Ўзбекистон | 18:44 / 24.12.2024
1586
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазирлигига шаҳарсозлик нормаларига зид ҳужжатларни бекор қилиш ваколати берилди

Вазирлик қошида низоларни судга қадар ҳал этиш комиссияси ташкил этилди. У юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида шаҳарсозликка оид қатор ҳужжатларни ўрганади. Шаҳарсозлик нормаларига зид, ноқонуний ҳужжатларни бекор қилиш ваколатига эга. Бу жараён аввал суд орқали амалга оширилган ва у узоқ вақт давом этган. Бу тизим ҳақида Қурилиш вазирлиги масъули Азамат Холмўминов Kun.uz'га маълумот берди.

Вазирлар Маҳкамаси 2024 йил 12 августда “Шаҳарсозлик соҳасидаги низоларни судга қадар кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни қабул қилган. Унга асосан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича идоралараро комиссия фаолият бошлади.

Мазкур комиссияга шаҳарсозликка оид ҳужжатларни бевосита ўрганиш ва қарор қабул қилиш ваколатлари берилди. Бунда комиссия архитектура-режалаштириш топшириғи, ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши қарори, ҳудудий бошқармалар ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ишчи органи хулосаси, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳудудий инспекция рухсатномаси каби қатор ҳужжатларнинг қонунийлигини текширади.

Масалан, ҳудудий бошқарма ёки туман қурилиш бўлими маълум бир объектни қуриш учун рухсатнома берган бўлиши мумкин. Лекин ушбу рухсатнома маълум бир сабабларга кўра шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилигимизга мос келмайди, хусусан, ҳудуддаги аҳоли розилигини олмаган ҳолда берилгандир. Бундай ҳолларда, комиссия рухсатнома ёки хулосани бекор қилади”, — дейди Қурилиш вазирлиги давлат архитектура назорати бошқармаси бошлиғи Азамат Холмўминов. 

Комиссия бутун республика бўйлаб ишлайди. Комиссия қарори билан ҳужжат, агар қонунчиликка мувофиқ бўлмаса, бекор қилинади, агар тўғри бўлса, ижрога қайтарилади.

Шаҳарсозликка доир рухсат бериш бўйича ҳужжатлар низолари юзасидан жисмоний ва юридик шахслар вазирликнинг расмий сайти орқали ёки ёзма ва оғзаки шаклда мурожаат қилишлари мумкин.

Мавзуга оид