Жамият | 19:04 / 21.11.2024
6615
2 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги болалар шифохонасида беморлар кўпайгани акс этган видеога муносабат билдирилди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 1-сонли болалар клиник шифохонасида куз-қиш мавсумида беморлар кўпайган. Туман тиббиёт бошқармаси шифохонада респиратор касалликлар учун қўшимча бўлим очилганини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 1-сонли болалар клиник шифохонаси беморлар билан тўлгани акс этган видео тарқалди. Туман тиббиёт бош бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди. Унга кўра, куз-қиш даврида мавсумий касалликлар кенг тарқалиши кузатилаётгани учун муассасага мурожаатлар сони сезиларли даражада кўпайган.

Бошқарма беморларга қулайлик бўлиши учун шифохона бўлимларида қўшимча 55 ўрин ташкил этилганини, 40 ўринли кўз микрожарроҳлиги бўлимининг эпидемик мавсум барқарорлашгунга қадар ўткир респиратор касалликларни қабул қилиш учун профили ўзгартирилганини маълум қилган.

Шунингдек, амбулатор мурожаат қилган ва шифохонадан 2-босқич даволанишга чиқарилган беморлар бўйича оилавий поликлиникалар билан ҳамкорликда ишлаётгани ва мавсумий касалликлар билан кўпроқ ишлаш йўлга қўйилаётгани маълум қилинган.

Маълумот учун, 1-сон болалар клиник шифохонаси 425 ўринга эга ва 18 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Шифохонага бир кунда ўртача 450-500 нафар бемор мурожаат қилади. Муассасада 138 нафар шифокор, 401 нафар ўрта тиббиёт ходими ишлайди.

Мавзуга оид