Америкалик ҳарбийлар Қизил денгиз устида ўз қирувчисини уриб туширди
Америка ҳарбийлари Ямандаги ҳусийчиларнинг позициялари бўйлаб зарба йўллаётган вақтида хатолик туфайли Қизил денгиз устида ўз ҳарбий қирувчи самолётини уриб туширгани ҳақида хабар берди.
АҚШ қўмондонлиги маълумотига кўра, F/A-18 Hornet самолёти Америка ҳарбий кемасидан учирилган ракета билан уриб туширилган. Экипажнинг икки аъзоси ҳам катапулта қилинган ва омон қолган, пилотлардан бири енгил тан жароҳати олган.
«USS Harry S Truman авиаташувчи зарбдор гуруҳи таркибидаги USS Gettysburg ракета крейсер тасодифан зарба бериб, USS Harry S Truman авиаташувчисидан ҳавога кўтарилган F/A-18 Hornet самолётини уриб туширди», — дейилган хабарда.
Ҳодиса америкалик ҳарбийлар Яман пойтахти Сано шаҳрида ҳусийчиларнинг ракета сақлаш объекти ҳамда қўмондонлик пунктига бир неча ҳаво зарбалари йўллашидан кейин содир бўлган.
АҚШ ҳарбийлари худди шу паллада Эрон қўлловидаги ҳусийчилар томонидан учирилган бир неча дрон ва кемаларга қарши ракеталарни ҳам уриб туширганини қўшимча қилган.
АҚШ ҳарбийлари уриб туширилган самолёт ҳусийчиларга қарши амалиётда иштирок этгани ёки йўқлигига аниқлик киритмаган.
Ҳусийчиларнинг кемалар бўйлаб зарбалари
Америка қўмондонлиги Сано бўйлаб зарбалар ҳусийчиларнинг АҚШ кемалари, шунингдек, Қизил денгиз жанубида, Боб-ал-Мандиб бўғози ва Адан кўрфазида сузувчи бошқа савдо кемаларига ҳужумларининг олдини олишга қаратилганини маълум қилган.
Ҳусийчилар 2023 йил октябрида, Ҳамаснинг Исроил ҳудудига ҳужум қилиши ортидан Ғазо секторида фаластинликлар гуруҳига қарши амалиёт бошлангач, Исроил ҳамда бошқа давлатларга тегишли кемалар бўйлаб ракеталар ва дронлар орқали ҳужум қила бошлади.
2023 йил ноябрида шундай зарбалар оқибатида Қизил денгизда иккита кема чўктириб юборилганди. Ҳусийчилар бирор далил келтирмаган ҳолда фақат Исроил, АҚШ ёки Буюк Британияга алоқадор кемаларни нишонга олаётганини билдирган.
Ҳусийчиларнинг ҳаракатларига жавобан АҚШ, Буюк Британия ва яна 12 мамлакат муҳим савдо йўллари ўтувчи Қизил денгиздаги кемачилик муҳофазаси бўйича амалиёт бошлаган.
Шанба куни исроиллик ҳарбийлар Ямандан учирилган ракеталардан бирини уриб тушира олмагани ва у Тел-Авивдаги хиёбонлардан бирига тушганини маълум қилди. Исроил фавқулодда хизматлари 16 киши деразалар синиқлари тушиши туфайли енгил тан жароҳати ҳақида маълум қилган. Яна 14 киши бошпаналарга яширинишга уринганида яраланган.
Ҳусийчилар вакили бу зарба товушдан тез ҳаракатланувчи ракета орқали амалга оширилганини айтган.
Ҳафта бошида Исроил Яман бўйлаб зарбалар йўллаганди, Санодаги порт ва энергетика инфратузилмалари ҳужум нишони бўлган. Ҳусийчилар орасидаги манба зарбалар оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлганини билдирган.
Ҳусийчилар Ғазодаги уруш якунланмагунича зарба беришда давом этишни ваъда қилган.
Мавзуга оид
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
10:10 / 26.11.2024
Россия Украинадаги урушга яманликларни ёлламоқда — The Financial Times
21:05 / 25.11.2024
Қизил денгизда ичида туристлар бўлган кема чўкиб кетди
19:21 / 24.11.2024