Магдебургдаги ярмаркага ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?
Германиянинг Магдебург шаҳрида рождество ярмаркасига ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони ошди, 200 дан ортиқ киши яраланган. Гумонланувчи — немис ултраўнглари тарафдори. Саудия Арабистонидан келган бу қочқин интернетда ислом динига қарши чиқишлар қилган. Ар-Риёд Германия ҳукуматини теракт хавфидан бир неча бор огоҳлантирган.
20 декабр куни Германиянинг Магдебург шаҳрида рождество ярмаркасига келган одамлар устига BMW X3 ҳайдаб борилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида беш кишини ташкил этмоқда, деб хабар беради Der Spiegel нашри. Bild таблоиди эса полицияга таяниб берган хабарида тўрт киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган. Ҳужумдан кейин Саксония-Анҳалт федерал ери расмийлари икки киши ҳалок бўлганини хабар қилганди.
Bild маълумотига кўра, 205 киши тан жароҳати олган: шундан 41 киши оғир аҳволда қолмоқда, бундан ташқари, 86 кишида жиддий жароҳатлар қайд этилган, 78 нафарининг жароҳати — енгил. Der Spiegel хабарига кўра, расмийлар 60 ярадор ҳақида хабар берган.
Рождество ярмаркасига ҳужум юзасидан 50 ёшли Толиб ал-Абдулмуҳсин қўлга олинган. У Магдебургдан 45 километр масофадаги Бернбург шаҳридан бўлган психиатр шифокор ва психотерапевт. Унинг квартирасида тинтув ўтказилган. Полицияга кўра, унинг шериклари бўлмаган.
Немис нашрлари маълумотига кўра, Толиб ал-Абдулмуҳсин — келиб чиқиши Саудия Арабистонидан бўлиб, Германияда 2006 йилдан буён яшаб келади, доимий яшаш гувоҳномасига эга. 2016 йилда у ислом динини тарк этгани туфайли ўзига ўлим хавф солишини айтиб, Германияда қочқин мақомини олган. Интернетда Толиб ислом динига қарши чиқишлар қилган, шунингдек, Саудия Арабистонида яшовчиларга бу мамлакатдан қандай қочиш йўлларини ўргантган. У Германияда қандай сиёсий бошпана олиш мавзусидаги сайтни юритган.
Магдебургдаги теракт ижрочиси — немис ултрўнглари тарафдори. Der Spiegel журналистлари аниқлашича, Толиб ал-Абдулмуҳсин мигрантларга салбий кайфиятдаги «Германия учун муқобил» ултраўнг популист партиясига очиқдан очиқ симпатия билдирган.
Бундан ташқари, журналистлар ҳужумга бир ҳафта қолганида Толиб Америкадаги блогга берган интервюсида Германия ҳукумати бутун дунё бўйлаб ислом динидан воз кечган саудияликларни «йўқ қилиш» учун яширинча «махфий амалиёт» ўтказаётгани ҳақида гапирган.
Мамлакат ички ишлар вазири Нэнси Фезер ҳам у «исломофоб» қарашларда бўлганини тасдиқлаган. Прокурор Нопенс терговчилар ҳали ҳужум қилганнинг мотивларини ўрганаётганини, аммо улар Германияда Саудия Арабистонидан келган қочқинларга муносабатдан норозилик билан боғлиқлигини айтган.
Аввалроқ полиция қўлга олинган шахс радикал исломчи эмаслигини хабар қилганди.
Дастлабки таҳлил ҳужум қилувчининг организмида етти турдаги гиёҳванд модда борлигини кўрсатган, деб ёзади Bild нашри полициядаги манбасига асосланиб. Уларнинг маълумотига кўра, Толибнинг гиёҳванд моддалар бор ёки йўқлигини аниқлаш учун биринчи тести мусбат натижа берган. Унинг организмида айнан қандай модда аниқлангани маълум қилинмаган.
Ҳужумдан кейин бутун Германия бўйлаб рождество ярмаркаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Магдебургнинг ўзида рождество ярмаркаси ёпилган. Берлинда ва Германиянинг бошқа шаҳарларидаги ярмаркаларда полициячилар сони оширилган.
Магдебургдаги ҳужумдан кейин Саудия Арабистони Германияга ҳамдардлик билдирган. Reuters агентлиги Саудия Арабистонидаги манбаларига таяниб хабар беришича, ушбу мамлакат расмийлари Берлинни гумондор ҳақида огоҳлантирган, чунки у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи» фикрларини қолдириб келган.
BBC манбаси аниқлашича, Ар-Риёд Берлинга тўрт марта Толиб ал-Абдулмуҳсин ва унинг «ўта экстремистик қарашлари» бўйича батафсил маълумотлар акс этган расмий хат (вербал нота) юборган. Аммо Германия ТИВга ва унинг разведка хизматларига юборилган огоҳлантиришлар эътиборсиз қолдирилган.
Германияда рождество ярмаркалари олдин ҳам терактлар нишони бўлганди. 2022 йил июнида автомобил Берлиннинг одамлар гавжум кўчаларидан бири бўйлаб ҳаракатланиб, косметика маҳсулотлари дўконига бориб урилганди. Ўшанда бир киши ҳалок бўлган ва 30 дан ортиқ киши яраланган.
2016 йилда Германия пойтахти марказидаги рождество ярмаркасига келган одамларни юк машинаси босиб ўтган ва 12 киши ҳалок бўлган. Рулда келиб чиқишига кўра тунислик Анис Амри бўлган, унга Германияда бошпана бериш рад этилганди. Ҳуқуқ-тартибот органлари версиясига кўра, унинг радикал кучлар билан алоқаси бўлган. Амри бир неча кун ўтиб Италияда қўлга олиш чоғида полициячилар томонидан отиб ўлдирилганди.
Мавзуга оид
08:03 / 21.12.2024
Германияда машина рождество бозоридаги кишилар устига ҳайдалди
23:55 / 03.12.2024
Саудия Арабистони машинистсиз бошқариладиган дунёдаги энг узун метрони ишга туширди
15:20 / 03.12.2024
IUCN’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расман ўз ишини бошлади
08:10 / 12.11.2024