Жаҳон | 17:30
6220
10 дақиқада ўқилади

Қамоққа олинган солиқ раиси, Дубайда мулкдор президент невараси, террорчи номидан қутулаётган «Толибон» – минтақа ҳафта ичида

Якунига етаётган ҳафтада Қирғизистон президенти бош вазирни ишдан четлатди, Россияда дума «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарувчи қонунни маъқуллади. Тожикистон президентининг 9 ёшли невараси Дубайда квартирага эгалик қилаётгани маълум бўлди. Остона ва Душанбе 20 йиллик энергетика шартномасини имзоламоқчи, ҳужжат тайёр.

Kun.uz Марказий Осиё ва Афғонистон ҳақида хабарлар жамланган ҳафталик дастурни тақдим этади.

Оқилбек Жапаров солиқ раиси иши ортидан лавозимидан кетди

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ва президент администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров ҳафта бошида лавозимидан озод этилди. Бу ҳақидаги тегишли фармонни президент имзолаган. Даставвал, Одилбек Қосималиев Оқилбек Жапаровнинг вазифаларини вақтинча бажарадиган бўлди. 18 декабр куни эса у Жапаровнинг ўрнини эгалловчи фармонни президент имзолади. Ишдан олинган амалдор 2021 йил 13 октябрдан бери Вазирлар Маҳкамаси ва президент маъмуриятига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Оқилбек Жапаров аввал ўз аризасига биноан ишдан олингани айтилди. Лекин бу Қирғизистон солиқ қўмитаси раиси ва унинг ўринбосари ҳибсга олингани фонида рўй берди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари – Қамчибек Ташиев бу ҳақида фикр билдириб, Оқилбек Жапаров шунчаки ишдан олинмаганини урғулади. Матбуот анжуманида қатнашган Ташиев собиқ бош вазирни тажрибали инсон дея таъриф бераркан, президент қарорларини муҳокама қилмаслигини ҳам таъкидлади. Журналистлар эса ундан ишдан олинган амалдорнинг давлат солиқ хизматидаги коррупцияга алоқаси бор-йўқлигини сўради. Шунда Ташиев бирор нимага алоқаси бўлганини, шунчаки кетмаслигини қўшимча қилди.

Шу йилнинг 6 декабр куни хавфсизлик қўмитаси ходимлари давлат солиқ қўмитаси раиси Олтинбек Абдувапов ҳамда унинг ўринбосари Исломбек Қидирғичевни ҳибсга олганди. Улар коррупция схемаларига алоқадорликда ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумонланмоқда. Садир Жапаровга кўра, айнан солиқчилар иши бўйича манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида президент бош вазирни ишдан олган. Лекин Оқилбек Жапаровни администрация ва Вазирлар Маҳкамаси аъзолари қарсаклар билан кузатиб қўйган.

Милиция ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун қабул қилинмади

Қирғизистонда милиция ходимларини суратга олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинмади. Депутатлар бундай репрессив қонунга ҳожат йўқ, деган хулосага келди ва уни рад этди. Парламент йиғилишида кўрилган лойиҳада давлат органлари мансабдор шахслари, шунингдек, бошқа шахсларнинг ўз касбий вазифаларини бажариш чоғида суратга олиш ва видеога олиш тақиқланишини назарда тутарди. Бундан ташқари, обрўсизлантирувчи фотосурат ва видеоларни интернетга жойлаганлик учун 5 минг қирғиз сўми миқдорида жарима ёки 7 суткагача қамоқ жазоси таклиф қилинганди. Фуқаролар ўзини ҳимоя қилиш учун ҳам видеога олиш ҳуқуқига эга. Халққа жарима ва қамоқ билан таҳдид қилиш керак эмас, деди депутат Бахтиёр Калпаев муҳокамада. Нега ҳуқуқий маълумотга эга ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари амалдаги қонунлар доирасида ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмайди ва ўзини бундай репрессив қонун билан ҳимоя қилишни сўрайди, деган саволни ўртага ташлади депутат.

Тожикистон ва Қозоғистон 20 йиллик шартнома имзоламоқчи

Қозоғистон ва Тожикистон 20 йиллик энергетика шартномасини имзоламоқчи. Икки давлат раҳбарияти Роғун ГЭСдан электр энергияси харидига оид 20 йиллик келишувни тайёрламоқда. Қозоғистон ҳукумати ушбу ҳужжат лойиҳасини маъқуллаган. Шартнома энергетика хавфсизлигини таъминлаш, экологик тоза технологияларга ўтиш ва углерод чиқиндиларини камайтиришга қаратилган. Электр энергияси Қозоғистоннинг «Шимол-Жануб» энергетика тизимидаги танқислик соатларида етказиб берилади. Шартнома 2025 йилда имзоланиши режалаштирилган бўлиб, 20 йил амал қилади ва яна 10 йилга узайтирилиши ҳам мумкин. Бир киловатт соат электр энергия нархи 0,034 цент этиб белгиланган. Ҳар ойлик тўловлар 35 кун ичида амалга оширилади. Шартнома Сингапур қонунчилиги асосида бошқарилади.

Тожикистон аҳолиси кўп ахлат улоқтирмоқда

Тожикистоннинг ҳар бир фуқароси ҳар куни кўчага 100 граммдан пластмасса чиқиндиларини улоқтириши маълум бўлди. Агарда бу улоқтирилган чиқиндилар ахлат вагонларига ортилса, нақд 67 километрлик поезд бўлади, деб ёзади маҳаллий нашр Asia-Plus Tajikiston.

Маълум бўлишича, бу давлатда ҳар йили 9 миллион тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади, шундан 321 минг 890 тоннаси пластик чиқиндилар. Тожикистоннинг йирик шаҳарларида яшовчи ҳар бир киши эса ҳар куни кўчага 1 кгдан ортиқ қаттиқ маиший чиқинди, шу жумладан 100 граммдан ортиқ пластмассани улоқтиради. Ҳукумат ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ходими Наим Неъматзода шу йилнинг 29 ноябр куни пластик чиқиндилар муаммоларига бағишланган анжуманда қатнашиб, Тожикистонда қаттиқ маиший чиқиндилар қандай ҳосил бўлиши ҳақида батафсил маълумот берган. Унинг сўзларига кўра, чиқинди ҳосил бўлиш кўрсаткичларидаги тафовутлар туфайли шаҳар ва вилоятлар уч гуруҳга бўлинган. Шунда асосий чиқиндилар 10 та йирик шаҳар ва туманлардан чиқади. Уларнинг ичида Душанбе, Истаравшан, Панжикент, Хўжанд, Ҳисор, Турсунзода, Рудакий шаҳарлари бор.

Раҳмоннинг мулкдор невараси

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг невараси 9 ёшида Дубайдан ҳашаматли квартира сотиб олди. Бу ҳақида Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида ҳисобот лойиҳаси ташкилоти маълум қилди. Тузилма Дубайдаги юз минглаб мулк эгалари ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқаркан, Раҳмоннинг невараси кўчмас мулк олгани ҳақида очиқ маълумотни топиб олган. 210 квадрат метрлик квартира машҳур Palm Jumeirah ҳудудида жойлашган. Мулк қиймати аниқ эмас, лекин журналистлар ҳисоб-китобига кўра, квартира камида 1,3 миллион доллардан ошади. Қизиғи шуки, бу уй ҳозир ижарага берилган, йилига 55 минг доллар фойда олиб келмоқда. Президентнинг қизи Парвина Раҳмоннинг турмуш ўртоғи Москвадаги элчихонада ишлайди. Бундан ташқари, Раҳмоннинг қизига тегишли йирик фармацевтика компанияси ҳам топилган. Парвина Раҳмоннинг қайнотаси – Ашрафжон Гуловнинг отаси эса 2006-2013 йилларда Тожикистон энергетика ва саноат вазири бўлган. БАА қонунчилигига мувофиқ 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар васийнинг рухсати билан мулкка эга бўлиши мумкин. Квратирани сотиб олаётганда Эрражонга ким васий бўлгани эса ҳужжатда кўрсатилмаган. Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида ҳисобот лойиҳаси ташкилотининг маълум қилишича, мулкни топшириш ҳақидаги ҳужжатларда Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ходими – Суҳроб Мирзоалиевнинг электрон почтаси кўрсатилган.

Туркманистон президенти Малайзияга борди

Ўтган ҳафта давлатнинг нейтралитет кунини юқори кайфиятда нишонлаган Туркманистон президенти 18 декабр куни сафар билан Малайзияга борди. Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари билан конструктив муносабатларни ривожлантириш масаласи Туркманистоннинг бетарафлик, тинчликсеварлик тамойилларига мос келади, деб ёзади давлат нашри. Маълум бўлишича, Туркманистон Малайзия билан савдо-иқтисодий ва маданий яқинлигини кучайтирмоқчи. Бугунгача икки марта Туркманистон президенти Малайзияга борганди, яъни Гурбангули Бердимуҳаммедов президентлигида 2011 ва 2016 йилларда Малайзияга сафар қилган. Ҳозирги президент эса лавозимини эгаллаганидан бери биринчи марта бу давлатга борди.

Чегарада текширув кучайгани айтилмоқда

Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасида йўловчи багажларини текшириш бирдан кучайтирилган. Turkmennews нашрининг ёзишича, ўзбек чегарачилари туркманларнинг юкларини обдон текширмоқда, сотиш учун олиб ўтилаётган буюмлар учун эса божлар ундириш ҳам бошланган. Ўзбекистон Туркманистонга янги элчи юборди, 13 декабр куни Равшанбек Алимов ишонч ёрлиқларини президентга топширди. Ўшанда элчи ва президент яхши қўшничилик ҳақида гаплашди, лекин оддий туркманларга муносабатнинг бу кўриниши тушунарсиз, деб ёзади Turkmennews.

Бухоро вилоятининг Олот тумани Туркманистон билан чегарадош. Туркманлар Олотдаги бозорга серқатнов. Асосан Лебап вилояти аҳолиси ўзидаги товарларни Олотга олиб бориб сотиб, тирикчилик қилади. Одамлар Ўзбекистонга тозалаш воситалари, косметика, туркман матолари ва айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам олиб келишади. Қайтаётганда эса Туркманистонда қиммат-у, Бухорода арзон товарларни олиб қайтишади. Масалан, сигаретлар савдоси фаол. Чегара 1-1,5 доллар турган сигаретлар Туркманистонда 3 доллар. Лекин тушган фойда йўлкира ва виза харажатларидан зўрға ортади, дея қўшимча қилади Turkmennews. Авваллари Ўзбекистонга товар олиб киришда чекловлар бор эди, лекин маълум килограммдан ошиб кетса, индашмасди. Энди эса Олотни маҳсулотларингиздан тўлдирдингиз, бошқа олиб келманг дейишяпти, деган туркманлар нашр билан суҳбатда.

Давлат думаси «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарувчи ҳужжатни қабул қилди

Давлат Думаси иккинчи ва учинчи якуний ўқишда «Толибон»ни Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш қонунини қабул қилди. 

Тасдиқланган ҳужжатга мувофиқ, террористик ташкилотларнинг федерал рўйхатига ўзгартиришлар суднинг тегишли қарори кучга киргандан сўнг амалга ошади.

Қонун билан, шунингдек, Россия Федерациясининг Маъмурий процессуал кодексига ўзгартириш киритилади. Ушбу лойиҳани беш депутат ва етти сенатор ишлаб чиққан. Давлат Думасининг хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Эрнест Валеевнинг тушунтиришича, «Толибон» террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарилгандан сўнг агар россияликлар хоҳласа, ҳаракатга қўшилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси маъқулланганини қатор афғон нашрлари ҳам хабар берди. Ислом Амирлиги Россиянинг алоқаларни нормаллаштириш томон бу ҳаракатини олқишлайди, дея хабар берди Tolo news. «Толибон» матбуот котиби ўринбосари Ҳамдуллоҳ Фитрат бу олқишни етказган. У шунингдек, бошқа давлатларни ҳам Россия каби «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқаришга чақирган. Сиёсий таҳлилчилар фикрича, Россия минтақада муҳим сиёсий ва ҳарбий мавқега эга. Россиянинг «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариши ортидан Москва таъсири юқори давлатлар ҳам шундай қилади, хусусан, Марказий Осиё давлатлари.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

Мавзуга оид