Иқтисодиёт | 17:46 / 26.12.2024
8299
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди

1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60,2 млрд долларни ташкил қилган. Шундан давлат ташқи қарзи 32,5 млрд долларга, корпоратив ташқи қарз ҳажми эса 27,7 млрд долларга тенг бўлган.

Фото: Sukree Sukplang / Reuters

Марказий банк “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи” бўйича қисқача шарҳ ва статистик жадвалларни эълон қилди.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 9 ойида жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга қисқариб, 3,4 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 4,3 фоизни ташкил қилган. Бунга савдо баланси манфий салдоси ўсиш суръатининг ўтган йилдагига нисбатан пастроқ шаклланиши билан бирга мамлакатга халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли даражада кўпайиши таъсир кўрсатган.

Жумладан, январ-сентябр ойлари давомида халқаро бозорларда хомашё нархларининг ўзгариши ҳамда норезидентларга кўрсатилган хизматлар ҳажмининг кўпайиши натижасида, экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга ўсиб, 19,1 млрд долларни ташкил қилган. Мазкур даврда импорт ҳажми ўтган йилларга нисбатан пастроқ суръатларда ўсиб (5,5 фоиз), 31,4 млрд долларга етган.

Натижада, жорий йилнинг 9 ойида савдо балансининг манфий салдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга кўпайиб, 12,4 млрд долларни ташкил қилган. Ўз навбатида, бирламчи ва иккиламчи даромадлар баланси мусбат салдо билан шаклланиб, мос равишда 973 млн доллар ва 8 млрд долларни ташкил этган ҳолда савдо баланси тақчиллигини қисман қоплаган.

Ҳисобот даврида халқаро захира активларининг хорижий валютадаги қисми 678 млн долларга қисқариши кузатилди. Бироқ олтин нархининг юқори суръатларда ўсиши натижасида халқаро захиралар қолдиғи жорий йил бошига нисбатан қарийб 6,6 млрд долларга кўпайиб, 2024 йил 1 октябр ҳолатига 41,1 млрд долларни ташкил қилган.

2024 йилнинг 9 ойи якунига кўра, тўлов балансида акс этган амалиётлар ва нооперациявий ўзгаришлар таъсирида Ўзбекистоннинг соф халқаро инвестициявий мавқейи жорий йил бошига нисбатан 29 фоизга мустаҳкамланиб, 2024 йил 1 октябр ҳолатига 16,3 млрд долларга етган.

Бунда резидентларнинг чет эл валютасидаги активлари ҳажми 10,8 млрд долларга (жорий йилнинг бошига нисбатан ўсиш 13 фоиз) ошган бўлса, ташқи мажбуриятлари ҳажми 7,1 млрд долларга (ўсиш 10 фоиз) кўпайган.

Ҳисобот даври якунига кўра, умумий ташқи қарз ҳажми 60,2 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми қарийб 32,5 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 27,7 млрд долларга тенг бўлган.

Мавзуга оид