Шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
2022 йилда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ 6 мингдан зиёд ҳуқуқбузарлик аниқланган. 2023 йилда бу рақам қарийб 8 мингтани, 2024 йилнинг 11 ойида эса салкам 9 мингтани ташкил этган. Аниқланган сифатсиз қурилиш-монтаж ишлари бўйича 4 мингдан зиёд объектда қурилиш ишлари тўхтатилган.
Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, сўнгги 3 йилда 100 мингга яқин объектлар қурилиши устидан Қурилиш инспекцияси томонидан давлат назорати ўрнатилган. Шунга қарамай айрим қурувчилар томонидан белгиланган нормаларга амал қилмаслик ҳолатлари ортиб бормоқда.
Жумладан, 2022 йилда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ 6 мингдан зиёд ҳуқуқбузарлик аниқланган. 2023 йилда бу рақам қарийб 8 мингтани, 2024 йилнинг 11 ойида эса салкам 9 мингтани ташкил этган. Аниқланган сифатсиз қурилиш-монтаж ишлари бўйича 4 мингдан зиёд объектда қурилиш ишлари тўхтатилиб, уч йил мобайнида 1,5 мингга яқин буздириш ишлари амалга оширилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан ноқонуний қурилишни амалга ошириш ҳолатлари ҳам кўпайиб бормоқда. Хусусан, 2022-2024 йилнинг ўтган даврида 13 мингдан ортиқ объектда давлат рўйхатидан ўтказмасдан қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Қайд этилишича, бу каби камчиликларга турли ташкилий ҳамда ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Жумладан, рухсатсиз қурилишни амалга ошириш, бош режага, объектларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларига риоя қилмасликни ҳамда кўп квартирали уйларни ўзбошимчалик билан ертўла ва биринчи қаватини бузиш ёки реконструкция қилганлик учун белгиланган маъмурий жарималар таъсирчанлиги паст.
Қонунчиликда лойиҳачи томонидан бериладиган кўрсатмаларни бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Бу эса Қурилиш инспекцияси ва лойиҳачиларнинг кўрсатмалари буюртмачи томонидан бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда. Кўп квартирали уйларнинг ертўла ва биринчи қавати таянч қисмини ўзбошимчалик билан бузиш ёки реконструкция қилиб, нотурар объектга айлантириш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга қурилишлар сифатини ошириш, бинолар ва иншоотлар қонунга хилоф равишда қурилишининг олдини олиш ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга оид тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, Жиноят кодекснинг 229-3-моддасига қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотлардан фойдаланишга доир рухсатнома бериш ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиб олиш қоидаларини бузганлик, объектларни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасиз қурганлик, кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартирганлик ва (ёки) реконструкция қилганлик, учун шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса жиноий жавобгарлик юзага келишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.
Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, бу учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.
Кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш билан боғлиқ жиноятни биринчи марта содир этган ҳамда амалга оширилган ўзгартириш ёки бузилишларни, шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этган шахс жавобгарликдан озод этилади.
Шунингдек, шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларини бузганлик учун белгиланган жарима жазолари кучайтирилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
10:40 / 06.11.2024
Психологик ёрдам кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
07:50 / 09.10.2024
Қасддан баданга енгил шикаст етказганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилди
12:29 / 21.09.2024