Фан-техника | 12:10
1341
5 дақиқада ўқилади

“Қотил” чатбот, касалликни олдиндан аниқлайдиган ақлли узук ва супер компютер – технодайжест

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли техно хабарларни жамлади.

Онлайн машиналар савдоси

Amazon энди автомобил савдосига ҳам кириб келди.

Компания Hyundai билан ҳамкорликда АҚШнинг 48 шаҳрида машиналарни интернет орқали сотишни бошлади. Эндиликда харидорлар платформа орқали автомобил танлаш, эски машинасини янгисига алмаштириш ва ҳатто етказиб беришни ташкил қилиш имкониятига эга.

Сотувда ҳозирча фақат Hyundai автомобиллари мавжуд, аммо келажакда бошқа брендлар ҳам қўшилиши кутилмоқда. Amazon ушбу жараёнда воситачи сифатида ишлайди, яьни харидор автомобилни тўғридан тўғри дилердан сотиб олади.

Аmazon Auto лойиҳаси орқали харидорларга савдо жараёни қулайлаштирилади, дилерлар эса янги мижозлар оқимига эга бўлади. Бундан ташқари, компания 2025 йил 10 январгача машина сотиб олганларга 2300 долларлик совға картасини ҳам таклиф қиляпти. Бу лойиҳа машина харид қилишни янада қулайлаштиришга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Amazon’нинг умумий фойдаланувчилари сони 310 миллиондан ортади, бу эса платформага етарли даражада харидор топиш имкониятини тақдим этади.

Google’дан янги сунъий идрок функция

Google ўзининг янги "Deep Research" яьни "Кенг қамровли изланиш" номли сунъий идрок функциясини тақдим этди. Ушбу хизмат Gemini primium обуначиларига ўз тадқиқотларини енгиллаштириш учун яратилган.Фойдаланувчилар Gemini чатботи орқали исталган мавзуда батафсил ҳисобот сўраши мумкин.

Бунда сунъий идрок дастлаб босқичма-босқич тадқиқот режасини тузади, кейин интернетда маълумот излаб, топган асосий фактларни манбалари билан бирга жамлайди. Тайёр ҳисоботни таҳрирлаш ёки Google Docs’га экспорт қилиш мумкин.

Ушбу янги функция Google’нинг Gemini дастури янгиланишининг бир қисми бўлиб, бу компаниянинг мустақил вазифаларни бажара оладиган сунъий интеллектга ўтиш стратегияси бир қисми ҳисобланади. "Deep Research" тадқиқотни автоматлаштириб, фойдаланувчилар учун вақтни тежайди.

Ҳозирча бу функция Gemini Primium обуначилари учун фақат инглиз тилидагина мавжуд.

“Қотил” чатбот

Техасда бир оила 17 ёшли фарзандига гаджетлардан фойдаланиш вақтини чеклагани учун character.ai чатботи болага ота-онасини ўлдиришни қўштирноқ ичидаги "мантиқий ечим" дея тавсия берган.

Шу сабабли улар компанияни ёшларни зўравонликка ундашда айблаб, платформани ёпишни талаб қилмоқда. Уларнинг даъво аризасида Google ҳам айбланувчи сифатида келтирилган. Чунки Google ушбу платформанинг ривожланишида ҳисса қўшган.

Маълумот учун, character.ai - фойдаланувчиларга виртуал шахсиятлар яратиш имконини берувчи платформа бўлиб, илгари Флорида штатида бир ўсмирнинг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ суд ишида ҳам айбланган. Ота-оналар бу платформанинг хавф-хатарлари ҳал этилмагунча уни ёпишга чақирмоқда.

Суперкомпютер

Японияда биринчи "Zeta-Class" суперкомпютери яратилади

2025 йилда Япония ҳозирда мавжуд энг тезкор компютерлардан ҳам минг марта кучлироқ бўлган янги авлод "Zeta-Class" суперкомпютерини ишлаб чиқишни бошлайди. Бу суперкомпютер коинотни тадқиқ қилиш, янги материалларни кашф этиш, иқлим ўзгаришларини прогноз қилиш каби мураккаб ҳисоб-китоблар учун қўлланади.

Шуни эслаб ўтиш ўринлики, коронавирус пандемияси даврида, Фугаку суперкомпютери аэрозолларнинг тарқалишини аниқлаш ва ниқобларнинг самарадорлигини ўрганишда катта ёрдам берган.

Суперкомпютерлар инсониятга коинотни яхшироқ ўрганиш, долзарб муаммоларни ҳал қилиш ва келажакни шакллантиришда янги имкониятлар яратиши айтилмоқда.

Касаллик ҳақида огоҳлантирадиган узук

Пандемия авжига чиққан пайтда кўплаб компаниялар касалликнинг дастлабки белгиларини аниқлашга ёрдам берадиган гаджет ихтиро қилишни жуда ҳам хоҳлашганди. Орадан 4 йил ўтибгина бу ғоя амалга оширилди.

Финландиянинг Oura Health компанияси томонидан яратилган Оура Ринг “ақлли” узуги сизга шундай имкониятни тақдим қилади.

Инновацион қурилманинг янгиланган функцияси тўғридан тўғри инсонларга диагноз қўймаса-да, касалликларнинг дастлабки белгиларини аниқлашда ёрдам беради. Тадқиқотларга кўра, инсон танаси касаллик бошланишидан бир ёки икки кун аввал ўз фаолиятини ўзгартиради. Ақлли узук касалликнинг турини аниқлай олмаса-да, унинг мавжудлиги ҳақида фойдаланувчини олдиндан огоҳлантириши мумкин.

Ақлли узукнинг ички юзасида тана ҳарорати, юрак уриши, нафас олиш тезлиги, фаоллик даражаси, уйқу сифати ва фойдаланувчи танасининг бошқа параметрларини кузатувчи бир нечта датчиклар мавжуд. Шу асосида у маълумотларни тўплайди ва танада касаллик аломатлари бор ёки йўқлиги ҳақида хабардор қилади.

Ақлли узук ўн икки хил ўлчам ва олтита рангда сотувга чиқарилган. Унинг бошланғич нархи 349 долларни ташкил этади.

Мавзуга оид