“Чорва ва боғ бизни боқди”: тоғ бағридаги бахтли оила
Фарғона тумани таркибига кирувчи, атрофи Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудуди билан ўралган Ёрдон қишлоғига ҳам қиш ўз ҳукмини ўтказди. Уйларга печка қурилган, мўрилардан тутун бурқсийди. Пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган қишлоқ аҳли чорвачилик ва деҳқончилик билан машғул. Ҳар бир ёрдонликнинг олма ёки ёнғоқ боғи, қўрасида эчкиси, қорамол ва қўйи бор. Kun.uz мухбири қишлоқда яшовчи 84 ёшли Раҳматилло ота Кенгашев оиласида бўлиб, уларнинг кунлик юмушлари билан танишди.
Раҳматилло ота Кенгашев турмуш ўртоғи Салимахон ая Кенгашева билан 5 фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди, уларни уйли-жойли қилди. Кўп йиллар колхозда ишлаб ҳозирда кексалик гаштини сураётган Салимахон ая ўтмишдаги хотираларни ёдга олди:
“Меҳнат билан машғул бўлсангиз, танангизда қон юради. Дангасалик касаллик чақиради. Турмуш ўртоғимнинг ёши 84 да, мен эса 74 ёшман. Лекин ҳали ҳам тинмаймиз. Эр-хотин иккимиз фарзандларимнинг қаршилигига қарамай уй юмушлари билан машғулмиз.
40 йил колхозда меҳнат қилдим. 10 йил Қирғизистонда яшаб, фермада ишладим. У ерда мол ва эчки боқиб соғардим. Бу меҳнатлар ортидан ёмон бўлганимиз йўқ. Сигир ва эчки сутидан қурт ва сарёғ тайёрлаб сотдик оила тебратиш учун.
Колхоз пайтида асосан картошка ва маккажўхори экардик. 7 сотих картошка чопсак, 2,5 сўм ҳақ ёзарди.
Турмуш ўртоғим Шоҳимардон қишлоғидаги санаторияда электрик, кези келганда қоровул бўлиб ишлади. Ҳозирда иккимиз бир бўлиб 1,5 млн сўм пенсия оламиз. Бу чол-кампирга етади. Тоғ бағрида 80 сотих еримиз бор, 80 туп ўрик экканмиз бу боғга. Тирикчилик шу боғдан: ўрик қуритиб сотамиз”, дейди Салимахон ая.
Тасвирга олиш жараёнидан сўнг оиланинг яқинлари таҳририятга Раҳматилло ота Кенгашевнинг 84 ёшида вафот этгани ҳақида маълум қилди.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров