Усик Фюрини яна енгди
Жангда иштирок этганлик учун икки боксчига рекорд миқдорда – 190 млн доллар гонорар ваъда қилинганди.
Бокс бўйича оғир вазн тоифаси чемпиони, украиналик Олександр Усик британиялик Тайсон Фюрини Саудия Арабистонида ўтказилган реванш жангда ҳам мағлуб этиб, енгилмас боксчи сифатидаги мақомини сақлаб қолди.
12 раунд якунларига кўра ҳакамлар ғалабани бир овоздан Усикка беришди: 116–112.
Бу жанг украиналик боксчи учун профи рингдаги 23-ғалаба билан якунланди. У учта чемпионлик камарини ўзида сақлаб қолди ва енгилмас боксчи сифатида давом этадиган бўлди.
Бу 37 ёшли Усик (23–0, 14 KO) ва 36 ёшли британиялик, Gypsy King лақабли( Циганлар қироли) Фюри (34–2–1, 24 KO) ўртасидаги иккинчи тўқнашув эди.
Биринчи жанг 2024 йил майида, Саудия Арабистонида ташкил этилганди. Украиналик боксчи ҳакамларнинг айрича қарорлари билан ғолиб деб топилган, Фюри эса мағлубиятини тан олмаганди. Усик билан учрашувга қадар у фаолиятида бирор марта ютқазмаганди, 34 ғалаба ва бир дуранг қайд этганди.
Усик 1999 йилдан буён оғир вазнда тўртта асосий бокс ташкилотлари — IBF, WBO, WBA ва WBC чемпионлик камарларини ўзида жамлаган илк мутлақ чемпионга айланди.
Фюри билан иккинчи жангда чиқиш учун Усик IBF версияси бўйича чемпионлик камаридан воз кечганди, чунки у олдинги рақиб билан ҳимоя жангини ўтказишни кўзда тутмасди.
Шу тариқа, уларнинг иккинчи учрашувида учта бокс ташкилоти: WBC, WBA ва WBO бўйича чемпионлик камарлари ўртага қўйилганди. Уларнинг эгаси «бирлашган» жаҳон чемпиони титулини қўлга киритарди.
Мутлақ жаҳон чемпиони бўлишдан олдин Усик 2012 йилда Лондонда олимпия олтинини қўлга киритганди. Фюри билан учрашувга қадар у 22 жанг ўтказган ва барчасида ғалаба қозонган.
Усик ва Фюри ўртасидаги иккинчи жанг профессионал бокс тарихида илк бор сунъий интеллект томонидан ҳам кузатиб борилди, аммо якуний қарор унинг иштирокисиз кечди. Шу билан бирга, СИ ҳам украиналик боксчи ғалабасини эътироф этган (118-112).
Усик ва Фюри рингдаги илк жанги учун 100 млн долларга эга бўлган, шундан роппа-роса 70 млн доллари британияликка берилганди. Бу сафар Усикнинг чемпион ва иккинчи жанг ғолиби сифатидаги гонорари кўпроқ бўлиши керак.
Шартномада бундай эҳтимол кўзга тутилганига қарамай, Усикнинг иккинчи ғалабаси Фюри билан учинчи жанги эҳтимолини кескин камайтирди.
Баҳсдан сўнг британиялик бошқа бир боксчи Дэниэл Дюбуа Усикдан жанг сўради. Аввалги жангда рақибини қийинчилик билан мағлуб этган украиналик чемпион таклифни қабул қилди.
Украиналик сиёсатчилар ва ҳарбийлар Усикнинг ғалабасини нишонлаб, буни бутун мамлакат ғалабасига тенглаштирмоқда.
Украина президенти Володимир Зеленский ватандошининг ғалабасини рамзий деб атади. У расмий телеграм-каналида шундай ёзган: «Ғалаба! Ҳозирда барчамиз учун муҳим ва зарур бўлган ғалаба. Чемпионлик титулини ҳимоя қилиб, Олександр шуни исботлади: биз, украинлар, ўзимизникини бериб қўймаймиз. Ва қандай оғир бўлмасин — ғалаба қозонамиз. Ринг, жанг майдони ёки дипломатик арена бўлсин — курашамиз ва ўзимизникини бермаймиз».
Украиналик боксчи ғалабаси ҳақида Зеленскийнинг девони раҳбари Андрей Ермак, губернаторлар ва омбудсмен Дмитро Лубинец ҳам постлар қолдирган.
«Муносиб ва ёрқин ғалаба! Бугунги бу ғалаба — нафақат сенинг шахсий ғалабанг, балки Украинанинг ҳам ғалабаси!» — дея табриклаган Усикни Киев шаҳри мэри, ўтмишда WBO версияси бўйича чемпион Виталий Кличко.
Мавзуга оид
21:57 / 18.12.2024
Фюри ва Усик бокс жангида илк марта сунъий интеллектга асосланган ҳакам бўлади
04:18 / 15.12.2024
Муроджон Аҳмадалиев нокаут билан ғалаба қозониб, камар соҳибига айланди
15:42 / 13.12.2024
Ўзбекистонлик боксчи қозоғистонлик рақибини тишлаб олди ва олтин медали олиб қўйилди
17:48 / 11.12.2024