Фан-техника | 00:31 / 18.12.2024
2975
2 дақиқада ўқилади

Конго Appleʼни ноқонуний қазиб олинаётган минераллардан фойдаланишда айблади

Конго Демократик Республикаси Американинг Apple корпорацияси устидан даъволар киритди. Африка давлати ҳукумати компанияни ноқонуний йўллар билан қазиб олинаётган минераллардан фойдаланишда айбламоқда.

Фото: Reuters

Конго Демократик Республикаси (КДР) Франция ва Белгия судларига Apple корпорацияси устидан даъволар киритди, деб хабар беради Reuters. Африка давлати ҳукумати компанияни Конгода ноқонуний йўллар билан қазиб олинаётган минераллардан фойдаланишда айбламоқда.

КДР — компютер ва мобил қурилмаларда фойдаланиладиган қалай, тантал ҳамда волфрамнинг йирик экспортчиси ҳисобланади. Аммо мамлакатда жиноий тўдалар ва қуролланган ноқонуний гуруҳлар назорати остида ишловчи шахталар мавжуд. БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, бундай шахталарда мажбурий меҳнатдан фойдаланилади, гуруҳлар эса фуқароларни оммавий равишда ўлдириш, зўрлаш, мародёрлик ва бошқа жиноятларда айбланади.

КДР ҳукуматининг даъволарида таъкидланишича, Apple ўз қурилмаларида республика ҳудудидаги ноқонуний шахталардан қазиб олинган, кейин халқаро етказиб бериш занжирлари орқали «ювилган» минераллардан фойдаланиб келади. Шу боис даъвода келтирилишича, Америка компаниясини жиноятчиларга шерик ҳисоблаш лозим.

Apple АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиясига тақдим этган 2023 йилги ҳисоботида минераллар ҳамда олтинни етказиб берувчиларнинг бирортаси Конго ёки унга қўшни давлатлардаги қуролли гуруҳларни молиялаштирмаслигини маълум қилганди.

Конго Демократик Республикаси Франция ва Белгия регуляторлари корпоратив ҳисоботга қаттиқ тургани боис айнан ушбу давлатларнинг судларига даъволар киритишга қарор қилган.

Мавзуга оид