Жаҳон | 19:09 / 20.12.2024
2454
3 дақиқада ўқилади

Малайзия 10 йил олдин йўқолган MH370 рейсини қидириш ишларини қайта бошлашга қарор қилди

Malaysia Airlines авиакомпаниясининг бортида 239 киши бўлган рейси 2014 йилда радарлардан йўқолган эди. Америка компанияси ушбу самолётни қидириш билан шуғулланади ва агар уни топишга муваффақ бўлса, 70 млн доллар олади.

Фото: AP

Малайзия Вазирлар Маҳкамаси Malaysia Airlines авиакомпаниясининг 2014 йилда бортида 239 киши билан йўқолган самолётини қидириш ишларини қайта тиклашга рози бўлди. Бу ҳақда мамлакатнинг The Star газетаси транспорт вазири Энтони Лоукга таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, қидирув ишларини ўтказиш таклифи денгиз тубини тадқиқ этиш билан шуғулланувчи Американинг Ocean Infinity компаниясидан келиб тушган. Ташкилот 2018 йилда ҳам ушбу самолётни қидирган, аммо бирор натижага эришмаган эди.

The Star маълумотларига кўра, жорий йилнинг мартида Ocean Infinity самолёт қулаши мумкин бўлган ҳудуд бўйича янги далилларни топганини маълум қилган. Ташкилот Ҳинд океанининг жанубий қисмидаги 15 минг километр квадрат майдонда янги қидирув ишларини бошлаш таклифини билдирмоқда. Лоукнинг таъкидлашича, Транспорт вазирлиги компания томонидан тақдим этилган янги маълумотларни ўрганиб чиққан ва уларда «ишончли илмоқ»ни топган.

Ҳозирда Малайзия ҳукумати ва Ocean Infinity 18 ойга мўлжалланган шартнома шартларини муҳокама қилмоқда. Лоукнинг сўзларига кўра, самолёт топилса, Ocean Infinity 70 миллион доллар олади.

MH370 рейси ҳалокати

Куала-Лумпур – Пекин йўналишида MH370 рейсини амалга оширган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing-777 самолёти 2014 йил 7 мартдан 8 мартга ўтар кечаси ҳавога кўтарилганидан бир соат ўтмай радарлардан ғойиб бўлган. Лайнер бортида 227 йўловчи ва 12 экипаж аъзоси бўлган. Тахминларга кўра, лайнер қулаган ва унинг қолдиқлари Ҳинд океанининг жанубий тубига ғарқ бўлган. 2015 йил январида Малайзия расмийлари бортдагиларнинг барчасини расман ҳалок бўлган деб эълон қилган. 

Самолёт ёки йўловчилар ва экипаж аъзоларининг жасадларини топишга бўлган барча уринишлар ҳозирча муваффақиятсиз кечган. 120 минг километр квадрат майдонда олиб борилган сувости қидирув ишларида қолдиқлар изи топилмаган. Турли вақтларда турли жойларда йўқолган самолётга тегишли 27 та парча топилган. Бундан экспертлар машина парчаланиб кетган деган хулосага келган, бироқ улар бу ҳавода ёки сувга урилганда содир бўлгани ҳамда нима сабабдан юз берганини охиригача аниқлай олмаган. MH370 рейси тақдири сирлигича қолмоқда. 

Мавзуга оид