Қувондиқ Саноқулов Гандбол федерацияси, Қудратилла Рафиқов эса Сузиш федерацияси раислигига сайланди
Қувондиқ Саноқулов Ўзбекистон Гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 24 декабр куни қўмитада Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти иштирокида мамлакат Гандбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилган.
Тадбирда Навоий кон-металлургия комбинатининг бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Саноқулов номзоди Ўзбекистон Гандбол федерацияси раиси лавозимига илгари сурилган. Делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллаган ва у мамлакат Гандбол федерацияси раиси лавозимига сайланган.
Қувондиқ Санақулов 2008 йилдан бери Навоий кон-металлургия комбинати раҳбари лавозимида ишлаб келади. У Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси ҳам ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Сузиш федерацияси раиси этиб сайланди.
МОҚда ташкил этилган тадбир давомида таъкидланишича, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан сўнгги йилларда ҳудудларда сув спорти турларининг моддий-техник базасини яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида жаҳон стандартларига мос келадиган 50х25 метр ўлчамдаги ҳавзалар фойдаланишга топширилган. Қашқадарёда айни пайтда навбатдаги объект – замонавий сув спорт турлари саройи қад ростлаётган бўлса, Тошкент вилоятида яна бир сузиш ҳавзаси қурилиши лойиҳалаштирилмоқда.
Федерациянинг аввалги раҳбари Қувондиқ Саноқулов мамлакат Гандбол федерацияси бошқарувига ўтгани ва юқоридаги жиҳатларни инобатга олган ҳолда, сузиш федерацияси раҳбари лавозимига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов номзоди илгари сурилган ва тадбирда қатнашган делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллаган.
Қудратилла Рафиқов 2016 йил декабрида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раҳбари этиб сайланган. У ҳам Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳисобланади, 2017 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени, 2021 йилда эса «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.