Ҳалоллик мукофоти: йўлдан топилган 5 минг долларни эгасига қайтарган ҳайдовчи ҳақида ҳикоя
Элмурод Мамиржонов Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан. У Ўзбекистон-Россия йўналишида одам ташийди. Таксист яқинда мижозларни олиб Ўзбекистонга қайтаётганда Астрахан шаҳрида қарийб 5 минг доллар топиб олади. Омонат эгасини топиш учун ижтимоий тармоққа хабарлар чиқаради. Хоразмлик муҳожир пулнинг эгаси бўлиб чиқди. Пуллар ўз эгасига қайтарилди. “Долларлари топилганидан хурсанд бўлиб кетган ака бир қоп Хоразм гуручи ва 200 доллар суюнчи пули ташлаб кетди”, – дейди ҳайдовчи.
43 ёшли ҳайдовчи топиб олинган пул билан боғлиқ қизиқ ҳодиса ва сафар машаққатлари ҳақида сўзлаб берди.
Умра учун тўпланган пул
“5-6 йилдан бери Россияга қатнайман. Одамлар оғирини енгил қилиб, киракашлик қилиб келяпмиз.
Аллоҳга шукур, яхши ният билан синглим, онам, аёлим ва мен Умрага бориш учун 5 минг доллар йиғиб қўйган эдик. Билетларгача гаплашиб қўйган жойимизда бошига мусибат тушган бир муҳтож оилага ёрдам бериш керак бўлиб қолди. Аллоҳ қодир қилса, яна тўпласак Умрага ҳам борармиз, дея шу 5 минг долларни Аллоҳ йўлида эҳсон қилдик. Бироз вақт ўтиб Худодан куч-қувват сўраб яна Россияга йўл олдим. Онамдан дуо олиб йўлга отландим...”
Шайтон васвасаси
“Бепоён кенглик, кимсасиз йўл. Қрим томондан келаётгандим. Астрахан шаҳрига етиб келганимда йўл четида бир нарсага кўзим тушди. Машинани тўхтатиб қарасам, кармон ётибди, лой бўлиб кетган.
Кармонни олиб машинага ўтирдим. Ичини очиб қарасам 4 900 доллар ва 23 минг рубл бор экан.
Пулни олган заҳотим шайтон елкамга ўтирди ва унга нималар қилишим кераклигини режалаштирди. Шайтоннинг режаларига қарамасдан, нафсимга жилов бериб, пулни ўз эгасини топширишни ният қилдим. Уйга етиб келгандан кейин, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларга эълон бердим: пул эгасини топишда амалий ёрдам беринглар, тарқатиб юборинглар деб”.
“Луқмага ҳаром аралашмасин”...
“Муҳтож одамга йиғиб қўйган 5 минг долларимни бергандим. Энди эса топилган пул худдики мен учун мукофотдек эди. Аллоҳ сўраган 5 минг долларимни менга ҳам берди, лекин бу бировнинг пули эди. Топиб олган пулга қизимни чиқариш ёки Умрага барчамиз бориш учун ишлатишим худбинлик эди, чунки у бировнинг ҳаққи.
Шайтон васваса қила бошлади. Бироқ Раҳмон ҳам бир вақтда йўналишларни кўрсатиб турди. Аслида, шу пулни олганимни бирон киши кўрмаган, мижозларим машинадан тушган ҳам йўқ эди. Пулни олиб, чўнтакка солиб, ўзим учун ишлатсам ҳам бўларди. Лекин у бировнинг ҳаққи ва ўз эгасини топиши кераклигини тушуниб етдим.
Аёлим: “Дадаси, пулни эгасига қайтармаса бўлмайди, олдимизда фарзандларимиз бор, луқмага ҳаром аралашмасин,” – деб уқтирди. Шу билан пулларни қайтаришга аҳд қилдик”.
“Султонов А”
“Ниҳоят пул эгаси топилди, Хоразм вилоятидан экан. Унгача жуда кўпчилик телефон қилди, кимдир “пул меники,” дейди-ю суммани нотўғри айтади. Йўқ “унча эмас,” дейман. Ниҳоят, ўз эгаси телефон қилиб: “Ака, 4 минг 900 доллар, 23 минг рубл эди, деди. Яна нима бор эди?” деб сўрадим...
Ижтимоий тармоқларга воқеа ҳақида хабар тарқатишдан аввал “замок” қилиб қўйган эдим, кармон ичида “Султонов А” ёзувли чек бор эди,”. Ана шу чек ҳақида ҳеч кимга индамаган эдим. Машинам ичида бўлган йўловчилар ва ошна-оғайниларимга ҳам бу ҳақда айтмагандим. Охири яна нималар бор эди, дедим. Суммани тўғри айтгандан кейин, “Султонов А.” деган чек бор эди,” деди. Пул уники эди.
Эртасига Хоразм вилоятидан келишди. Аллоҳ рози бўлсин, хурсандчилик билан бир қоп Хоразм гуруч олиб келишди. Олмайман дейишимга қарамай 200 доллар беришди. Берган пуллари ҳам, гуручи ҳам баракали чиқди. Бир пиёла гуручи овқат қилсак бир қозон бўлиб кетяпти. Ҳалолликда гап кўп экан.
Пуллар аслида Аллаёр Султоновнинг ўзиники бўлмаган. Россиядаги ошна-оғайниларининг ойликлари бўлган. 5-6 киши маошини йиғиб, доллар қилиб, унга уйга элтиб беришларини илтимос қилган, Аллаёр эса уни йўлда тушириб қўйган экан.
Пул топилгач Аллаёр жуда хурсанд бўлди. “Борди-келди қилайлик, тўй-ҳашамларда хизматингизда бўлайлик,” дея Хоразмга қайтишди.
Йўл азоби
“Ҳайдовчиликнинг ўзига яраша машаққати, азоб-уқубати бор. Бошимиздан кечирганларни ўзимиз биламиз, не-не азобларини кўрамиз. Қанчадан қанча юртдошларимиз қийналиб, машиналари бузилиб, ҳалокатга учраганлари тепасига бориб қоламиз, ёрдам қиламиз. Вақти келганда муҳожирликда вафот этган ҳамюртларимиз тобутини машинага юклаб келамиз. Қийинчиликлар бўлади, ўзига яраша азоби бор. Осон ишнинг ўзи йўқ.
Учта машинам бор: Mercedes, Starex ва Largus. Бирини қўйиб бирини минаман. Узоқ йўл бўлгандан кейин бирини ҳайдаб иккисига дам бермасангиз бўлмайди. Бориб келиш учун камида 10 минг километр масофа босаман. Об-ҳаво яхши бўлса, йўлда қийинчилик бўлмаса, кўзлаган манзилимизга 3,5 суткада кириб борамиз. Йўлда чарчадикми, мажбурий тўхтаб дам оламиз. Икки соатдан ухлаб олиб яна йўлимизда давом этамиз.
Йўлкира ҳақига келсак, имкониятига ва шароитига қараб ҳар хил оламиз. Бир хил белгиланган нарх йўқ. Ҳар бир мижознинг шароитига қараб ҳақ олинади. Нарх самолётникидан анча арзон.
Краснодар, Қрим, Севастопол, Сочи, Волгоград шаҳарларига ва ҳаттоки Мариупол шаҳарларигача қатнаймиз. Ўзбеклар ишлайди қурилишларда, шуларни обориб, олиб келамиз. Уруш жойлари яқинлигида яқинлашиб қоламиз. Гумбурлаган овозлар келиб туради, хавф остидаги ерлардан ўтамиз. Машинани Украина ҳудудида бошқараётганимда, ичимдан ҳар хил кечинмалар ўтади. Оила аъзоларимиз бағрига эсон-омон етиб олиш ҳақида ўйлайман”.
Майит олиб келиш муаммоси
“Мусофирликда муҳожирларимиз ҳаётдан бевақт кўз юмиб қолиш ҳолатлари кўп учрайди. Майитларни олиб келиш муаммо бўлади. Савоб учун ҳам олиб келамиз, лекин барибир қийин. Ҳукуматдан ана шундай пайтда ёрдам сўрагим келади. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”дан ана шу майит учун махсус чегирма қилиб беришларини сўраган бўлардим. Майитни олиб келиш борасида қийинчилик кўп. Ўзбекларимиз аҳиллиги учун пул тўпланади. Муҳожирлар ҳаммаси пул тўплайди ва бир-бирига ёрдам қилади. Шунда ҳам барибир камчилик, етишмовчилик бўлади.
Майитни томида багажли транспортга юклаб олиб келамиз. Қишда бу осон, лекин ёзда муаммо. Бу борада “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳам ёрдам берса яхши бўларди. Майит учун махсус чегирма қилиш керак”.
Пул бермай қочиб кетишади
“Ҳайдовчилар актёр бўлиши, йўловчиларнинг кайфиятини тушуниб, улар билан киришиб кетиши керак. Ҳар бир йўловчига алоҳида муомала қилиб, уларни муросага келтирамиз. Баъзида эса, пул беришда муаммолар юзага келади, лекин сабр қиламиз. Ўзбекистон ёки Россиядан одам олиб емакхонага тўхтаганимда пул бермай қочиб кетган йўловчилар ҳам учрайди. Бир неча марта шундай ҳолатларга тушганман. Баъзилар пулим йўқ, картага ташлаб қўяман дейишади-да, лекин пул туширишмайди.
Йўлда транспорт воситаси бузилиб қолиши мумкин. Ўтган йил қишда Қозоғистон чўлларида машинам бузилиб қолди, ўзим тузатишни ўргандим. Бундай вазиятларда бошқа шофёрлар ҳам ёрдам беради. Шофёрлар бир-бирини ташлаб қўймайди, доим йўлда тўхтаб ёрдам беришади”.
Йўловчиларда қарсак, менда соғинч...
“Ҳар гал йўлга чиқарканман, юрагимда бир ҳиссиёт ўтади. “Аллоҳим, соғ-саломат, ўйнаб-кулиб уйга етиб келайин, онам, фарзандларимни бағримга босайин” деган умид бўлади.
Ўзбекистонга кирдим дегунча минг шукурлар қиламан. Йўлда кечган азобларим Ўзбекистон ҳудудига ўтишим билан йўқолади. Умуман, ўзимни бошқача ҳис қиламан. Йўловчиларим ҳам қарсак чалишиб хурсандчилигимга шерик бўлади. Худога шукур қиламиз; эсон-омон, соғ-саломат келганимизга шукурлар айтамиз. Маҳалламга киришим билан онам кўзида ёш билан кутиб олади. 15 кун йўқ бўлиб кетганимгами билмадим, уйимизда тўй бўлиб кетади. Сафарга отланганимда ҳам хурсандчилик билан кузатишади, яхши кайфиятда”.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Мавзуга оид
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
13:39 / 08.12.2024
Автоҳалокат туфайли келиб чиққан можаро бир инсон умрига зомин бўлди
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
18:44 / 12.11.2024