Ўзбекистон | 19:23
4392
3 дақиқада ўқилади

ТДЮУ жойлашган тарихий бино эшикларини берухсат алмаштирган ходим жаримага тортилди

Тошкент давлат юридик университети маданий мерос объекти ҳисобланувчи ўзи жойлашган бинонинг кириш эшикларини берухсат алмаштиргани маълум бўлди. Бунинг учун масъул ходим 1,5 млн сўм жаримага тортилди. Шунга ўхшаш ҳолат 2022 йилда ҳам кузатилганди.

Фото: mentalaba.uz

Тошкент шаҳридаги 109 та маданий мерос объектидан вазирлик-идораларнинг маъмурий биноси сифатида фойдаланиб келинмоқда. Яна 59 та маданий мерос объектларида таълим муассасалари жойлашган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, айрим ташкилотлар маданий мерос объектларидан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўяяпти.

Хусусан, Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ “Аёллар ва эркаклар гимназияси”нинг (XIX аср) кириш эшиклари Тошкент давлат юридик университети масъуллари томонидан ўзбошимчалик билан, тегишли рухсат олинмасдан алмаштирилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, ҳолат юзасидан 2 декабр куни суд қарори чиқарилган бўлиб, бинодан фойдаланувчи ТДЮУ масъул шахси маданий мерос объектларидан фойдаланиш қоидаларини бузишда айбли деб топилиб, жаримага тортилган.

Kun.uz ўрганган суд ҳужжатига кўра, судланган шахс –университетнинг хўжалик ва таъмирлаш ишлари бошқармаси бош энергетиги вазифасида ишлаб келган О.Й. ҳисобланади. У бинодаги асосий кириш эшикларини бинога зарар етказмаган ҳолда алмаштирган, судда айбига тўлиқ иқрор бўлган.

Суд айбланувчининг моддий аҳволи, касалманд экани ва бошқа жиҳатларни инобатга олиб, у айбланаётган МЖтКнинг 64-моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ – БҲМнинг 4 баравари, яъни 1,5 млн сўм жарима жазоси тайинлаган.

Кодекснинг 64-моддаси 1-қисмига кўра, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш – фуқароларга БҲМнинг 30 баробаридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бош прокуратура 2022 йилда ҳам Юридик университет масъуллари томонидан айни шу ҳуқуқбузарлик содир этилгани ҳақида хабар берганди.

Ўшанда собиқ “Эркаклар ва аёллар гимназияси” биносининг деворлари тешилиб, қайд этиш тахтачалари ўрнатилган, атрофлари бўялган, кондиционер ва соябонлар ўрнатилган. Бунинг учун олийгоҳнинг масъул раҳбари БҲМнинг 3 баробари миқдорида жарима қўлланилган эди.

Мавзуга оид