Жамият | 20:05 / 22.12.2024
2199
11 дақиқада ўқилади

“Чекмаслигингиз тамаки тутуни зараридан хавфсиз эканингизни англатмайди” – пулмонолог Давронбек Турсунов

Тамаки маҳсулотлари тутунининг заҳарли моддалари буюмларда 5 соатгача сақланиб қолади. Бу моддалар саратон чақирувчи бўлиб, ҳужайра тўқималарига зарар етказади. Иммунитетни заифлаштиради, юрак хуружи, инсулт, инфаркт, нафас олиш йўллари касалликлари ривожланиш хавфини оширади. Тутунни ҳомиладор аёллар ҳидласа, боласининг эрта, чала ёки ўлик туғилиши эҳтимоли ошади.

Ушбу видеода пассив чекиш, унинг бола, ҳомиладор она, катта ёшлилар организмига етказадиган зарарли таъсирлари ҳақида сўз боради. Кўрсатувда иккиламчи тутундан ҳимояланиш, унинг ҳуқуқий асослари ҳақидаги маълумотлар билан ҳам танишишингиз мумкин.

Атрофингизда чекаётган одамнинг тамакисидан чиққан тутун соҳа мутахассислари тилида “иккиламчи тутун” дейилади. У икки манбадан ҳосил бўлади: ёнаётган тамаки маҳсулоти ва чекувчининг нафас чиқариши орқали. Иккиламчи тутун аралашган ҳаводан нафас олиш “пассив чекиш” ҳисобланади. У фаол чекишга нисбатан инсон организми учун зарарлироқ ҳисобланади. Сабаби сигарет тутуни одатда филтрланмаган бўлади. Маҳсулотдаги филтр чекувчининг ўзини баъзи зарарли моддалардан ҳимоя қилишга ёрдам беради холос. Ундан чиқариладиган дуд филтрсиз бўлиб, тутун таркибидаги кимёвий моддалар чекувчидан кўра унинг ёнидагилар зарарли моддаларни нафас йўллари орқали кўпроқ ютиши мумкинлигини англатади.

Тамаки тутуни таркибида 5000 дан ортиқ кимёвий моддалар мавжуд бўлиб, улардан 69 таси канцероген – саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин бўлган ва камида 250 таси ситотоксин – ҳужайра тўқималарига зарар етказадиган кимёвий моддалар ҳисобланади. Шунингдек, унинг таркибида қуйидаги заҳарли токсинлар бор:

- Бензол: бензин таркибидаги кимёвий модда;

- Аммиак: уй тозалаш воситаларидаги кимёвий модда;

- Толуол: бўёқ идишидан топилган кимёвий модда;

- Кадмий: батареялар таркибидаги кимёвий модда;

- Формалдегид: ўғит, балзамлаштирувчи суюқлик ва қурилиш материаллари таркибида мавжуд бўлган кимёвий модда.

Тутун изсиз йўқолмайди

Сигарет, сигара, калян, чилим сингари тамаки маҳсулотлари тутунининг заҳарли моддалари изсиз йўқолмайди. Улар танадаги шиллиқ пардаларга, терига, соч ва кийим-кечакларга, умуман олганда, ҳар қандай буюмга тушиб, чекувчи ва унинг атрофидагилар саломатлигида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Тутун хонада камида 30 дақиқадан тахминан 5 соатгача туриши мумкин, сақланиб қолиш давомийлиги чекиш миқдори, хонанинг ҳажми ҳамда вентиляция даражасига боғлиқ бўлади. Агар хонада ҳаво айланиши яхши бўлса, тутун тезроқ йўқолади. Вентиляция паст бўлса, узоқроқ сақланиб қолади. Сигарет тутуни қолдиқлари зинапоялар ва шамоллатиш мосламалари орқали ҳам хонадан хонага ўтиши мумкин. 

Қисқа ва узоқ муддатли таъсири

Тамаки тутуни танани шикастлашининг энг тезкор ҳолати беш дақиқа ичида содир бўлади, бунда нафас олиш органларида қичишиш, ачишиш ва аксириш сингари реакциялар юзага келади. Беш дақиқадан сўнг артерия қон томирлари ўз мослашувчанлигини йўқотади, унинг натижасида қондаги оқимнинг нормал ўтиши қийинлашиб, томирнинг ички қаватида яллиғланиш жараёни ҳосил бўлади.

20-30 дақиқадан сўнг, қон ивиши бошланади ва томирларда ёғ бирикмалари йиғилиб, инсулт хавфи ошади. Икки соатдан кейин юракнинг тартибсиз уриши (аритмия) юзага келади, бу эса юрак хуружи ёки бошқа жиддий юрак хасталиклари пайдо бўлишига имкон яратади.

Иккиламчи тутун организм ва иммунитетнинг кучли ёки заифлик ҳолатига кўра, қисқа ва узоқ муддатли таъсирларни кўрсатади. Пулмонолог Давронбек Турсуновнинг айтишича, қисқа муддатли таъсири натижасида бош миядаги қон томирлар қисқариб, бошда оғриқ юзага келади. Шунингдек, енгил йўтал, нафас қисиши, кўзнинг қизариши ва ёшланиши, бурун қичишиши сингари ҳолатлар кузатилади.

-        Узоқ муддатли таъсири орқали ўпка, ҳалқум, томоқ, қизилўнгач саратонлари ривожланиши, юрак ишемик касалликлари, хроник обструктив ўпка касаллиги (ХЎОК), астма ҳамда аллергия хавфи ошади. Бундан ташқари, пассив чекиш орқали организмга кирадиган токсинлар иммун тизимининг инфекцияларга қарши курашиш қобилиятини пасайтиради, танада сурункали яллиғланиш жараёнларини ривожлантиради. Хусусан, тамаки тутуни катта ёшли инсонларда инсултнинг ривожланиш хавфини 20–30 фоизга, юрак ишемик касалликларинг ривожланиш хавфини 25–30 фоизга кўпайтиради, – дейди у.

Болалар – энг кўп жабр кўрувчи

Тамаки тутуни болалар ва чақалоқлар организмини кучлироқ заҳарлайди. Сабаби уларнинг нафас олиш ва иммун тизими катталарники билан солиштирганда анча заиф, ҳали тўлиқ ривожланмаган, организми эса бу моддаларни чиқариб юбориш учун етарлича кучга эга бўлмайди.

-        “Янги туғилган чақалоқлар катта одамларга нисбатан тезроқ нафас олади. Катталар одатда бир дақиқада 16-20 тача нафас олса, янги туғилган чақалоқ (0-1 ёш) 30-60 та, 1 ёшдан 3 ёшгача болалар 24-40 та, 4 ёшдан 6 ёшгача болалар 20-30 та нафас олади. Бу рақамлар пассив чекиш таъсирида бўлган кичик ёшли болалар катталарга қараганда заҳарли моддаларни кўпроқ ютиши мумкинлигини англатади”,  – дейди пулмонолог Давронбек Турсунов.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2023 йилги глобал тамаки эпидемияси ҳақидаги ҳисоботида айтилишича, ҳар йили пассив чекиш оқибатида дунё бўйлаб 1,3 миллионга яқин одам ва 5 ёшгача бўлган 165 000 нафар бола вафот этади. Жаҳон бўйлаб иккиламчи тамаки тутуни таъсири билан боғлиқ ўлимнинг 47 фоизи аёллар улуши, 28 фоизи болалар улушига тўғри келади. 

Иккиламчи тутуннинг токсик моддалари, масалан, никотин, карбон моноксид сингари моддалар болалар ва чақалоқлар иммунитетини пасайтиради. Америка ўпка ассоциацияси (АЛА) маълумотларига кўра, пассив чекиш таъсири болаларда астма ривожланиш эҳтимолини 50 фоизгача оширади. Унинг узоқ муддатли таъсири эса чекишга мойилликнинг ҳосил бўлиши, нафас олиш йўллари инфекциялари, жумладан, пневмония, бронхитнинг кучайиши, қулоқ, томоқ, бурун, кўз ва оғиз шиллиқ қаватининг ўткир ҳамда сурункали касалликлари ривожланиш хавфини кўпайтиради.

-        “Пассив чекиш нафақат тутундан нафас олаётган она, балки унинг вужудида улғаяётган болага ҳам таъсир кўрсатади. Хонадонида чекувчи инсонлар яшайдиган ҳомиладор аёлларда фарзандни кам вазнли, эрта ёки ўлик туғиш эҳтимоли юқори бўлади. Сабаби иккиламчи тутун таъсири эрта туғилиш хавфини 20 фоизга оширади. Хусусан, пассив чекиш оқибатида ҳомиладор аёлнинг организмида бўлаётган кимёвий ўзгаришлар эмбрионнинг нерв тизимини шикастлайди. Тутун таркибидаги моддалар она сутига аралашиб, чақалоқнинг марказий асаб тизимида бузилишлар рўй бериши, безовталик, йиғлаш, вазн етишмаслиги каби ҳолатларни юзага келтириши мумкин”, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тамакига қарши курашиш бўйича консултанти Шуҳрат Шукуров.

Рақамлар нима дейди?

Ўзбекистонда олиб борилган изланишлар шуни кўрсатдики, катта ёшдаги (18-69 ёш) аҳолининг 47 фоизи, яъни ҳар икки нафардан бир нафари уйда, 38 фоизи, яъни ҳар беш нафардан икки нафари ишхонанинг ёпиқ жойларида тамаки тутуни таъсирида бўлади. 2021 йилда мактаб ўқувчилари орасида ўтказилган сўровномада 13-15 ёшдаги ўсмирларнинг 7 фоизи (ҳар 15 нафардан 1 нафари) уйда ва 16 фоизи (ҳар 6 нафардан 1 нафари) ёпиқ жамоат жойларида тамаки тутуни таъсирида бўлгани аниқланган.

Мутахассис Шуҳрат Шукуров тақдим этган маълумотларга кўра, тамаки маҳсулотларини чекиш миқдори сўнгги вақтларда бутун дунё ва Ўзбекистонда ҳам камаймоқда. Лекин тамаки саноати вакиллари ўзининг мўмай даромад манбаини сақлаб қолиш мақсадида маҳсулотларнинг технологик ривожланган, замонавий кўринишдагиларини бозорга олиб кириб, болалар ва ўсмирлар орасида тарғиб қилмоқда, шу сабаб электрон сигарета, қиздириладиган тамаки маҳсулотлари оммалашди.

-        “Жамоат жойларида сигарета, сигара чекилганда унинг бадбўй ва ёқимсиз ҳиди атрофдагиларга таъсир этиб, чекувчига нисбатан салбий реакция пайдо қилади. Аммо ҳозирги кунда истеъмолга чиққан қиздириладиган тамаки маҳсулотлари ва электрон сигареталарга хушбўйловтирувчи моддалар қўшилгани боис уларни чекиш жараёни атрофдагиларга сезилмайди, одамлар кашандани сақич чайнаяпти ёки шоколод еяпти дея қабул қилиши мумкин. Оммавий жойлар ва ҳатто ишхонадаларда ҳам бундай ҳолатлар кўп учрамоқда, шу боис аҳолидан ўз атрофидаги инсонларга нисбатан ҳушёрроқ бўлиш сўралади”, – дейди у.

Иккиламчи тутунга қарши кураш – бу борада ҳуқуқий асослар борми?

Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига 2012 йил 24 апрелда қўшилган. Мазкур конвенциянинг 8-моддаси талабларига мувофиқ ҳар бир давлат тамаки тутунидан 100 фоиз холи бўлган муҳитни таъминлаши лозим

Мамлакатимизда “Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун билан жамоат жойларида тамаки чекиш тақиқланган. Қонунда тамаки чекиш тақиқланган жамоат жойларининг аниқ рўйхати кўрсатилган (24-модда) ва тамаки чекиш махсус ажратилган жойлар, яъни бинолар ҳамда иншоотлардан ташқаридаги очиқ ҳавода ташкил этилиши мумкинлиги (25-модда) белгиланган.

-        “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”нинг 561-моддасига кўра, жамоат жойларида тамаки чеккан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида жарима солиниши белгиланган. Лекин ушбу кодексда жамоат жойларида тамаки чекишга йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланмаган ва айни вақтда ушбу масалани ҳал этиш долзарб ҳисобланади”, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тамакига қарши курашиш бўйича консултанти Шуҳрат Шукуров.

АҚШда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, тамаки чекишни чеклаш тўғрисидаги комплекс қонунлар астма ва ўпка инфекциялари билан касалланишни 24 фоизга, болаларда астмага чалинишни 12,5 фоизга, катта ёшлиларда инсултнинг ривожланиш хавфини 81 фоизга, инфаркт хавфни эса 85 фоизга камайтирган.

Пассив чекишдан қандай ҳимояланиш мумкин?

Пассив чекиш таъсиридан ҳимояланишнинг энг яхши усули – чекадиган одамлардан узоқроқ юриш ва чекишга рухсат берилган жойларда турмасликдир. Ҳайдовчи бўлсангиз, машинангизда йўловчиларнинг чекишига йўл қўймаслик, овқатланиш шохобчалари, кафе ёки ресторан эгаси ҳисоблансангиз, бизнес объектингиз ҳудудида чекишни тақиқловчи ички қоидаларни ўрнатиш орқали пассив чекиш таъсирини камайтиришингиз мумкин. Агар сиз кашанда билан бир уйда яшасангиз, ундан хонадон ичида чекмасликни, ташқарига чиқиб очиқ ҳавода чекишини талаб қилинг. Пассив чекиш оқибатида соғлигингизда ўзгаришлар юзага келганини сезсангиз, зудлик билан шифокорга мурожаат этишни унутманг.

Диёрахон Набижонова тайёрлади.
Операторлар: Мирвоҳид Мирраҳимов, Абдуқодир Тўлқинов, Бобур Анваров,
Монтаж устаси: Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид