Жаҳон | 23:04 / 24.12.2024
5250
2 дақиқада ўқилади

Хитой қутб сувларида сузишга қодир дунёдаги энг йирик юк ташувчи кемани синовдан ўтказди

Шанхай яқинидаги сувларда 58 минг тонна юкни ташишга қодир ясси палубали улкан кема синовдан ўтказилди. Fan Zhou 8 номини олган кеманинг узунлиги 256 метрни ташкил этади.

Фото: Xinhua

Хитой 58 минг тонна юкни сиғдира оладиган ясси палубага эга Fan Zhou 8 кемасини синовдан ўтказган. South China Morning Post’нинг ёзишича, мазкур кема қутб сувларида ҳам фаолият кўрсатишга қодир.

Маълумотларга кўра, Fan Zhou 8 Чжэцзян провинциясидаги Taizhou Zhonghang кемасозлик заводидан сувга туширилган ва Шанхай шарқидаги сувларда ўтказилган «турли профессионал синовлардан» кейин яна заводга қайтиб келган.

Таъкидланишича, кема денгизда сузишга мўлжалланган кемалар каби юқори сифатларига эга ва Қутб кодекси талабларига мос келади. Унинг узунлиги — 256 метрни, эни эса 51 метрни ташкил этади. Кеманинг сузиш давомийлиги — 16 денгиз мили, максимал тезлиги — 15 узелдан ошади.

Кема ўз палубасида турли юкларни, жумладан, нефт конларни топишга мўлжалланган ускуналар, шамол ва атом электр станцияларининг қисмлари, шунингдек, пўлат конструкциялар ёки йирик кемалар секцияларини таший олади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Хитойнинг China Shipbuilding Industry Corp (CSIC) компанияси буюртмага асосан дунёдаги энг катта руда ташувчи кемани яратганди. Ўшанда Ore Tianjin деб номланган кема 400 минг тонна таший олиши айтилган эди.

Мавзуга оид