АҚШ AZAL лайнери Россия ҲҲМ зарбаси туфайли ҳалокатга учрагани белгиларини кўрмоқда
«Баъзи дастлабки белгилар» самолётнинг Россия ҳаво мудофааси таъсирида ҳалокатга учраши эҳтимолини кўрсатади, деди Жон Кирби. Унга кўра, Қўшма Штатлар тегишли разведка маълумотларига эга.
Қўшма Штатлар AZAL Озарбойжон авиакомпаниясининг самолёти Россиянинг ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилганлиги эҳтимолини билдирадиган «баъзи дастлабки белгилар»ни кўрмоқда. Бу ҳақда Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби 27 декабр, жума куни журналистлар саволларига жавобан айтиб ўтди.
Кирби давом этаётган терговга таяниб, батафсил маълумот беришдан бош тортди. Қўшма Штатларда бу хулосага келиш учун разведка маълумоти борми ёки Вашингтон шунчаки экспертларнинг ҳалокатни визуал баҳолашларига асосланган тахминларига таяняптими, деган саволга Кирби «ҳа» деб жавоб берди, аммо қўшимча маълумот беришдан бош тортди.
Ўз навбатида, икки америкалик ҳарбий амалдор жума куни NBC News телеканалига маълум қилишича, АҚШнинг разведка маълумотларига кўра, руслар Озарбойжон лайнерини учувчисиз учоқ сифатида нотўғри аниқлаган ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини қўллаган бўлиши мумкин. Бу қисман самолётнинг тартибсиз парвоз йўли ва баландлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин, деди улар. Бироқ улар тергов ҳали ҳам давом этаётганини таъкидладилар.
Бокудаги депутат: Россия самолёт ҳалокати учун узр сўраши керак
Россия томони Azerbaijan Airlines (AZAL) фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши керак, деди Озарбойжон парламенти депутати Расим Мусабеков 26 декабр куни кечқурун маҳаллий Turan нашрига берган интервюсида. «Самолёт Россия ҳудудида, Грозний осмонида уриб туширилган ва буни инкор этиб бўлмайди», — дейилади Мусабеков баёнотида. Депутат — Озарбойжон Мажлисининг Халқаро муносабатлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.
Мусабековнинг сўзларига кўра, Россияда «вазиятга адекват муносабатда бўлиш ва узр сўраш» ўрнига, «баъзи одамлар ўз изларини яшириш учун оммавий ахборот воситаларида муайян ҳаракатлар қиляпти». «Буни содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилиши керак, одамларнинг ўлими ва қурбонлар учун товон пули тўланиши керак, агар бу содир бўлмаса, муносабатлар, албатта, бошқа даражага ўтади», деди парламентарий.
Депутат, шунингдек, Озарбойжон томони «2020 йилнинг 44 кунлик уруши» пайтида Россия ҳарбий вертолёти ҳалокати учун узр сўрагани ва товон тўлагани, унга кўра айбдорлар жазоланганини эслатди. «Агар ҳаво мудофааси ишлаган бўлса, унда ҳеч ким учиб келмаслиги учун аэропорт ёпилиши керак эди», — деди Мусабеков.