Ўзбекистон | 08:50 / 22.11.2024
11840
2 дақиқада ўқилади

200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин 

Ўзбекистон ҳукумати 2025 йилда 200 мингдан ортиқ фуқарони иш ҳақи юқори бўлган мамлакатларга ишга жойлаштиришни режалаштирмоқда. 

Фото: Президент матбуот хизмати

2025 йилда 200 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини иқтисодий ривожланган мамлакатларда иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бу ҳақда 20 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди, деб ёзади Gazeta.uz.

Ҳукумат раҳбари ушбу лавозимга қайта тайинланишидан олдин парламент қуйи палатасига Вазирлар Маҳкамасининг қисқа ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этди.

Хусусан, 2030 йилга қадар 10 та йўналиш бўйича 400 та чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Дастур «Ўзбекистон-2030» стратегияси асосида ишлаб чиқилган. Режалаштирилган чора-тадбирлар қаторида меҳнат миграциясини тизимли ташкил этиш борасидаги ишларни давом эттириш ҳам бор.

Абдулла Ариповнинг айтишича, президент ҳукуматга меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг иш ҳақи юқори бўлган мамлакатларда бандлигини таъминлаш бўйича вазифалар қўйган.

«2025 йилнинг ўзида Германия, Буюк Британия, Япония, Корея Республикаси, Исроил, Канада, Полша, Туркия, Саудия Арабистони, БАА ва шу каби бошқа иқтисодий ривожланган 21 давлатда 200 мингдан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаш чораларини кўриш режалаштирилмоқда», — деган ҳукумат раҳбари.

Кейинги йилларда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилади, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни касбий маҳорат ва хорижий тилларга ўқитиш учун барча шароитлар яратилади, деди бош вазир.

Мавзуга оид