Жаҳон | 11:39 / 26.12.2024
23539
15 дақиқада ўқилади

Ғилай Ленин – СССРда 10 рубллик пулларни сохталаштирган шахс қандай фош бўлганди?

1980-йиллар охирроқларида Олмаота шаҳрида сохта 10 рубллик пуллар муомалада юргани аниқланади. Жиноятчи ушланганда милиция ходимлари ҳайрон қолишади. Чунки у қарийб 10 йил давомида сохта пулларни шундоққина милиция идораси рўпарасида жойлашган уйида тайёрлаганди.

Фото: Kun.uz

1989 йил. Олмаотадаги жамғарма банкларидан бирининг ходимаси Малика Юсупова кечки пайт ишни якунлашдан аввал қўлидаги пулларни сейфга жойлашдан олдин уларни санай бошлайди.

Ўша куни Маликанинг декретга чиқишдан аввалги сўнгги иш куни эди. У ишни бошқа ходимга топшириш учун сўнгги ҳисоб-китобни қилар, ташқарида унинг чиқишини эри кутиб турарди.

Шу пайт ходиманинг қўлига янги 10 рубллик купюра илинади. У купюрани алоҳида ажратиб диққат билан қараганда пулнинг қоғози бошқачароқдай туюлади.

Ғилай Ленин

Совет даврида, 1961 йилда чиқарилган 10 рубллик пулларга Лениннинг сурати туширилганди. Ходима бошқа 10 рубллик купюра билан янгисини солиштириб кўради ва янги пулдаги Лениннинг кўзлари ғилайроқ эканини пайқайди.

Бу 10 рубллик пулларни фуқаролардан бири 300 рублни жамғарма кассага қўйиш учун олиб келганди ва Малика уни яхши эслаб қолганди.

Малика дарҳол милицияга қўнғироқ қилади. Ходимлар етиб келгач пулларни кўздан кечириб, улар орасидан бир нечта шубҳали туюлганларини ажратиб олишади.

Пуллар бўлимга олиб борилгандан сўнг текширувдан ўтказилади. Уларни синчиклаб текширган мутахассис жиноятчи сохта купюраларни аслига жуда ўхшатиб ясаганини эътироф этади.

Жиноятчи фақат Лениннинг кўзларини ўхшата олмаганди. Агар “доҳий”нинг кўзига синчиклаб эътибор берилмаса, пулнинг сохталиги умуман билинмасди.

Шундан сўнг иттифоқ бўйлаб сохта пул ясовчи шахсга қидирув эълон қилинади. Бироқ унинг на расми, на фотороботи бор эди.

Ўша пайтда милицияни бир савол ўйлантирарди: сохта рубллик пуллардан неча дона ясалган ва қаерларда тарқатилган?

Милиция ходимлари сохта пулларнинг аслига жуда ўхшатиб ясалганини кўриб, уларни бир киши қўлда эмас, жиноий гуруҳ махсус ускуналардан фойдаланиб ясаган деган хулосага келади.

Ўша пайтда СССРда чоп этилган пуллар улар тўрт минг марта букланса йиртиладиган, пишиқ қоғоздан тайёрланганди.

Бироқ сохта пуллардаги қоғоз бундай пишиқ эмасди. Улар тез йиртиладиган қоғоздан тайёрланганди. Милиция ходимлари пуллардан бирини ўттиз мартача буклаб очганда у йиртилиб кетади.

Шубҳали қассоб

Малика Юсупова ўз кўрсатмасида ичидан сохта пуллар чиққан 10 рублликларни банкка ҳар доим қувноқ кайфиятда кириб келадиган мўйловли бир йигит олиб келганини айтади.

Аёл йигит Олмаотадаги машҳур “Яшил бозор”да савдо қилишини, бир неча марта ундан гўшт сотиб олганини айтади.

Маликанинг кўрсатмаси билан йигит анчадан буён гўшт сотиши, банкка омонат қўя бошлаганига уч ой бўлгани ва бу даврда уч марта келгани ойдинлашади.

Милиция бозорга бориб йигитни қўлга олади. Унинг исм-шарифи Мурод Тастамбеков экани маълум бўлади. Йигитга сохта пуллар ясашда гумонланаётгани айтилганда у айбловни кескин рад этади.

Йигит дам олиш кунларисиз ишлашини, савдоси жуда яхши эканини ва орттирган пулларини банкда сақлашга қарор қилганини айтади.

Муроддан 10 рубллик сохта пуллар ҳақида сўрашганда йигит ҳар куни юзлаб одамларга гўшт сотишини, харидорлар берган пулларнинг ҳар бирини кўздан кечириб олишнинг имкони йўқлигини таъкидлайди. Уни қамоққа олишади.

Милиция жиноятчилар қўлга тушиб қолишдан қўрқиб сохта пулларни магазинларга эмас, бозорга олиб бориб ўтказишини тахмин қилади.

СССРда пулларни сохталаштирганлик учун ҳатто ўлим жазоси берилиши мумкин эди. Шу сабабли сохта пулларни ясашга уриниш ҳолатлари жуда кам учрар, одамлар пулларни сохта бўлиши мумкин деб битталаб текшириб юрмасди.

“Яшил бозор”даги барча сотувчиларнинг харидорлардан олган пуллари текшириб чиқилади. Шунда яна етти дона сохта пул топилади. Шундан сўнг Муродни қўйиб юборишади.

Ғойиб бўлган қассоб ва босмахона раҳбари

Милиция жиноятчилар сохта пулларни ўтказиш учун яна бозорга келади деган гумонга боради ва “Яшил бозор”да яширинча навбатчилик ташкил этилади.

Шу орада милиция бозордаги ғалати бир ҳолатни сезиб қолади. Ўзининг айбсизлигини таъкидлаган гўшт сотувчи йигит савдога чиқмай қўяди. Бу милиционерларни шубҳага солади.

Ходимлар йигит сохта пул ясовчиларнинг шериги ва бозор текширилгандан сўнг улар билан бирга қочиб, яширинган деган хулосага келади.

Шундан сўнг йигит яшайдиган манзилни текшириб кўришга қарор қилишади. Эшикни Муроднинг хотини очади ва у эри тунда уйга келмаганини айтади.

Аёл шу жойда милиция ходимларига Мурод бошқа бир аёлга илакишиб юрганини, сўнгги пайтларда у билан алоқаларни узаман деб ваъдасида турмаганини, тунда балки унинг ёнига кетган бўлиши мумкинлигини айтади.

Милиция Муродни қидириб, ўша аёлникига бормоқчи бўлади. Бироқ унинг хотини кундошининг манзилини билмасди.

Аммо аёл ўз рақибасининг кўринишини яхши эслаб қолганди. Милиция унинг тасвирлаб бериши ортидан аёлнинг фотороботини тайёрлайди.

Милиция аёл “Яшил бозор”га Муроднинг олдига бориб турган деган гумонга боради ва фотороботни бозордаги сотувчиларга кўрсатишади.

Парранда гўшти сотувчи бир аёл Муроднинг жазманини дарҳол танийди. Сотувчи аёлнинг босмахонада ишлашини айтади.

Шунда милицияда Муроднинг жазманига нисбатан жиддий шубҳалар пайдо бўлади. Улар сохта пуллар босмахона чоп этилган деган гумонга боришади.

Шундан сўнг Мурод ва унинг жазмани бўлган аёлнинг расмлари Олмаота шаҳридаги ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги милиция бўлимларига тарқатилади. Уларга қидирув эълон қилинади.

Бундан ташқари, аввалига Олмаотадаги, сўнг Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларидаги босмахоналар текширила бошланади.

Терговчилар жиноятчилар Москвадаги пуллар чоп этиладиган “Давлат белгиси” корхонасидан 10 рубллик пулларнинг қолипларини ўғирлашган ва унинг ёрдамида сохта пуллар чиқаришган деган тахминга ҳам боришади.

Бироқ Москвадаги ягона корхона жуда қаттиқ қўриқланар, у ерда ишловчилар ҳам синчковлик билан назорат қилинар, корхонадан пулларнинг қолипини олиб чиқиб бўлмасди.

Гумондан холи бўлган босмахона раҳбари

Милиция пулларни Муроднинг жазмани босмахонада яширинча чиқарган, йигит уларни тарқатишда ёрдам берган деган гумонга боради. Бироқ ўша кунларда бўлимга Муроднинг жазмани кириб келади ва жанжал кўтаради. Маълум бўлишича, аёлнинг исми Самира бўлиб, у Олмаотадаги “Вимпел” босмахонаси раҳбари экан.

У милиция ходимларига ўзини жиноятчига чиқаришгани ва қидирув эълон қилишгани учун Москвага ички ишлар вазирига, мамлакат раҳбари Михаил Горбачёвга арз қилишини айтади.

Аёлдан Мурод ҳақида сўрашганини, у йигит билан аввалроқ учрашиб юргани ва ҳозирда унинг қаерда эканини билмаслигини таъкидлайди.

Милиция ходимлари Самиранинг гапларига ишонмайди ва унинг уйида тинтув ўтказишга қарор қилишади. Аёлнинг уйидан ҳеч қандай сохта пуллар ёки уларни чоп этишга дахлдор ҳеч нарса чиқмайди.

Бироқ унинг қиммат хориж кийимлари ва пардоз буюмлари милицияни шубҳалантиради. Бундан ташқари, аёлнинг уйидан 3 700 рубл пул ҳам топилади. Самира пуллар ўзига тегишли эканини, уларни беш йилдан буён маошидан орттириб йиғиб келаётганини айтади.

Аёлнинг пуллари текшириб кўрилганда улар орасидан бир дона 10 рубллик сохта пул чиқади. Самира сохта пулнинг қаердан келиб қолганини билмаслигини айтади.

Ана шу сохта купюра милиция ходимларини ҳайратга солади. Анча уриниб, эскириб қолган сохта пул текшириб кўрилганда у саккиз йил аввал чоп этилгани аниқланади.

Демак сохта пул ясовчилар Қозоғистонда узоқ йиллардан буён бу иш билан шуғулланиб келишган. Гўшт сотувчиси бўлган Муроднинг уларга нима алоқаси бўлиши мумкин? Балки “сохта пулларга алоқам йўқ” деб у ҳам рост гапиргандир?! Шундан сўнг Самира гумондорлар рўйхатидан чиқарилади.

Қассобни ким ўлдирди?

Бироқ орадан икки кун ўтгач Олмаотадаги овлоқ хиёбондан Мурод Тастамбековнинг жонсиз жасади топилади. Бу милицияда Мурод сохта пул чиқарувчи жиноятчилар гуруҳига аъзо бўлган деган тахминни келтириб чиқаради.

Жасаднинг атрофида 37-ўлчамдаги аёллар оёқ кийимининг излари қолганди. Ўша атрофдан қон юқи қолган каттагина тош ҳам топилади. Қотил тош билан Муроднинг бошига бир неча марта зарба берганди.

Шу жойда милиция ходимлари “Вимпел” босмахонаси раҳбари Самира аввалроқ ўз кўрсатмасида Мурод билан шу хиёбонда учрашиб тургани ҳақида гапирганини эслаб қолишади.

Аёлни дарҳол Муроднинг жасади топилган жойга олиб келишади. Сўнг унинг қўлига жиноят детали бўлган тош катталигидаги тошни бериб, манекеннинг бошига зарба беришини буюришади. Бироқ аёл ҳарчанд уриниб ҳам тошни юқорига кўтара олмайди.

Шунда терговчилар аёл фош бўлишдан қўрқиб тошни жўрттага боши баравар кўтармаяпти деган гумонга боришади. Уни махсус тиббий текширувга жўнатишади.

Тиббий экспетиза аёл жиноят қуроли бўлган йирик тошни бош баландлигида кўтара олмайди деган хулоса беради. Иккинчи марта Самирадан гумон олиб ташланади. Бироқ унда Муродни ким ўлдирган бўлса?!

Бўёқ ўғриси

Бу пайтда нафақат Олмаота, балки бошқа шаҳарлардан ҳам янги сохта пуллар топилишда давом этаверади. Жиноятчиларни қидириш ишлари боши берк кўчага кириб қолади.

Маълумотларга кўра, 1989 йил 22 майдан 12 сентябргача Олмаота шаҳрида 37 дона, Оқтўбе, Жамбул, Қўстанай ва Чимкент шаҳарларидан ҳам бир неча донадан сохта пуллар аниқланади.

Шундан сўнг милиция Москвадаги “Давлат белгиси” корхонасига вазият ҳақида хабар бериб, ходимларни текшириб кўришни сўрайди.

Олмаота милициясини асосан “Давлат белгиси” корхонасида ишловчиларнинг биронтаси қачонлардир Қозоғистонда яшаганми, ёки уларнинг қариндошлари Олмаотада яшайдими йўқми, шу қизиқтирарди.

Москвадан жавоб келади. Унда ёзилишича, корхона собиқ ходимларидан бири Серик Оспанов Олмаотада яшайди. Милиция аввал Серикнинг қўшниларидан кўрсатма олади.

Қўшнилардан бири Серик билан 20 йил қўшни яшаганини, аввалига жуда содда бўлган ва оддий ҳаёт кечирган йигит Москвадан қайтганидан сўнг олифталаниб кетгани, Олмаотага яқин овулдан уй сотиб олгани ва қиммат кийимлар кийиб юриши ҳақида гапиради.

Милиция Серикни кузата бошлайди ва икки кундан сўнг номаълум шахс билан учрашган пайтида ушланади. Шундан сўнг Серикнинг овулдаги уйи тинтув қилинади ва у ердан пулларни бўяш учун ишлатиладиган махсус буёқ топилади.

Лекин у ерда пул чоп этадиган ускуна, сохта пуллар йўқ эди. Дастлабки сўроқда Серик “Давлат белгиси” корхонасида ишлаган пайтида купюраларга ишлатиладиган бўёқни яширинча олиб чиққанини тан олади.

У буни купюраларни бўяшда ишлатиладиган янги бўёқ кашф этишга жуда қизиққани билан изоҳлайди. У янги турдаги бўёқ тайёрлаб турли кимсаларга сотиб келгани аниқланади.

Харидорлар орасида “Вимпел” босмахонаси раҳбари Самира ҳам бор эди. Бироқ йигитнинг сохта пуллар тайёрлаганига доир ҳеч қандай далил топилмайди. Самира бўёқни босмахонада ишлатиш учун олгани маълум бўлади.

Милиция идораси рўпарасида ясалган сохта пуллар

Ички ишлар ходимлари сохта пул ясовчиларни қарийб бир йил қидиради. Бироқ уларнинг изини топиб бўлмайди. Шунда милиция жиноятчилар ўзларини қидиришаётганини билиб бошқа республикага чиқиб кетган деб гумон қилади.

Бироқ 1990 йилнинг кузида Олмаотада яна янги 10 рубллик сохта пуллар муомалага киритилаётгани аниқланади. Милиция яна ҳаракатга тушади.

Барча сотувчиларга сохта пулнинг алоҳида белгилари айтилиб, кимдир шундай пулларни берганда милицияга хабар бериш лозимлиги уқтирилади.

Кунларнинг бирида милицияга қўнғироқ бўлади. Шаҳардаги истироҳат боғларидан бирида музқаймоқ сотиб турган шахс ўзига сохта пул беришганини айтади.

Милиция ҳодиса жойига етиб борганда музқаймоқ сотувчи ва унинг олдида йиғлаб турган 10 ёшли болага дуч келади. Маълум бўлишича, бола музқаймоқ олган ва сотувчига 10 рубллик пул берган. Сотувчи купюрани текшириб, уни сохта деб гумон қилади ва милицияни чақиради. Пул ҳақиқатан сохта эди.

Бола музқаймоқ емоқчи бўлганини, бироқ ёнида пул йўқлиги учун музқаймоқ сотувчисини кузатиб турганини, шу пайтда портфел кўтарган нотаниш одам 10 рубл берганини ва унинг қўлида бундай пуллардан бир пачка кўрганини айтади.

Милиционерлардан қўрқиб кетган бола пулни олганига кўп бўлмаганини таъқидлайди ва нотаниш одам кетган томонни кўрсатади.

Шундан сўнг терговчилар тезда нотаниш одамнинг изидан тушишади ва сохта пулларни биринчи бўлиб аниқлаган жамғарма банк ходими Малика Юсупованинг уйига кириб кетганини кўришади. Бу уй милиция идорасининг рўпарасида жойлашганди.

Болага ўзига 10 рубллик сохта пул берган шахсни дарҳол танийди – у Маликанинг эри Назар Юсупов эди. Назар Юсуповнинг уйидаги ертўла текшириб кўрилганда у ерда пул чоп этадиган ихчам ускуна, бўёқлар, янги чоп этилган сохта пуллар топилади.

Дастлабки сўроқда, Назар Юсупов Олмаотадаги оёқ кийим ишлаб чиқарадиган фабрикада ишлагани, 10 йилча аввал ўша ерда янги ускуна ясагани ва уни фабрика раҳбарига таклиф этганда рад жавоби олгани ҳақида гапириб беради.

Шундан сўнг у ўзининг нималарга қодирлигини барчага кўрсатиб қўйиш мақсадида пул чоп этадиган ускуна ясайди ва унинг ёрдамида сохта пуллар чиқара бошлайди.

Шубҳа туғдирмаслик учун у пулларни оз-оздан ишлатади ва асосан бозорларда ўтказади. Шу ўринда Мурод Тастамбековни ҳам Назар Юсупов ўлдиргани ойдинлашади.

Маълум бўлишича, бозорда гўшт сотадиган Мурод сохта пуллар бўйича милиция сўроқ қилгандан сўнг уларни ўзига Назар Юсупов бераётганини сезиб қолади. У Назарни сотмаслик эвазига ундан йигирма минг рубл талаб қилади. Сохта эмас, ҳақиқий пуллар.

Шундан сўнг Назар Юсупов у билан истироҳат боғида учрашишга келишади ва ўша ерда оғир тош билан унинг бошига зарба беради. У ўша куни милицияни чалғитиш учун сал нарироқда ўзи билан олиб борган аёллар туфлисини кийиб олган ва унинг ёрдамида из қолдирганди.

Кўп ўтмай тергов тугайди ва суд Юсуповни пулларни сохталаштиргани ва қотиллик учун олий жазо – ўлимга ҳукм этади. Орадан икки ой ўтгач ҳукм ижро этилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади. 

Мавзуга оид