Ўзбекистон | 11:05
930
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг янги элчиси Туркманистон президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистоннинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Алимов Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: "Дунё" АА

Дипломат учрашувга вақт ажратгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга саломларини етказди ҳамда мамлакат раҳбарининг мустақил бетараф Туркманистон билан анъанавий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлади.

Туркманистон президенти самимий сўзлар учун миннатдорлик билдириб, Равшан Алимовни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва Ўзбекистон олий раҳбариятига эзгу тилакларини етказишни сўради. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги дўстона ва яхши қўшничилик алоқалари узоқ муддатли ҳамда стратегик хусусиятга эга эканлиги таъкидланди.

Учрашувда давлатлараро мулоқотнинг барча миқёсда барқарор ва самарали ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, энергетика, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик муттасил жадаллашаётгани урғуланди. Ҳар икки томон халқаро ва минтақавий масалаларда ўз ҳаракатларини яқиндан мувофиқлаштиради.

Элчи Равшан Алимов келгусида анъанавий дўстона ўзбек-туркман муносабатларини ривожлантириш йўлида бор куч-ғайрати ва билимини сафарбар этишини билдирди.

Равшан Алимов шу йил 29 ноябр куни Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида Туркманистон пойтахтига ташриф буюрди. У 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси вазифасида ишлаган.

Мавзуга оид