Седная — Суриянинг энг даҳшатли нуқтаси. Айрим маҳбуслар бу ерда ўнлаб йиллар ўтирган
Ҳуқуқ фаоллари ўз ҳисоботларида бу жойни «ўлим лагери» ва «одамлар сўйиладиган қассобхона» деб атаган. Асад режими қулагач, минглаб маҳбуслар озодликка чиқди.
«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилигидаги исёнчилар Башар Асад ҳукумати кучларига қарши ҳужум давомида Ҳалаб, Ҳомс, Ҳама ва Суриянинг бошқа шаҳарларидаги қамоқхоналарда сақланаётган маҳбусларни озод қилиб юборди. Сурия қамоқхоналари ўта шафқатсиз сақлаш шароитлари билан машҳур. Ҳуқуқ фаоллари ва собиқ маҳбуслар Сурия разведкаси тасарруфидаги йигирмадан ортиқ муассасалар, шунингдек, бошқа объектларда содир этилган қийноқлар ва қотилликлар ҳақида хабар беришган.
Сурия хавфсизлик аппарати ва қамоқхоналари нафақат Асаднинг мухолифларини иҳоталаш учун, балки мамлакат аҳолиси орасида қўрқув уйғотишга ҳам хизмат қилган, дейди Associated Press билан суҳбатда Яқин Шарқ бўйича мутахассис Лина Хатиб. «Асаднинг машъум қамоқхоналаридан бирига ташлашлари мумкинлигидан қўрқиш сурияликлар орасида кенг тарқалган ишончсизликни юзага келтиради. Асад назоратни сақлаб қолиш ва сиёсий мухолифатни бостириш учун ушбу қўрқув маданиятини ўстирди», — деган у.
8 декабр куни Сурия ҳукуматига қарши кучлар Дамашқ томон келиш йўлида Седная қамоқхонасини ўз назоратига олди. Собиқ маҳбусларнинг гувоҳликларига кўра, бу ерда қийноқлар қўлланган, одамларга жинсий зўравонлик қилинган. Минглаб кишилар ўлдирилшган, булар асосан, Асад режимига қарши чиққанлар бўлган.
Седная қамоқхонаси маҳбуслари, жумладан, аёллар ва болалар озодликка чиқарилиши кадрлари ижтимоий тармоқлар ва ОАВда кенг тарқалди. Маҳбусларнинг кўпчилиги 2011 йилдан, Сурияда фуқаролик уруши бошланганидан буён қамоқда бўлган — ундан ҳам олдинроқ қамалганлар бор. The Guardian маълумотига кўра, қамоқда 40 йилдан ошиқ вақт давомида ўтирган маҳбуслар ҳам озод этилган.
Седная қамоқхонаси Дамашқдан 30 километр шимолда жойлашган, унинг ҳудуди тахминан 1,4 километр квадрат майдонни эгаллайди. Қамоқхона 1980-йиллар бошида қурилган, бу ерга илк маҳбуслар 1987 йилда — Башар Асаднинг отаси Ҳафиз Асад бошқарувининг 16-йилида жойлаштирилган.
2011 йилги «араб баҳори» намойишлари ва ундан кейин бошланган фуқаролар уруши даврида Седная қамоқхонаси «Суриядаги асосий сиёсий қамоқхона»га айланади. Ҳуқуқ фаоллари ўз ҳисоботларида уни «ўлим лагери» ва «одамлар сўйиладиган қассобхона» деб атайди.
Офиси Туркияда жойлашган Седная қамоқхонасидаги маҳбуслар ва бедарак йўқолганлар ассоциацияси (ADMSP) 2022 йилда тақдим этган ҳисоботда айтилишича, 2011-2018 йилларда бу ерда тахминан 30-35 минг маҳбус ўлдирилган ёки қийноқлардан кейин тиббий ёрдам кўрсатилмагани ва оч қолдирилгани туфайли жон берган. Ташкилот маълумотига кўра, 2018-2021 йилларда қамоқхонада яна камида 500 маҳбус ўлдирилган. Асад режими ҳуқуқ фаолларининг ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича айбловларини рад этиб, уларни «асоссиз» ва «ҳақиқатга тўғри келмайдиган» деб атаган.
Қамоқхонага ташриф буюриш учун ҳарбий полиция ва ҳарбий разведка рухсати талаб этилган. Бу ерга ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари қўйилмаган. Седная ичкаридан қандай кўриниши ва у ерда нималар бўлиб ўтгани ҳақида фақат омон қолган собиқ маҳбуслар, шунингдек, қамоқхона қўриқчиларининг ҳикояларидан билиш мумкин. Дастлабки фотосуратлар фақат Асад режими қулаганидан кейин пайдо бўлди.
2017 йилда Amnesty International у ердан омон чиққан 84 нафар собиқ маҳбусларнинг сўзлари асосида қамоқхона планини тиклаганди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисоботида айтилишича, у ерда икки корпус бўлган — «оқ» ва «қизил». Иккисига жами 10-20 минг маҳбус жойлаштирилган.
Аввалига «оқ» корпусда режимга садоқатсизликда гумонланган ҳарбийлар сақланган. Аммо 2011 йилдан кейин бу ерга Башар Асадга қарши намойишлар иштирокчиларини юбора бошлашган. «Қизил» корпус аввалдан режим мухолифлари учун мўлжалланган, бу тоифа қаторига исломий гуруҳларга алоқдорликда гумонланганлар ҳам кирган.
Омон қолганларнинг гувоҳликларига кўра, «қизил» бинода сақланганлар мунтазам равишда қийноққа солинган, жумладан, қаттиқ калтакланган ва зўрланган. «Оқ» корпус остида «қизил» бинодан олиб келинадиганлар учун «қатл хонаси» бўлган. Бу ерда ўлдирилганларнинг жасадлари қариндошларига қайтарилмаган. Жасадлар «қўлбола» ўликхоналарга — «тузли хоналар»га жойлаштирилган. Кейин жасадлар Дамашқдаги ҳарбий ҳоспиталга олиб кетилиб, биродарлик қабрларига кўмилган. 2017 йилда АҚШ Давлат департаменти Сурия ҳукумати «қамоқхонада содир этилган оммавий қотилликлар кўламини яшириш учун» «оқ» корпус ёнида крематорий қургани ҳақида хабар берганди.
Қамоқхона бутун фаолияти даврида қаттиқ қўриқланган, унинг ҳудуди истеҳкомлар билан ўралган. ADMSP ҳисоботида айтилишича, қамоқхонанинг ташқи периметри бўйлаб 200 нафар ҳарбий хизматчидан иборат отряд навбатчилик қилган, ичкарида тартиб сақланиши учун ҳарбий разведка ва ҳарбий полициянинг 250 нафар аскари масъул бўлган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, қамоқхона ҳудуди атрофи икки қатор ҳалқа бўйлаб танкка қарши ва пиёдаларга қарши миналар билан миналаштирилганди. Шу туфайли Асад режими ағдарилганидан кейин яқинларини ахтариб қамоқхонага йўл олганлардан унинг ҳудудига киришга шошилмаслик сўралди, деб ёзган BBC News.
Седная қамоқхонасидан маҳбуслар озод этилгач, унинг корпусларидан бирида махфий ер ости камералари мавжудлиги, бу ерларда ҳамон маҳбуслар қолаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. «Сурия фуқаролик мудофааси» («Оқ каскалар») кўнгиллилар ташкилоти эса қамоқхона обдон текшириб чиқилганидан кейин «махфий камералар ёки ертўлалар мавжудлигига оид ҳеч қандай далил топилмагани»ни маълум қилди. ADMSP вакиллари Седная қамоқхонасидаги барча маҳбуслар 8 декабр кунининг ўзида озодликка чиқарилганини маълум қилган. ADMSP асосчиларидан бири ва собиқ маҳбус Мунир ал-Фақирнинг сўзларига кўра, ҳукуматга қарши гуруҳ Дамашқни назоратига олганидан кейин қамоқхонадан уч мингга яқин киши озод этилган.
Озодликка чиққанлар орасида — 61 ёшли Суҳайл Ҳамави ҳам бор, у қамоқхонада 30 йилдан ортиқ вақт давомида қолган. 9 декабр куни у уйига қайтди — Ливандаги Чекка қишлоғига. «Бу ажойиб туйғу. Чинакамига ажойиб. Мен оилам ва муҳаббатим ҳали ҳам шу ердалигини билдим, — дейди у AFP журналистига. — Менинг набирам бор, аммо ўғлимнинг қизи мени бобо демагунича ёшимни ҳис қилмагандим. Шунда мен қанчалик кўп вақт йўқотганимни англадим».
Янги ҳукумат нима қилмоқчи?
Исёнчилар етакчиси ал-Жўланий Башар Асад режимининг сиёсий мухолифлар қийноққа солинишида айбдор бўлган амалдорлари жазоланишини ваъда қилган. У бу одамлар рўйхати очиқланиши, янги ҳукумат бошқа мамлакатларга қочиб кетганларнинг экстрадиция қилинишига эришишини айтган.
У армия ва хавфсизлик хизматларининг ҳарбий жиноятларга алоқадор бўлган юқори мартабали зобитлари тўғрисидаги маълумот учун мукофот пуллари берилишини маълум қилган.
Дамашқни эгаллаган исёнчилар шифохоналардан биридаги ўликхонада қийноқлар туфайли вафот этган 40 га яқин киши жасади топилганини хабар қилган.
«Мен ўз қўлим билан ўликхона эшигини очдим, бу қўрқинчли манзара эди: даҳшатли қийноқлар излари қолган 40 га яқин жасад тўпланиб ётарди », — дея жангчилардан бирининг сўзларини келтиради AFP агентлиги.
«Биз ҳарбий қўмондонликка нима топганимизни хабар қилдик ва ўз ҳаракатларимизни „Сурия Қизил Яримой“ билан мувофиқлаштирдик, улар жасадларни оила аъзолари келиб таниши учун Дамашқ шифохонасига олиб кетишди», — дея ҳикоя қилади жангчи.
AFP ўз журналистлари ҳам қийноқлар туфайли вафот этган одамлар акс этган фотосуратлар ва видеоёзувларни кўришганини хабар қилган.
10 декабр куни бошқа қамоқхоналар қатори Седная атрофида ҳам йўқолган қариндошларини топиш умидида юзлаб кишилар тўпланган.
Седнаяда минглаб кишилар қийноққа солинган, жинсий зўравонликка учраган ва қатл этилган, уларнинг оила аъзолари эса йиллар мобайнида яқинлари тирик ёки ўликлигидан бехабар қолишган.
БМТнинг Сурия бўйича комиссияси координатори Линней Арвидссон Башар Асад режими қамоқхоналаридаги сақлаш шароитлари акс этган кадрлар «шокка солиши, аммо ажаблантирмаслиги»ни айтади.
«Одамлар йиллар ва ўнлаб йилларни қуёш нурисиз ўтказган, деразаси йўқ ерости камераларини кўриш, шунчаки даҳшатли. Шароитлар ҳақида биз эшитган гаплар кўрганларимизга мос келмоқда», — дейди у.
Мавзуга оид
21:32
Жўланий: «Исроил билан муаммо истамаймиз»
16:58
Сурия лагерларидан фуқароларни қайтаришда Марказий Осиё давлатлари етакчилик қилмоқда
16:54
Андижонда Суриядаги террорчи гуруҳларга пул юборган фуқаро 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди
16:39