Магнус Карлсен жинси кийгани сабаб рапид бўйича жаҳон чемпионатидан четлатилди
Тезкор шахмат ва блиц бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен дресс-кодни бузган ҳолда турнирга жинсида келди ва уни алмаштиришни истамади. Ушбу ҳаракати учун норвегиялик шахматчи дисквалификация қилинди.
Норвегиялик Магнус Карлсен дресс-код қоидаларини бузгани учун рапид бўйича жаҳон чемпионатидан дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди.
Қайд этилишича, аввалига Карлсен мусобақага жинсида келгани учун 200 доллар жаримага тортилган. Рапид ва блиц бўйича амалдаги жаҳон чемпиони уст-бошини алмаштиришдан бош тортган, шу боис у турнирдан четлатилган. Бундан олдин россиялик шахматчи Ян Непомняший кроссовкада келгани учун 200 доллар жаримага тортилганди, аммо у оёқ кийимини алмаштириб олганидан кейин чемпионатдаги иштирокини давом эттирган.
«FIDE’нинг тезкор шахмат ва блиц бўйича жаҳон чемпионати қоидалари, жумладан, дресс-код барча иштирокчилар учун профессионализм ва адолатни таъминлашга қаратилган. Бугун Магнус Карлсен тадбир қоидаларини яққол бузган ҳолда жинси кийиб, дресс-кодга амалга қилмади. Бош арбитр Карлсенга қоидабузарлик ҳақида маълум қилди, 200 доллар миқдорида жарима белгилади ва ундан кийимини алмаштиришни сўради», — дейилади FIDE хабарида.
Карлсен эса талабга бўйсунмаган ва тўққизинчи турдаги ўйинларга қўйилмаган.
FIDE’нинг қўшимча қилишича, дресс-код тўғрисидаги қоидалар анча йиллардан бери амалда ва барча иштирокчиларнинг ундан хабари бор. «FIDE, шунингдек, шахматчиларнинг яшаш жойи ўйинлар ўтказиладиган манзилдан бир неча дақиқа ичида пиёда келишига имкон берадиган узоқликда жойлашган бўлиши ҳақида ҳам қайғурган, бу қоидаларга риоя қилинишини янада қулайлаштиради. FIDE шахмат ва унинг қадриятлари, шу жумладан, барча иштирокчилар риоя қилишга рози бўлган қоидалар тарғиботига олдингидек содиқ», — дея таъкидланади хабарда.
Дисквалификациядан кейин Карлсен рапид турнирдан кейин бошланадиган блиц бўйича чемпионатда иштирок этмаслигини маълум қилди. Ўтган саккиз тур давомида у беш очко билан 41-ўринни эгаллаб келаётган эди.
«Барчаси жойида, FIDE ўз талабларини илгари суриши мумкин, мен қарши эмасман. Жавобим — ажойиб, унда мен кетаман», — дейди норвегиялик шахматчи.
Маълумот учун, Магнус Карлсен 2013-2023 йилгача – классик шахмат йўналишида, 2014-2016, 2019, 2022 йил – рапид бўйича, 2014-2015, 2017-2019 ва 2022 йил блиц йўналишида ғолибликни қўлга киритган. Шунингдек, 2023 йилда у илк бор шахмат бўйича жаҳон кубогига эга чиққан.
Мавзуга оид
23:07 / 05.12.2024
Доғистонда рақибини симоб билан заҳарлашга уринган шахматчига жиноий иш очилмайдиган бўлди
17:51 / 05.11.2024
4 яшар ҳиндистонлик FIDE рейтингига кирган энг ёш шахматчи бўлди
17:45 / 08.10.2024
“Шахматдан чалғимаслик учун телефон ҳам ишлатмайман” – Шамсиддин Воҳидов
20:43 / 22.09.2024