Жаҳон | 21:29 / 22.12.2024
6999
18 дақиқада ўқилади

Дунёга машҳур «Мона Лиза»ни ким ва қандай ўмариб кетганди?

1911 йилда Париждаги Лувр музейидан номаълум шахс Леонардо да Винчи чизган «Мона Лиза» суратини ўғирлаб кетади. Бу ишда кўплаб одамлар, шу жумладан таниқли рассомлар ҳам гумон қилинади. Кейинроқ уни ҳаваскор рассом ўғирлагани маълум бўлади. Асар топилиб, ўз жойига қайтарилади.

Париж марказидаги Лувр музейида ўқ ўтказмайдиган ойна ортида аёл кишининг кичик портрети сақланади. Уни ўғирлашнинг бугунги кунда умуман иложи йўқ, аммо ўтмишда, сокин кунларнинг бирида номаълум шахс бунинг уддасидан чиққанди.

Келинг, бир аср илгариги вақтга саёҳат қиламиз. 1911 йил, 21 август. Ҳафтанинг илк куни: душанба. Лувр ёпиқ ва музей ҳафтанинг биринчи кунида ташриф буюрувчиларни қабул қилмайди. Бир пайтлар француз қиролларининг уйи бўлган улкан бинода деярли ҳеч ким йўқ.

Соат чамаси эрталабки 07:30. Оқ халат кийган одам кичик хонадаги рассомчилик туваллари сақланадиган шкафдан чиқиб келади. У якшанба куни музейга оддий меҳмон сифатида кириб яшириниб олган эди.

Эркак катта квадрат залга киради. Деворларда эса фақат Титиан, Rafael, Веронесе каби дурдона асарлар илинган.

У аёл кишининг кичик портрети олдига яқинлашиб, ҳимоя ойнасини олиб ташлайди. Портретни рамкадан чиқариб, оқ мато билан ўраб олганидан сўнг бинонинг чиқиш эшикларидан бирига йўл олади.

Замонамизнинг энг машҳур санъат асари ўғирланиши жуда оддий тарзда содир бўлади, аммо унинг оқибатларини ҳеч ким олдиндан тахмин қила олмаганди.

Ушбу ҳикоя нафақат йиллар давомида ўғрини қидириш ва картинанинг ҳақиқийлигини текшириш, балки бу ўғирлик  Леонардо да Винчи чизган Мона Лиза суратини дунё санъати тарихидаги энг улуғ асарига айлантиргани ҳақида.

Тахмин қилиб кўра оласизми Мона Лиза асарини кўргани бир кунда сизнингча тахминан қанча одам келади? Тасаввурга сиғдира олмайсиз. Аммо..

Бугунги кунда деярли ҳар куни 30 мингга яқин киши Мона Лиза асарини кўргани келади. Аниқроқ айтганда кўришга эмас, балки уни суратга олиш ёки Мона Лиза билан селфи қилиш учун келади.

Лекин бу муҳим эмас. Муҳими у ер юзидаги энг машҳур картина. Мона Лиза суратининг нусхасини ҳамма жойда, ҳамма буюмда, жумладан футболкаларда, сумкаларда, телефон учун қопламаларда ва ҳатто ҳожатхона қоғозида ҳам учратиш мумкин.

Аммо катта эҳтимол билан ҳеч қайси ташриф буюрувчи Мона Лиза асари нега бу даражада катта эътиборга сазовор бўлганини ҳалигача билмайди. Нега айнан Мона Лиза шедевр?

Келинг, аввал яна бир номи «Жаконда» бўлган Мона Лиза санъат олами учун нимани англатишини тушунишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Леонардо да Винчигача кўплаб буюк рассомлар бўлган. Ван Эйк, Вироки, Обеллини кабилар шулар жумласидан. Улар қалам ва бўёқлар ёрдамида одам суратини аъло даражада тасвирлашни билишарди. Аммо уларнинг расмларида образлар ҳар доим совуқ ва жонсиз кўринишида бўларди. Да Винчи эса бу муаммони ҳал қилади, у сфумато техникасини кашф этади.

Леонардо инсон кўзининг қандай ишлашини яхши ўрганганди. Унинг расмларида чизиқлар бироз хиралашган, ранглар эса бир-бирига юмшоқ ўтган кўринишда бўларди. Бу айниқса Мона Лизанинг кўзлари ва оғзининг бурчакларида яққол кўринади. У ерда тасвир бироз хиралашиб, соя билан уйғунлашиб кетган. Айни шу нарса Жакондага ўзига хос жонли ва сирли кўриниш бериб туради.

Бу расмнинг ягона афзаллиги эмас, ҳали кўплаб деталларни, манзарани, ракурс, кийим ва ким тасвирланганини узоқ вақт баҳс қилиш мумкин, лекин булар алоҳида мавзу. Муҳими эса бошқа...

Ҳаётининг охирларига бориб Леонардо да Винчи Францияга кўчиб кетади. У Мона Лизани ҳам ўзи билан олиб кетди. Кейинчалик эса ушбу асарни Франция подшоҳи сотиб олади. Кейин инқилоб, Бастилия, Гилотина, Республика... Лувр музейга айланади, Мона Лиза эса у ерда шарафли жойни эгаллайди. Токи 1911 йилда уни ўғирлаб кетишмагунига қадар.

Энди эса ўғрилик жараёнига қайтсак. Оқ халатдаги эркак расмни қўлга олиб, бинодаги биринчи қаватга, чиқиш эшикларидан бирига тушиб боради. У ерда қаҳрамонни тўсқинлик кутиб турибди. Олдиндан тайёрланган калит ишламайди. Эшиклар эса берк.

Орқадан қадамлар эшитилади. Эркакнинг олдига қоровул яқинлашиб келаётганди. Буларнинг барчаси криминал филмларга хос ажойиб бир саҳнани эслатади. Қўлида машҳур санъат асарини яширинча кўтариб олган эркак музей қоровулига калит ишламаётганини айтади.

Ходим ҳеч қандай шубҳа қилмайди, чунки унинг олдида барча музей ходимларидек кийинган оқ формадаги одам мурожаат қилаётганди. Натижада қоровул қулфни очишга ёрдам беради ва эркак қўлидаги Жаконда билан Париж кўчалари ичра ғойиб бўлади.

Бу ҳолатдан бир соат ўтиб, музей назоратчиси месье Пике Луврни кезаётган чоғида Мона Лиза асаридан асар ҳам қолмаган девордаги бўш жойни кўриб қолади.

Сизнингча у дарров саросимага тушиб полицияга мурожаат қиладими? Йўқ. Расмларни музей фотографлари баъзан жойидан олиб туриб суратга туширишарди, унинг хаёлига биринчи бўлиб шу келади. Эртаси куни эса ташриф буюрувчилар бўш деворни кўриб музей ходимларини сўроққа тутишни бошлайди.

Қоровуллар фотографга юзланишади, у эса расмга тегмаганини айтади. Ҳалигача саросима йўқ.

Агар фотограф расмга тегмаган бўлса демак уни тозалаш учун ечишган. Аммо бу тахмин ҳам ҳақиқат бўлиб чиқмагач, қоровуллар хавотирга тушиб, раҳбариятга хабар беради. Шундан сўнг барчаси аён бўлади. Мона Лиза ўғирланган.

Шу жойига бироз тўхталиб ўтсак. Кўпчиликда савол туғилиши табиий. Қандай қилиб бир инсон музейда осилган оламшумул санъат асарини осонликча олиб чиқиб кетиши мумкин? Сигнализация, камера, сенсор датчиклари дегандай. Ёдда тутишимиз керакки, гап 1911 йил ҳақида кетяпти. У даврда юқоридагиларнинг ҳеч бири ҳали ихтиро қилинмаганди.

Расмни девордан ечиб олиш хамирдан қил суғургандай осон кечган. Музей раҳбарияти буни кейинчалик ёнғин хавфсизлиги билан изоҳлаган. Уларнинг айтишича, фавқулодда ҳолатларда асарларни тез ва осон эвакуация қилиш учун шундай ечим қабул қилинган.

Яна бир қизиқ савол: нима учун ўғри оддийгина усулни қўлламади? Яъни холстни кесиб олиб, уни рулон шаклида ўраб чиқиб кетса бўларди-ку? Бу анча осон ва шубҳа уйғотмайдиган йўл эмасми?

Гап шундаки, Мона Лиза холстга эмас, балки ёғоч тахтага туширилган асар бўлиб, бу Уйғониш даври рассомлари учун одатий амалиёт эди. Ўғри учун омадли томони шунда эдики, асар катта ҳам, оғир ҳам эмасди. Унинг узунлиги тахминан 80 сантиметр, оғирлиги эса 8 килограмм атрофида эди.

Шундай қилиб, Мона Лиза ўғирланди. Ўғрилик содир этилгандан бир неча кун ўтиб, Париж полицияси қидирув ишларини бошлайди. Ана ўша ондан эътиборан Жаконда бутун дунёда чинакамига шуҳрат қозонади.

20-аср бошларидаги Париж — дунёнинг асосий маданият ва тараққиёт маркази. Бу ерда фан, технология ва албатта, санъат кескин ривожланиб борарди. Дунёнинг энг машҳур шаҳридаги энг нодир санъат асарларидан бирининг йўқолиши мисли кўрилмаган шов-шувларга сабаб бўлади.

1911 йилга келиб Мона Лиза дунё шедеврлари қаторида шарафли ўринни эгаллаганди. Бироқ бу юксак санъат асари асосан тор доирадаги элитага мўлжалланган бўлиб, Жакондани томоша қилиш учун шахсан Луврга бориш керак эди. Албатта, унинг нусхалари чоп этиларди, аммо улар ҳам жуда кам ва фақатгина танланганларга етказиларди.

Оддий халқнинг катта қисми эса ҳатто Мона Лиза қандай кўринишдалигини ҳам билмаган. Аммо бир куннинг ўзида ҳаммаси ўзгарди.

Расм ўғирланган заҳоти Париж полицияси минглаб кўча варақаларини чоп этди. Ҳар бир варақада йўқолган асар — Мона Лизанинг сурати бўлган. Европанинг барча газеталари, қолаверса, жаҳон матбуотининг асосий нашрлари бу ҳақда хабар берди. Ҳар бир газетада Жаконданинг фотосурати.

Натижада да Винчининг асари ҳақида ҳеч қачон эшитмаган ва уни кўрмаган миллионлаб одамлар ҳам Мона Лизани таний бошлайди. Унинг сиймоси бутун дунёда машҳурликка эришади.

Илон Маск бундай шов-шувни ҳатто тушида ҳам кўрмаган бўлса керак. Париж ва бутун Франция бўйлаб кенг кўламли махсус операция бошланди.

Полиция автомобил, поезд ва портдан йўлга чиқаётган кемаларни тўлиқ текширувдан ўтказмоқда.

Кўчаларда эса қўлида нимадир олиб кетаётган ҳар бир пиёда шахс диққат билан назоратдан ўтказиляпти.

Гумондорлар орасида ёш рассом Пабло Пикассо ҳам бор. Унинг қўлида олдинроқ Луврдан ўғирланган кичик ҳайкалчалар топилади.

Тергов давомида маълум бўлдики, Пикассо бу асарларни ўз дўсти — шоир Гийом Аполлинердан сотиб олган. Аполлинер эса анча аввал уларни музейдан ўзи олиб чиққанди.

Полиция Пикассо ва Аполлинернинг Жаконда йўқолишига дахли йўқлигини аниқлаб, икки дўстни озод қилади.

Яна бир машҳур гумондор — америкалик банкир Жей Пи Морган эди. Конспирологик версиялар оммалашиб, айнан у ушбу жиноятни буюртма қилган ва яқинда Францияга келиб, расмни океан орти тарафларга олиб кетмоқчи бўлгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлади.

Албатта, Морган барча айбловларни рад этади ва ҳаттоки, Мона Лизани музейга қайтарган ҳар қандай инсонга бир миллион доллар мукофот беришини эълон қилади.

Орадан ҳафталар ўтади, қидирув ишлари самара бермайди. Шунга қарамай, Жаконда деярли ҳар бир ахборот манбасида тилга олинарди. Лувр яна сайёҳлар учун ўз эшикларини очади, аммо бу гал одамлар шунчаки расмни эмас, балки унинг бўш қолган жойини кўриш учун келишарди. Қизиғи шундаки, ташриф буюрувчиларнинг сони ўғирликдан аввалги даврдагидан анчагина кўп эди.

Бир йил ўтиб, Лувр раҳбарияти Мона Лизани топиш умидини батамом йўқотади. Унинг ўрнига бошқа бир асар осилади. Аммо яна бир йил давомида Жаконда ҳақида турли миш-мишлар тарқалади: уни гўёки Аргентинада, Америкада ёки Англияда кўришган. Аслида эса у бу вақт давомида Париждаги кичик бир хонадан чиқмаган эди.

Расм ўғирланганидан икки йил ўтиб, флоренциялик арт-дилер Алфредо Жеррига сирли бир мактуб келиб тушади. Мактубда муаллиф ўзини Леонард деб таништириб, Мона Лиза асари унинг қўлида эканини айтади.

Шунингдек, у ўзини италиялик ҳақиқий ватанпарвар сифатида таърифлаб, шедеврни Италияга қайтариш ниятида эканини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, Жаконда Наполеон даврида Италиядан олиб кетилган.

Аслида эса портрет Францияга Наполеон туғилишидан анча аввал, бир неча юз йил олдин Леонардо да Винчи билан бирга келган эди. Бироқ бу факт ўғрини хижолат қилдира олмайди.

Алфредо Жерри ва номаълум шахс учрашувни Флоренцияда ўтказишга қарор қилишади. Леонард Париждан келиб, меҳмонхонага жойлашади. Учрашув ҳам айнан ўша ерда бўлиб ўтади. Леонард билан бирга хонада яна икки киши бор эди: арт-дилер Жерри ва Уфицци галереяси директори Поджи.

Сирли шахс сандиқнинг тагига яширинча ўрнатилган махфий жойдан Леонардо да Винчи асарини олиб кўрсатади. Жерри ва Поджи бу Луврдаги машҳур асарнинг оригинали эканини дарҳол англашади. Картина орқасида музейнинг махсус муҳрлари аниқ кўриниб турарди.

Учрашув иштирокчилари Леонард талаб қилган пул миқдорини тўлашга рози бўлади, аммо аввал асарни Уфицци галереясида қўшимча экспертизадан ўтказиш шарти билан. Бу орада Леонард ўзини италиялик патриот сифатида кўрсатганига қарамай, ўз ҳаракати учун каттагина мукофот талаб қилади — тахминан 100 минг доллар. Ўша давр учун бу жуда катта сумма эди.

Учрашувдан сўнг Жерри ва Поджи топилган расм ҳақидаги маълумотни дарров ҳокимиятларга етказади. Ўғри тутилиб, ҳибсга олинади.

Аниқланишича у 32 ёшли Винченцо Перруджио эди. Ёш италиялик йигит рассом бўлишни орзу қилган. Парижга кўчиб келгач эса мардикорлик ишларидан бошқасига ўтмаган.

Перруджио ўғирликни содир этишидан бир йил аввал Луврда Мона Лиза учун ҳимоявий шиша қутисини ўрнатганлардан бири эди. Суддаги эшитишлар давомида Перруджио фақат ўз хоҳиши билан ҳаракат қилгани, унинг ҳаракатлари остида катта патриотик ҳис-туйғулар ётганини даъво қилади.

Қизиғи Луврда бошқа кўплаб италян рассомларининг асарлари сақланган бўлса-да, Мона Лиза ўзининг ихчам ўлчамлари сабабли ўғрилик қурбонига айланганди.

Суд жараёнида Винчензонинг ватанпарварлик ҳақидаги баҳоналари ўтмади. Унга етти ойлик қамоқ жазоси тайинланади

Бироқ суд якунланган вақтга келиб, у ҳибсда тайинланган муддатдан ҳам кўпроқ вақт ўтказгани сабабли озод қилинди. Қизиғи шундаки, кўп ўтмай у яна Францияга кўчиб ўтиб, ҳаётининг қолган қисмини ўша ерда яшайди.

Икки йилдан ортиқ муддат давомида йўқ бўлганидан сўнг Мона Лиза яна Луврдаги ўз жойига қайтади. Аммо энди у бутун жаҳон миқёсидаги машҳур асар сифатида танилиб улгурганди. Жаконда қайтганидан сўнг бор-йўғи бир неча кун ичида Луврни қарийб 100 минг киши зиёрат қилади.

Албатта, турли миш-мишлар тарқалади: гўёки бу шунчаки нусха, асл асар эса ҳамон топилмаган. Бироқ Жаконданинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи исбот ва далиллар бунга шубҳа қолдирмайди.

Вақт ўтиши билан бундай қадимги портретлар устидаги бўёқларда майда ёриқлар пайдо бўлади. Бу ёриқлар худди бармоқ изларимиздек такрорланмас ва ўзига хос бўлади.

Бу дегани Леонардо да Винчининг асарини худди ўзи чизгандек бир хил қилиб чизган тақдирингизда ҳам, унинг устидаги ёриқларни такрорлашнинг иложи йўқ. Экспертлар топилган асарни аввал олинган суратлар билан таққослаш орқали унинг ҳақиқий эканини осонликча аниқлайди.

Ўғирликдан кўп йил ўтгач, бир америкалик журналист фамилияси Валферино бўлган бир киши билан учрашгани ҳақида гапириб беради. Унинг сўзларига кўра, айнан ўша шахс Валферино Мона Лизани ўғирлаш буюртмачиси бўлган. Унинг айтишича, Винчензо Перруджио фақат ижрочилардан бири бўлган, ўғирликнинг ўзи эса катта масштабдаги айёрона режанинг кичик бир қисми эди холос.

Валферино узоқ вақт давомида санъат асарларини сохталаштириш ва сотиш билан шуғулланган. Кунлардан бир куни унинг хаёлига жуда айёр ва ғаройиб режа келади. У Америкада Луврнинг ўғирланган бойликларини сотиб олишга қодир кўплаб бой мижозлар борлигини яхши биларди. 1911 йилда, яъни Жаконда ўғирланишидан бироз аввал Валферино асарнинг бир нечта нусхасини яратиб, уларни АҚШга юборади.

Божхона ходимларида ҳеч қандай шубҳа пайдо бўлмайди, чунки Леонардо да Винчи асарининг оригинали ҳали ҳам Луврда осиғлиқ ҳолда турарди. Шу боис буларнинг нусха экани божхоначиларга аён эди. Кўп ўтмай, бир неча киши оригинал Жакондани ўғирлаб кетди. Улардан бири Перруджио бўлиб, у қисқа муддат музейда ишлаган ва у ернинг ички тизимини яхши биларди.

Асарнинг йўқолиши ҳақидаги янгилик дунёга ёйилгач, Валферино учун америкалик харидорларни “ўғирланган оригинал асарни сотяпман” деб ишонтириш қийин бўлмади.

Харидорлар эса бу сирни фош қилмасдан, сохта асарларни ўз уйларида тинчгина сақлаб ўтиришади. Чунки ўғирланган, гўёки оригинал шедеврни сотиб олганини мақтаниш аҳмоқнинг иши бўларди.

Шу йўл билан Валферино ўнлаб нусхаларни сотиб, катта бойлик орттиради

Аммо кейинчалик бу айёрона режани Винчензо Перруджио барбод қилди. У ўзининг улушидан нафси қониқмагач, ҳақиқий асарни ўзи сотиб юборишга қарор қилганди. Кейин нима бўлгани эса барчамизга маълум.

Бу ҳикоя жуда қизиқарли ва ишонарли туюлади. Бироқ унинг бир камчилиги бор — қўшимча далиллар мавжуд эмас. Сирли Валферино эса ушбу ҳикоянинг ягона манбаси сифатида қолган.

Нима бўлган тақдирда ҳам, Мона Лиза бугун Луврда — қатъий қўриқланадиган ва ўқ ўтказмайдиган қалин шиша ортида сақланмоқда. Ташриф буюрувчилар эса ҳали ҳам ушбу санъат асаридан баҳра олишмоқда.

Албатта, Жаконда фақатгина ўғирлик туфайли дунёнинг энг машҳур асарига айланган десак бироз муболаға бўлади.

Бу машҳурликка 20-аср авангард рассомларининг ҳам ҳиссаси катта бўлган. Улар ўз ижодида Мона Лизанинг таниш қиёфасини фаол қўллаган. Шунингдек, машҳур «Мона Лиза» қўшиғига каверлар ижро этган Нэт Кинг Коулдан Элвисгача бўлган ўнлаб мусиқачилар ҳам бу образни янада машҳурлаштирган.

Яъни умуман олганда Мона Лиза асарининг машҳурлигини фақатгина объектив омиллар орқали тушунтиришнинг иложи йўқ

Натижада барибирам санъатнинг ўзига хос кучи, формула орқали тушунтиришнинг иложи бўлмаган эмоционал қуввати юзага чиқиб туради. Эҳтимол Мона Лиза асарининг энг катта сири ҳам шудир.

Муаллиф ва бошловчи Исфандиёр Ҳусанов

Мавзуга оид