Жаҳон | 20:16 / 24.12.2024
3451
3 дақиқада ўқилади

WP: Байден Путинга «хайрлашув зарбаси» — Россия энергетикасига қарши санкциялар тайёрламоқда

АҚШ президенти Жо Байден Россия энергетика секторига нисбатан янги санкциялар жорий этиш имкониятини кўриб чиқаётгани маълум бўлди. Янги чоралар РФнинг соядаги флотига қарши йўналтирилади.

Фото: The Washington Post

Жо Байден президентлик муддатининг сўнгги ҳафтасида Россия энергетика секторига нисбатан янги санкциялар жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда тўрт нафар манбасига таяниб The Washington Post хабар берди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, янги чоралар Россиянинг соядаги флоти — мамлакат нефтини санкцияларни четлаб ўтган ҳолда ташиётган халқаро кемаларга йўналтирилиши мумкин. Бундан ташқари, чекловлар олдинроқ санкцияларга учрамаган Россия нефтини экспорт қилувчиларга ҳам қўлланиши кутилмоқда. Шунингдек, WP суҳбатдошларининг айтишича, Россия энергия ресурслари учун тўловларни қайта ишлаш имкониятини тақдим этаётган банкларнинг лицензиясини чақириб олиш чоралари ҳам кўриб чиқиляпти.

Манбаларнинг таъкидлашича, санкцияларнинг жорий этилиши янги сайланган президент Доналд Трампга Россия-Украина урушини тўхтатишга оид музокараларда РФ президенти Владимир Путинга нисбатан қўшимча босим ўтказиш ричагини тақдим этади. Америкалик юқори мартабали амалдорга кўра, мазкур чоралар Украинага ўзини мудофаа қилишда «яхшироқ ҳолатда» қолиш ва тинчлик бўйича музокараларни «адолатли» шартларда ўтказиш имконини беради.

2022 йил февралда Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери АҚШ ҳукумати Россия банклари, мудофаа, саноат корхоналари ва бошқа компанияларига нисбатан санкциялар қўллади. Шу билан бирга, Россия энергетика секторига қисман зарар етди холос. The Washington Post’нинг қайд этишича, уруш бошланганидан бери Жо Байден администрацияси Россия энергия ресурслари экспортида жиддий санкциялар қўллашдан хавотирланиб келган, бу— нефт нархнинг кескин кўтарилиб кетишига ва АҚШда бензин нархи ошишига олиб келиши мумкин эди.

Россия бюджети даромадларининг учдан бир қисмидан қарийб ярмигача бўлган қисми нефт ва газ савдосига тўғри келади. 2023 йилда Россия энергия ресурсларини сотиш ортидан салкам 100 миллиард доллар ишлаб топган.

Европа Иттифоқи кенгаши 16 декабр куни Россияга қарши иқтисодий ва индивидуал санкцияларнинг 15-пакетини қабул қилганди. Санкциялар рўйхатидан 54 нафар жисмоний шахс ва 30 та юридик шахс ўрин олди. Улар орасида Киевдаги «Охматдет» болалар шифохонасига берилган зарбага масъул ҳарбий бўлинма, энергетика компанияларининг топ-менежерлари, КХДРнинг юқори мартабали икки амалдори ҳам бор.

Мавзуга оид