Халқ истеъдоди, вақти ва имкониятларини йўқотаётган муаммо
Қиш фасли Ўзбекистон учун йилнинг энг оғир даврига айланиб қолган. Чунки йиллар давомида ҳал қилинмай келаётган газ танқислиги сабабли миллионлаб одамлар ўз ҳуқуқлари ва ҳаёт сифатидан маҳрум бўляпти. Бу муаммо исимаётган уйлар ёки “заправка”ларда узоқ навбатларнинг мавжудлиги билан чекланиб қолмай, балки умуммиллий иқтисодиётга ҳам улкан зарар келтиради. Агар бундай вазият давом этса, халқ нафақат иқтисодий, балки психологик бузилишлар билан ҳам тўқнаш келади.
Иссиқхоналар оғир аҳволда
Яқинда Самарқанд вилоятидаги иссиқхоналар ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда 56 гектар майдонни эгаллаган 34 та иссиқхона фаолияти тўхтаб қолгани маълум бўлган. Бу асосан газ таъминотидаги узилишлар туфайли содир бўлган. Натижада энди неча минг тонналаб маҳсулот етиштирилмайди, тадбиркорлар молиявий зарар кўради. Бу ўз навбатида бозорларимизда маҳсулот танқислиги ва нархларнинг ошишига олиб келади. Демак, ҳолат фақат тадбиркорларнинг зарарига эмас, балки аҳолининг ҳаёт сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундай муаммолар сўнгги йилларда водий вилоятларида ҳам кўп кузатилган. Иссиқхоналар ишламаслиги оқибатида юзлаб иш ўринлари йўқотилган.
Умидсиз ва асабий одамлар
Айтмоқчи бўлганимиз, газ танқислигининг иқтисодий оқибатлари эмас. Бу муаммонинг йиллар давомида бартараф этилмаётгани туб моҳиятимизга, руҳиятимизга зарба беряпти. Кунлар совиди дегунча, газ қуйиш шохобчаларида соатлаб навбат кутаётган одамларни кўрамиз. Мавжуд манзарадан юрак безиллаб қолди. Одамлар асабий ва умидсиз.
Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак: ўртача битта “заправка”да 200 киши 4 соатдан кутса, бу 800 соатлик йўқотилган вақт демакдир. Агар мамлакат бўйлаб минглаб нуқталарда шу ҳолат давом этса, аниқки, миллионлаб соатлар шунчаки йўқотилмоқда. Бу одамларнинг нафақат вақтини ўлдиради, балки ижтимоий ва оилавий ҳаёти ҳам издан чиқишига сабаб бўлади.
Бу вақтни нималарга сарфлаш мумкин эди?
800 соатда 4000 та кўчат экиш мумкин экан. Бу эса табиат учун ўлчаб бўлмас фойда дегани.
800 соатда 20 дан ортиқ бадиий-фалсафий китоб ўқиш мумкин экан. Бу ҳам ҳазил гап эмас, албатта.
Ҳар куни икки соатдан шуғулланса, 800 соатда учта дастурлаш тилини ўрганиб олиш мумкин экан.
Ёки шу ўлаётган вақтда янги бизнес режалар ишлаб чиқилиб, янги лойиҳалар амалга оширилиши мумкин.
“Яшалмаётган” умрлар
Бироқ бу пайтда дунё аҳли газ кутиб ўтирмаяпти. Америка компаниялари фазони забт этиш билан шуғулланмоқда. SpaceX кабилар келажак технологияларини яратаётган бир пайтда, Японияда робототехника соҳасида янги илмий ишланмалар амалга ошириляпти. Европа мамлакатлари эса энергия мустақиллигига эришиш, экологик ва иқтисодий ривожланишга қаратилган стратегияларни амалга оширишга интилмоқда.
Ечим борми?
Япония, Германия ва Сингапур каби давлатларнинг табиий газ захираси деярли йўқ ёки унга боғланиб қолмаган. Улар янги энергия манбаларига таянган ҳолда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга эришган. Ушбу мамлакатлар ўзларининг энергия стратегияларини амалга ошириш орқали табиий газ ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни камайтиришга, экологик хавфларнинг олдини олишга ҳаракат қилган.
Япония табиий газга асосланган энергия тизимига эга бўлса-да, 2011 йилдаги Фукушима атом электростанциясининг аварияси сабаб янада қаттиқроқ энергетик хавфсизлик масалаларини ўрганиб чиқди. Шунинг учун, улар қувват тизимини диверсификациялашга ҳаракат қилишни бошлади. Улар асосан қуёш ва шамол энергиясини фаол ишлатишга уринмоқда. Бу давлат сўнгги йилларда қуёш энергиясини ишлаб чиқаришни жадаллаштирган ва ҳозирда бу Япониянинг умумий энергия ишлаб чиқаришининг муҳим қисмига айланди.
Германия ҳам табиий газга ва атом энергиясига боғлиқлигини камайтириш мақсадида ўз стратегиясини амалга оширди. Немислар "Energiewende" деб аталувчи кенг кўламли энергетика трансформациясини бошлади. Ушбу стратегик йўналиш, табиий газни камайтириш ва алтернатив манбаларга, шу жумладан, қуёш ва шамол энергиясини фаоллаштиришга қаратилган. Германияда шунингдек, ёрдамчи қурилмаларни яратиш ва энергия сақлаш технологияларини ишлаб чиқишга катта аҳамият берилмоқда.
Сингапур эса табиий газ захираларига эга бўлмаган давлат ҳисобланади. Аммо бу ҳолат уларни энергия таъминотидан узиб қўёлмади. Сингапурда энергетика стратегияси тўғри ишлаб чиқилган ва янги энергия манбаларига кўп эътибор қаратилган. Масалан, бу давлат юқори самарадорликка эга қуёш панеллари ва рақамлаштирилган энергия тизимларини жорий қилган.
Шу билан ушбу давлатлар ўз энергетика сиёсатларида экологик манбаларни фаол ишлатишга ва жаҳон тан олган технологияларни жорий этишга катта аҳамият беришган.
Демак, энди Ўзбекистонда бу тизим тепасидагилар анъанавий ваъдаларни тўхтатиб, амалий ишни бошлаши керак. Аслида аллақачон биз ортда қолиб бўлдик. Лекин умуман, Ўзбекистонда масъулларнинг аниқ ечим берадиган йўли, стратегияси борми? Уларда бу саволга жавоб бўлиши, халқ олдида ҳисоб ва тушунтириш бериши керак.
***
Мамлакат йилига қанча газни қаерга сотаётгани бу алоҳида масала. Бу гап ҳар йили айтилади ва хулоса қилинмайди. Негадир бу ҳолат давом этаверади ва давом этаверяпти. Бироқ қачондир тўхташ ва ечим учун ҳам ҳаракат қилиш лозим.
Шубҳасиз, газ ва электр таъминотидаги муаммоларнинг бартараф этилиши Ўзбекистон иқтисодиётининг янги босқичга ўтишини таъминлайди. Самарали энергия манбаларидан фойдаланиш, қуёш ва шамол энергиясини ривожлантириш керак. Янги энергия манбаларига бўлган қизиқиш ва уларни ривожлантириш иқтисодий ва экологик самарани оширади. Бундан ташқари, давлат ва хусусий секторнинг ҳамкорлиги, янги лойиҳаларни амалга ошириш — бу тизимни ҳаракатга келтириш учун зарурий қадамлардан биридир.
Исомиддин Пўлатов,
“Жомбой тонги” газетаси муҳаррири.
Мавзуга оид
22:19
Шавкат Мирзиёев газ қазиб олишни ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди
19:58
“Бу шаҳар ичидаги, ҳамма қарши бўлган бомба эди” — Фарғонадаги портлаш ҳақида гувоҳлар нима дейди?
09:19
Тўрт вилоятда газ ва электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
19:28 / 18.12.2024