ишлаб чиқиши керак.

Фото: Президент матбуот хизмати

15 ноябр куни “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонун президент томонидан имзоланди.

Унга кўра, эндиликда чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, шунингдек давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий хамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини, тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлари ёки ҳаракатлари уларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Рўйхатига киритиш учун асос булади.

Чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни Рўйхатга киритиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг, Сенати Кенгашининг, махсус ваколатли давлат органларининг тақдимига асосан амалга оширилади. Рўйхат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади.

Рўйхатга киритилган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришига йул қўйилмайди, шунингдек унга Ўзбекистонда банк ҳисоб-варақларини очиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулкни сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади, бундан унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган мулкни бегоналаштириш мустасно.

Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Рўйхатда бўлиш муддати 5 йилни ташкил этади ва уни Рўйхатга киритишнинг тегишли асосларини ушбу муддат ичида бартараф этмаган тақдирда, Рўйхатда бўлиш муддати 5 йилга узайтирилади. Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Рўйхатга киритилиши учун асослар бартараф этилганидан кейин шахс Рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги мурожаатига ёхуд уни Рўйхатга киритиш ҳақида тақдимнома берган тегишли давлат органининг илтимосномасига асосан муддатидан илгари Рўйхатдан чиқарилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет фуқаросининг ёки Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахснинг Рўйхатга киритилиши унинг мамлакат ҳудудида қонуний асосларда яшаш ва бўлиш ҳуқуқи бекор қилинишига сабаб булади, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Рўйхатга киритилганлиги тўғрисида мазкур шахсни (унинг қонуний вакилини) белгиланган тартибда бевосита ёт дипломатик каналлар орқали 3 иш куни ичида хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Рўйхатга киритиш хамда уни юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Вазирлар Маҳкамаси бу тартибни 1 ой муддат ичида тасдиқлаши лозим.

Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқароси ёки Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахс Рўйхатга киритилганлиги тўғрисида хабарнома олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши керак.

Агар Рўйхатга киритилган, Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет фуқароси ёки Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахс ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддат ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетмаса, мазкур шахс депортация қилинади.

Депортация қилиш деганда Рўйхатга киритилган ва Ўзбекистон Республикасида яшаш ва бўлиш ҳуқуқи қонуний асосларда бекор қилинган чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни мажбурий тарзда мамлакатдан чиқариб юбориш тушунилади.

Агар 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ота-онасидан бири ёхуд ҳомийси ёки васийси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда яшаш ҳуқуқига эга бўлса, ушбу шахс депортация қилинмайди.

Агар Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Рўйхатга киритилишига асос бўлган ҳаракатларида жиноят ёхуд маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, у Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этилган жинояти ёки маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун суд томонидан тайинланган жазони ижро этиб бўлганидан ёки ўтаб бўлганидан кейин ёхуд қонунчиликда назарда тутилган холларда жавобгарликдан ёки жазодан озод этилганидан кейин, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юборилади.

Рўйхатга киритилган, Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаросини ёки Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахсни депортация қилиш ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Хизмат, шахсий, савдо ёки жамоат ишлари бўйича, ўқиш, малака ошириш, ишлаш учун ёки турист сифатида келган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни депортация қилиш харажатлари уларни таклиф этган ҳамда қабул қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг зиммасида булади. Бошқа чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни депортация қилиш харажатлари ички ишлар органларининг зиммасида булади.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаросига ва фуқаролиги бўлмаган шахсга берилган виза улар депортация қилинган тақдирда, бекор қилинади.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Мавзуга оид