ЖЧ-2026 саралаши. Эрон Қирғизистонда қийин ғалабага эришди, БАА – Қатар ўйинида «ўзбекистонлик» легионер 4та гол урди
Осиёда ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 6-тур учрашувлари якунига етди. Ўзбекистон миллий жамоаси жой олган А гуруҳи пешқадами Эрон қўшни Қирғизистонни мағлуб этди, Бирлашган Араб Амирликлари эса ўтган турда Ўзбекистонни мағлуб этган Қатарни «савалади». Гуруҳ жадвали ва кейинги тур ўйинлари билан танишинг.
Кожонинг дубли Қирғизистонни Эрон билан ўйинда мағлубиятдан қутқара олмади
ЖЧ-2026 саралаши 6-тур А гуруҳидаги биринчи ўйинда Ўзбекистон сафарда КХДР устидан ғалабага (1:0) эришган бўлса, иккинчи учрашувда Қирғизистон Эронга қарши майдонга тушди.
Бишкекдаги учрашувда форслар биринчи бўлимдан кейин икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлса, иккинчи бўлимда Қирғизистон миллий жамоаси Самарқанднинг «Динамо» клуби форварди Жоэл Кожонинг дубли эвазига ҳисобни тенглаштирди – 2:2.
Учрашувни бевосита стадиондан кузатиб борган мамлакат президенти Садир Жапаров ва мухлисларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Ўйиннинг 76-дақиқасида Сардор Озмун мезбонлар дарвозасига ўйиндаги 3-голни уриб, форсларга ғалабани келтирди – 3:2.
ЖЧ-2026 саралаши. А гуруҳи. 2-тур
Қирғизистон – Эрон – 2:3
Голлар: Жоэл Кожо 51, 64 пеналти – Меҳди Торемий 12, Солеҳ Ҳардани 33, Сардор Озмун 76.
«Ўзбекистонлик» футболчи 4та гол урган ўйинда БАА Қатарни «нокаутга учратди»
Гуруҳдаги сўнгги ўйинда Бирлашган Араб Амирликлари мухлислари қаршисида асосий рақиби Қатарни «савалади».
Ушбу ўйинда амирликларнинг маҳаллийлаштирган легионери, бир неча йил аввал Ўзбекистон фуқаролиги билан БАА чемпионатида рўйхатдан ўтказилган, кейин эса ҳужжатни сохталаштирилгани айтилган бразилиялик Фабио Лима 4та гол уриб, покерга эришди. Яҳё Ал-Ҳассани эса ҳисобни 5:0га етказди. Шу тариқа, ўтган турда Ўзбекистонни мағлуб (2:3) этган Қатар сафарда шармандали ҳисобда ютқазди.
ЖЧ-2026 саралаши. 6-тур
БАА – Қатар 5:0
Голлар: Фабио Лима 4, 45 пен., 45+5, 56 пен., Яҳё Ал-Ҳассани 73.
Шу тариқа, Эрон А гуруҳида 16 очко жамғариб, 6-турдан кейин пешқадамлик
қилмоқда. Аббосбек Файзуллаевнинг голи ва Ўткир Юсуповнинг қаҳрамонлиги эвазига Лаосда Шимолий Кореядан устун келган Ўзбекистон ҳисобида 13 очко бўлса, БАА 10 очко билан 3-ўринга кўтарилди. Қатар 4-поғонага пастлади, Қирғизистон 3 очко билан 5-ўринда, КХДР эса сўнгги поғонада қолди.
А гуруҳи. 6-турдан кейинги вазият:
Ўзбекистоннинг сўнгги 4 турдаги рақиблари:
20.03.2025 | Ўзбекистон — Қирғизистон
25.03.2025 | Эрон — Ўзбекистон
05.06.2025 | БАА — Ўзбекистон
10.06.2025 | Ўзбекистон — Қатар.
Маълумот учун...
ЖЧ-2026 учун Осиёга 8,5 ўрин ажратилган. Учта гуруҳдан 2тадан жамоа тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқса, гуруҳлардаги 3-4-ўриндаги жамоалар плей-оффлар орқали қолган 2,5та йўлланма учун кураш олиб боради.
Жаҳон чемпионати 2026 йилнинг 11 июн — 19 июл кунлари АҚШ, Канада ва Мексиканинг 16та шаҳрида бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
17:58 / 20.12.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон миллий жамоаси 2024 йилни 58-ўринда якунлади
21:06 / 28.11.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон миллий жамоаси ўз ўрнида қолди
18:51 / 21.11.2024
Таҳлил. Миллий жамоада «3-4-3»ни қандай ишлатяпмиз?
13:11 / 21.11.2024