Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Фаластиннинг Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлинмаси маълумотига кўра, сўнгги 10 кунда Исроил ҳужумлари натижасида секторда 422 фаластинлик ҳалок бўлди, 1738 киши жароҳатланди.
Ғазо секторидаги геноцид 442 кундан бери давом этмоқда.
Хон-Юнусда инсонлар ҳуманитар ёрдам тарқатилиш жараёнида иссиқ овқат учун соатлаб навбатда турмоқда. Болалар ва катталар товоқ, челак ва қўлига илинган бошқа идишлар билан ўзига тегишли улушни олишга ҳаракат қилишган. Текин овқат учун навбат катталиги туфайли одамларнинг қисилиб қолиши юзага келган.
Биргина сўнгги сутка ичида Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг Ғазонинг турли ҳудудларига ҳужумлари 21 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 61 киши турли даражада жароҳатланди.
2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода давом этаётган ҳужумлар натижасида жами 45 минг 227 киши ҳалок бўлган, 107 минг 573 киши жароҳатланган. Фаластин манбалари буни Исроил томонидан амалга оширилаётган геноцид деб баҳоламоқда.
Ғазода оташкесим келишуви яқин
ҲАМАС ҳаракати вакиллари Қоҳирада ФАТҲ ва Фаластин озодлик фронти етакчилари билан учрашув ўтказиб, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда уруш жараёни, ўт очишни тўхтатиш ва учинчи томон воситачилигида асирларни алмашиш муҳокама қилинди.
ҲАМАС маълумотига кўра, йиғилишда Ғазо сектори бошқаруви учун жамоатчилик қўмитасини тузиш лойиҳаси ҳамда уни ташкил этишга қаратилган аниқ қадамлар кўриб чиқилган.
ҲАМАС, ФАТҲ ва ФОФ етакчилари Исроилнинг фаластинликларга ҳужумлари ва ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар юзасидан ҳамкорлик ва мувофиқлашув юзасидан келишиб олган.
ҲАМАСнинг билдиришича, агар Исроил янги шартларни қўйишдан воз кечса, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишувга эришиш имконияти жуда яқин.
Сурия Туркия билан ҳамкорлик қилмоқчи
Суриянинг янги ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шараъ Туркиянинг ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан учрашувида мамлакат келажаги ва ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Аш-Шараъ Туркияни Сурия инқилобини дастаклаган дўстона мамлакат сифатида эътироф этди ва бу ёрдамни унутмасликларини таъкидлади.
Аҳмад аш-Шараъ Туркиядан инфратузилма, банк сектори ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ёрдам кутаётганини маълум қилди. Яқин кунларда янги ҳукуматни шакллантириш ва барча қуролли гуруҳларнинг қурол-яроғини Сурия мудофаа вазирлигига топшириш ишлари амалга оширилишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Асад режими сабаб жорий этилган санкциялар тугатилиши керак, чунки энди Асад йўқ ва Сурия халқини жазолаш адолатсизлик бўлади. Шунингдек, кам сонли миллатларга нисбатан алоҳида эътибор қаратишларини таъкидлаб, Асад даврида улар катта тазйиққа учраганини эслади. Аш-Шараъ инқилоб Асадга қарши йўналтирилганини, лекин кам сонли миллатларга қарши эмаслигини таъкидлади.
Эрон пули ўзгаради
Эрон ўз миллий валютаси риёлни деноминация қилишни режалаштирмоқда ва банкнотлардан тўртта нолни олиб ташлайди. Шунингдек, энди расмий валюта «Эрон риёли» ўрнига «Эрон тумани» деб атала бошлайди.
Лойиҳа 2019 йилнинг ёзида Эрон ҳукумати томонидан таклиф қилинган ва маъқулланган, бироқ бугунги кунга келиб мамлакат президенти Масъуд Пизишкиён уни парламентга тезкор тартибда амалга оширишга буйруқ берди.
Ислоҳотнинг мақсади — сурункали инфляция ва валютанинг паст харид қобилиятидан келиб чиқадиган муаммоларни ҳал қилиш.
Қонун лойиҳаси матнида айтилишича, Эроннинг миллий валютаси «туман» бўлиб, у ҳозирда амалда бўлган 10 минг риёлга тенг бўлади. Янги тизимга ўтишни енгиллаштириш мақсадида икки йил давомида «ўтиш даври» амал қилади, бу даврда ҳисоб-китобларда ҳам туман, ҳам риёл ишлатилиши мумкин бўлади, дейилади хабарда.
Ҳозирда Эрон риёли жуда арзон валюта ҳисобланади: Эрон Марказий банки курсига кўра, бир доллар 420 минг риёлдан ортиқ, бозорда эса доллар нархи рекорд даражада 770 минг риёлга етган.
Тўртта нолни олиб ташлаш ҳисоб-китобларни осонлаштириши керак.
Трампнинг Панама каналига таҳдиди
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Панама томонидан АҚШдан Панама канали фойдаланиши учун ундириладиган бож миқдоридан норозилик билдирди. Унинг фикрича, Панама «ноқонуний» равишда юқори тарифлар белгиламоқда.
Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида: «Президент Жимми Картер бу канални бор-йўғи бир долларга бериб юборган, фақат Панама бошқаруви учун. Ҳеч қандай бошқа давлат, жумладан Хитой, унга аралашмаслиги керак эди», — деб ёзди.
У АҚШ каналдан энг фаол фойдаланувчи давлат эканини ва унинг мамлакат иқтисодиёти ҳамда миллий хавфсизлиги учун аҳамиятини таъкидлади.
Трамп: «Агар Панама канал бўйича қонун ва ахлоқ қоидаларига амал қилмаса, биз уни қайтариб олиш талабини қўямиз», — дея қўшимча қилди. У Панама расмийларини тегишли чоралар кўришга чақирди.
АҚШ ЖССТдан чиқиши мумкин
Трамп билан боғлиқ яна бир хабар.
АҚШнинг янги сайланган президенти мамлакатни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аъзолигидан чиқаришни ният қилган. Financial Times хабарига кўра, ташкилотдан чиқиш ҳақидаги эълон 20 январдаги инаугурация вақтида қилиниши мумкин.
Экспертларнинг фикрига кўра, бу қарор Жаҳон соғлиқни сақлаш тизими учун «ҳалокатли» бўлиши мумкин. АҚШ ЖССТнинг энг катта молиявий донорларидан бири бўлиб, у соғлиқни сақлашга ҳар йили катта маблағ ажратади.
Трамп жамоасининг бир қисми ЖССТни Вашингтон назорати остида ислоҳ қилмоқчи бўлган, аммо ташкилот билан алоқаларни бутунлай узиш тарафдорларининг таъсири кучлироқ бўлиб чиққан.
Трамп биринчи президентлик муддатида ҳам ташкилотдан чиқишга уринган эди. Ўшанда Трамп ташкилотни Хитой манфаатларига хизмат қилишда ва коронавирус тарқалишига қарши ишончли чораларни кўрмаганликда айблаганди.
АҚШ расман 2021 йил июлда ташкилотни тарк этиши керак эди, аммо Жо Байден президентлигининг биринчи куниданоқ Трампнинг бу қарори бекор қилинган.
Deutsche Welle журналистларига босим
Германиянинг Deutsche Welle телерадиокомпанияси Ғазо секторида Исроилнинг ҳаракатларини оқлашга уринишда айбланмоқда. Компания ходимлари DW раҳбариятидан Фаластинга нисбатан танқидий, Исроил учун эса маъқул материаллар тайёрлаш бўйича босим ўтказилганини маълум қилди.
DWнинг 13 ходими ва собиқ журналисти Мартин Гак Al Jazeera телеканалига берган интервюсида бу ҳақда баёнот берган.
Улар DW раҳбарияти журналистларга «Фаластин» атамасини қўлламасликни буюрганини ва бу ҳудуднинг давлат мақомига эга эмаслигини таъкидлаганини айтишди. Улар бундан ташқари, эфирларда фойдаланиладиган барча тезислар аввалдан тасдиқланишини айтишган.
DW раҳбариятининг бундай ҳаракатлари халқаро майдонда катта танқидларга сабаб бўлди.
Магдебургдаги ярмаркага ҳужум тафсилотлари
Германиянинг Магдебург шаҳрида рождество ярмаркасида содир бўлган шов-шувли террорчилик акти қурбонлари сони 5 кишига етди. 205 киши тан жароҳати олган: шундан 41 киши оғир аҳволда қолмоқда, бундан ташқари, 86 кишида жиддий жароҳатлар қайд этилган, яна 78 нафарининг жароҳати енгил.
Ҳужумни амалга оширган гумонланувчи Саудия Арабистонидан келган 50 ёшли қочқин Толиб Абдулмуҳсин бўлиб, у интернетда исломга қарши чиқишлари, сионистларни қўллаб-қувватлаши билан маълум бўлган.
Ар-Риёд Германия ҳукуматини бу каби террорчилик хавфи ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.
Ҳодиса 20 декабр куни содир бўлди. BMW X3 автомобилини бошқарган шахс уни махсус равишда ярмаркадаги одамлар орасига ҳайдаган. Ҳужум содир этилганидан кейин полиция тезкор равишда ҳаракат қилиб, гумонланувчини қўлга олди. 50 ёшли террорчининг қонида наркотик моддалар бўлгани ҳам аниқланган.
Унинг немис ултраўнг фашистлари тарафдори эканлиги ҳақида тахминлар илгари сурилмоқда. У мигрантларга нисбатан ўта салбий кайфиятдаги «Германия учун муқобил» ултраўнг популист партиясига очиқдан очиқ симпатия билдирган.
Мавзуга оид
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024
Ғазода оташкесим бўйича музокаралар, Туркияга таассуб қилаётган Сурия ва 1 млн мигрантни қувмоқчи бўлаётган Трамп — кун дайжести
13:45 / 18.12.2024