Жаҳон | 18:51 / 17.12.2024
3210
2 дақиқада ўқилади

Боливия прокуратураси собиқ президент Эво Моралесни ҳибсга олишга ордер берди

Собиқ президент одам савдоси ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланмоқда.

Фото: Getty Images

Боливия прокуратураси мамлакат собиқ президенти Эво Моралесни ҳибсга олиш учун янги ордер берди. AFP'нинг ёзишича, у одам савдоси ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, Моралес ушбу жиноятларни президентлик даврида содир этган.

Прокуратуранинг версияси бўйича Эво Моралес 2015 йилда 15 ёшли қиз билан яқин муносабатда бўлган ва қиз ундан фарзанд кўрган. Боливия қонунларига кўра бундай ҳолат вояга етмаган қизни зўрлашга тенглаштирилган.

2024 йил сентябрда гумонланувчини ҳибсга олиш бўйича биринчи ордер берилган эди. Аммо унинг адвокатлари терговни тўхтатиш ва ордерни бекор қилишга муваффақ бўлган. Ўшанда прокуратура айбловлар рўйхатини кенгайтириб, улар орасига одам савдосини ҳам қўшган. Даъво ўзгартирилгач, ҳибсга олиш учун янги ордер берилди.

Собиқ президент кўплаб тарафдорлари яшовчи Чапаре провинциясида яшириниб келмоқда. У ўзининг айбсизлигини қатъий таъкидлаб, айбловларнинг барчаси унинг 2025 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этишига тўсқинлик қилишга уриниш эканини даъво қилмоқда. Эво Моралеснинг айби исботланса, у 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Эво Моралес 2006 йилдан 2019 йилга қадар Боливия президенти бўлган. Жорий йил сентябр ойида у амалдаги давлат раҳбари Арсенинг иқтисодий бошқарувига қарши норозилик намойишларини бошлаган эди. Июн ойида эса Боливияда давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинганди. Октябр ойида Эво Моралес ўзига суиқасд уюштирилганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид