Ўзбекистон | 20:10 / 25.12.2024
9260
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон учун синов: Аҳоли кўпайиши билан инсон капитали ҳам ўсиши керак

Ўзбекистон аҳолиси яқин йилларда 40 миллионга етади. Бундай жадал ўсиш албатта қувонарли, лекин аҳолиси ҳатто 100 миллиондан кўпроқ камбағал мамлакатлар ҳам борлигини ҳисобга олсак, демографик ўсишдан мўъжиза кутиш ярамаслиги ойдинлашади. Kun.uz қатор соҳа мутахассисларидан бу ҳақдаги фикрларини сўради.

Уларнинг сўзларига кўра, аҳоли кўпайиши билан инсон капитали ҳам албатта ўсиши керак. Давлат сиёсати тўғри юритилмаса, аҳоли сони ошиши билан Ўзбекистоннинг ишчи кучи экспорти ошиб бораверади холос.

Ўзбекистон аҳоли сони бўйича глобал рейтингда 43-ўринда турибди. Рейтингда ўзимиздан юқорига назар ташласак, Афғонистон (42 млн), Покистон (241 млн), Нигерия (224 млн), Бангладеш (170 млн), Эфиопия (109 млн), Конго Демократик Республикаси (105 млн) кабиларга кўзимиз тушади: бу мамлакатлар аҳолиси сезиларли кўп, лекин иқтисодий тараққиётининг ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди.

Масалан, энг кўп аҳолига эга давлатлар ўнталигига кирувчи Нигерияни олайлик. 232 миллиондан ошиқ аҳолига эга бу давлат, афсуски, камбағал. Нигерия нефтга бой бўлса-да, ЯИМдаги нефтнинг улуши 9 фоиздан ошмайди. Аҳоли тирикчилик учун қишлоқ хўжалиги билан банд, лекин қишлоқ хўжалигидаги даромад ҳам аҳоли умумий сони ошишига мос эмас. Бир вақтлар бу давлат озиқ-овқат экспортчиси бўлган, ҳозир эса ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, импорт қилишга мажбур.

Аҳоли сони билан биринчи ўнталикни якунлайдиган Эфиопия ҳам камбағал давлат. 132 миллиондан ошиқ аҳолига эга мамлакат ялпи ички маҳсулоти 145 млрд доллар. Хориждан қарийб 30 млрд доллар қарз олинган, давлат 2025 йилда ўрта даромадли иқтисодга айланишни умид қилмоқда.

Демографик ўсишнинг нафақат суръати, балки сифати ҳам муҳим 

Аҳоли сонининг кўп бўлиши яхши, лекин бу ижобий аҳамият касб этиши учун тўғирланиши керак бўлган жиҳатлар ва қилиниши лозим бўлган вазифалар бор, дейди иқтисодчи Шуҳрат Расул.

“Иқтисод фани мантиғи бўйича аҳоли сонининг ошиши давлат иқтисоди ривожига олиб келиши керак. Чунки бу меҳнат ресурслари, ишлаб чиқарувчилар, товар ва хизматлар ҳамда истеъмолчиларнинг кўпайиши дегани. Аслида иқтисоднинг асоси ҳам – товар ва хизматлар истеъмоли дегани. Замонавий дунёда қанча истеъмолчи кўпайса, иқтисод ривожланиши керак.

Лекин демографик ўсиш доим ҳам иқтисодий ўсишга олиб келмайди. Қачонки у сифатли бўлса, шунда тараққиётга олиб келиши мумкин. Давлат элитаси масъулиятсиз бўлса, бозор иқтисоди қонунлари билан ҳисоблашмаса, элита халққа қайишмаса – ҳеч қандай ривожланиш бўлмайди. Аҳолининг ўзинигина кўпайтириб қўймаслик керак. Одамлар иқтисодий ресурсга айланиши учун уларни сифатли уй, таълим, тиббиёт, сифатли ичимлик сув ва ҳаво, энергетик ресурслар билан таъминлаш керак”, дейди у.

Аҳоли кўпайишида ўрта қатламнинг мустаҳкамланиши муҳим

Давлатларнинг геосиёсий қудрат параметрини белгилайдиган воситалардан бири бу – аҳоли. Чунки кам сонли аҳоли билан катта иқтисодий қудратга эга бўлиш имконсиз. Лекин шу аҳоли салоҳиятли бўлиши ҳам талаб этилади. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таъкидлашича, кичкина ва аҳолиси кам давлат – қудратли бўлолмайди.

“Иқтисодий қудрат билан аҳолининг кўплиги орасида доимий узвий боғлиқлик бор. Кам аҳоли билан буюк иқтисодий қудратга эга бўлиш имконсиз. Амалда Ўзбекистон бугун МДҲда аҳолиси сони бўйича 2-ўринда. Аҳолининг ўсиш салмоғига кўра ҳам Ўзбекистон бу маконда лидер. Агар аҳоли сифатсиз ўсса, бу доим салбий. Лекин ўсаётган аҳоли ўта бой ёки ўта камбағал бўлмай, ўрта қатлам вакиллари саналса, бу жуда яхши. Чунки аҳоли кўплиги давлат ва жамиятнинг энергияси юқорилигини англатади. Иқтисодий, сиёсий ва маъмурий ислоҳотлар тўғри олиб борилса, жамиятда аҳолининг камбағал ва қашшоқ қисми камайиб борса, демографик ўсиш – иқтисодий қудратга сабаб бўлади”, – дейди сиёсатшунос.

Аҳоли сонининг ошиши ўз навбатида яшаш учун бирламчи инфратузилмани ҳам талаб қилади. Аввало, уй-жой, озиқ-овқат, иш ўринлари, сифатли соғлиқни сақлаш тизими, таълим тизими, молиявий барқарорликни таъминлаш – буларнинг ҳаммаси давлат ривожланганлик ҳолатига таъсир қилади. 2030 йилга бориб, 40 миллиондан ошадиган аҳоли ҳақида ҳозирданоқ фахр билан гапирилар экан, масаланинг биз айтаётган иккинчи томонини ҳам ҳозирдан ўйлаш керак бўлади. 

Мутахассислар фикри билан тўлиқ ҳолда видеоматериал орқали танишишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Havas Holding Малайзия компаниялари билан 200 млн доллардан ортиқ қийматдаги шартномаларни имзолади

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Havas Holding Малайзия компаниялари билан 200 млн доллардан ортиқ қийматдаги шартномаларни имзолади

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!