Жаҳон | 17:01
8746
4 дақиқада ўқилади

Трамп Панама каналини олиб қўйиш билан таҳдид қилди

Ва яна бир бор Гренландияни сотиб олиш истагини билдирди.

Rick Scuteri / AP / Scanpix / LETA

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Қўшма Штатлар 1999 йилда Панамага топширган шу номли канал устидан назоратни қайтадан тиклаши билан таҳдид қилди. Бу ҳақда Трамп 22 декабр куни Аризонанинг Финикс шаҳрида ўтказилган AmericaFest 2024 тадбирида гапирган, деб хабар бермоқда Reuters.

«У кимнингдир манфаати учун эмас, балки биз ва Панама билан ҳамкорлик белгиси сифатида топширилган. Агар [АҚШ томонидан] берилган саховатли совғанинг ҳам ахлоқий, ҳам ҳуқуқий принципларига риоя этилмаса, биз Панама канали ўзимизга тўлиғича, зудлик билан ва ҳеч қандай саволларсиз қайтарилишини талаб қиламиз», — деган Трамп тарафдорлари қаршисида чиқиш қилиб.

«Президент Жимми Картер раҳбарлиги даврида бу канални бир доллар эвазига бериб юборганида, уни фақат Панаманинг ўзи бошқариши керак эди, Хитой ёки бошқа давлат эмас», дея унинг сўзларини келтиради Bloomberg.

Трамп Панама ҳукумати каналдан фойдаланганлик учун ҳаддан зиёд юқори тарифлар ўрнатгани, Хитой эса унинг иш режимига ўз таъсирини кўрсатаётганини таъкидлаган ва канал «бегона қўллар»га тушиб қолишига йўл қўймасликка ваъда берган. Reuters қайд этишича, Хитой канални назорат қилмайди ва бошқармайди, аммо Ҳонконгдаги CK Hutchison Holdings’га алоқадор компания каналга киришда жойлашган икки портни бошқаради.

Тадбирдан кейин эса Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Панама канали узра Америка байроғи ҳилпираётгани акс этган фотосуратни жойлаштирди.

Трампнинг чиқишидан кейин Панама президенти Хосе Раул Мулино X ижтимоий тармоғида Панама мустақиллиги муҳокама қилинмаслиги, Хитой эса канал бошқарувига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини билдирди. Панама президенти канал орқали ўтганлик учун жорий этилган тарифларни ҳимоя қилган.

«Панама канали ва унга туташ ҳудудларнинг ҳар бир квадрат метри Панамага тегишли ва бундан кейин ҳам унга тегишли бўлади», — деган Мулино. Reuters ёзишича, Трамп бунга жавобан шундай деган: «Буни ҳали кўрамиз!».

Панама каналини АҚШ қурган ва 1920 йилда очилганидан кейинги ўн йиллар мобайнида уни бошқарган. Қўшма Штатлар ва Панама 1977 йилда имзолаган келишувда канал Панама назоратига ўтиши кўзда тутилган. Кейинги йилларда биргаликдаги бошқарувдан кейин АҚШ 1999 йилда канал устидан тўлиқ назоратни Панамага топширган.

Доналд Трамп ҳудудий экспансия имкониятини кўриб чиқиши ҳолатлари олдин ҳам кузатилганди. 2024 йил ноябрида президентлик сайловларида ғалаба қозонгач, Трамп бир неча марта Канадани АҚШ штатига айлантириш зарурлиги ҳақида гапирди.

Олдинги президентлиги даврида (2017-2021) Трамп Гренландияни сотиб олиш таклифини билдирган, аммо Дания музокаралар бошланмасидан унга ошкора тарзда рад жавобини берганди. Трамп 2024 йил 22 декабрида ҳам Гренландияни сотиб олиш мавзусига қайтди. «Бутун дунё хавфсизлиги ва эркинлиги йўлида Америка Қўшма Штатлари Гренландияни эгаллаш ва назорат қилиш — мутлақ зарурат деб ҳисоблайди», — деди Трамп Кен Ҳоурини Даниядаги элчи этиб сайлаганини эълон қилар экан.

Мавзуга оид