Оқтовда қулаган самолёт ягона ҳодиса эмас – Embraer E190 билан содир бўлган ҳалокатлар
Бундан бир неча кун олдин Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига қарашли Боку-Грозний йўналишида парвоз қилаётган Embraer E190 самолёти қулаб тушди. Оқибатда йўловчиларнинг бир қисми ҳалок бўлди, қолганлари шифохонага ётқизилди. Бу Embraer E190 самолётлари билан содир бўлган ягона ҳалокат эмас.
2024 йил 25 декабр куни фуқаро авиацияси тарихида яна бир аянчли ҳодиса юз берди. Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясига қарашли Боку-Грозний йўналишида парвоз қилаётган Embraer E190 самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушди.
Оқибатда самолёт бортида бўлган 62 йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоларидан 38 нафар одам ҳалок бўлди. 29 киши тирик қолди, бироқ уларнинг айримлари шифохонада оғир аҳволда қолмоқда.
Самолётнинг қулаб тушиши бўйича бир нечта тахмин билдирилди. Жумладан, Грозний ва Махачқалъа аэропортлари уни қалин туман туфайли қабул қилмагани ва шу сабабли самолёт Оқтовга учишга мажбур бўлгани айтилди.
Кейинроқ Embraer E190 қушлар галасига дуч келгани ва оқибатда самолётда носозлик кузатилиб, у қулаб тушгани ҳақида маълумотлар тарқалди.
Ҳалокатдан бир кун ўтиб Euronews телеканали ўз манбасига таяниб самолётга Грозний тепасида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ракета зарбаси бергани ҳақида хабар берди.
Унга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Грознийда дронлар “фаоллашган” вақтда (шу вақтда Кавказдаги регионларга украин дронлари ҳужум қилаётганди) AZAL самолёти томонга ракета учирган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган. Буни Euronews телеканалининг Озарбойжон ҳукуматидаги манбалари ҳам тасдиқлаган.
Euronews телеканалининг манбалари учувчилар фавқулодда қўнишни сўраганига қарамай, шикастланган самолётга Россия аэропортларига қўнишга рухсат берилмаганини айтган. Экипажга Каспий денгизи орқали Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри томон учиш кераклиги айтилган.
Маълум бўлишича, Embraer самолётлари жуда ишончли ва улар илк парвозларни бошлаган 2002 йилдан буён Оқтовдаги ҳодисагача бор-йўғи иккита ҳалокат содир бўлган.
Қуйида Embraer самолётлари тарихи ва улар билан содир бўлган ҳалокатлар ҳақида сўз юритамиз.
Embraer E-Jet самолётлари
Embraer E-Jet туркумига кирувчи самолётлар кичик фюзеляжли, ихчам самолётлар бўлиб, уларни Бразилиянинг Embraer компанияси ишлаб чиқаради.
Бу туркумдаги самолётларнинг дастлабкиси Embraer E170 деб номланган ва илк бор 1999 йил Париж авиасалонида оммага намойиш этилган. 2001 йилдан бошлаб у серияли тарзда ишлаб чиқарилган.
Самолёт 2002 йил февралда илк тижорий парвозни амалга оширган. Ундан тўлақонли фойдаланиш 2004 йил мартда бошланган.
Кейинчалик бу турдаги самолётларнинг Embraer E175, Embraer E190 ва Embraer E195 деб номланган русумлари ҳам ишлаб чиқарилган.
Бу тўртта русум бир-биридан бироз фарқ қилади. Илк русумдан фарқли равишда кейинги русумларда йўловчилар ўрни бироз ошириб борилган.
Embraer E170 да йўловчилар ўрни 66-78 оралиғида бўлган. Embraer E175 да улар 78-88 тага етказилган. Embraer E190 да йўловчи ўрни 98 тадан 114 тагача етказилган.
Самолётнинг узунлиги ҳам йўловчилар ўрни кўпайишига қараб ошиб борган. Масалан, Embraer E170 нинг узунлиги 29,90 метр бўлган. Embraer E190 нинг узунлиги эса 36,24 метрга етган.
Шунингдек, самолёт қанотларининг узунлиги, баландлиги, оғирлиги, максимал учиш вазни, ёқилғи сарфи кейинги русумларда ошиб бораверган.
Embraer E-Jet самолётлари парвоз вақтида 12 500 метр баландликкача кўтарилади. Embraer E170 ва Embraer E175 самолётлари 3 900, Embraer E190 эса 4 260 километргача уча олади.
Кейинчалик компания Embraer E190 Е2 ва Embraer E190 Е2 русумли самолётларни ҳам ишлаб чиқарган. Шу тариқа Embraer E-Jet туркумига кирувчи самолётлар русуми олтитага етган.
Embraer E-Jet туркумига кирувчи самолётлар анча ишончли ва авиакомпаниялар орасида оммабоп ҳисобланади. Уларга Канаданинг Bombardier CRJ-1000, Airbus A220-100 ва Airbus A318, Boeing 717, Boeing 737-500 ва Boeing 737-600 самолётлари рақобат қилади.
Дунё авиасаноатида рақобат кучли бўлишига қарамасдан кўплаб авиакомпаниялар ўрта масофаларга парвозларда айнан Embraer E-Jet самолётларидан фойдаланишади.
Илк ишлаб чиқарилганидан бошлаб ҳозиргача Бразилия компанияси Embraer E-Jet туркумига кирувчи самолётлардан 2 минг донадан ошиқроқ тайёрлаб сотган.
Бу самолётларнинг ўртача нархи жиҳозланишига қараб 28-40 млн долларни ташкил этади.
Embraer E-Jet самолётларидан энг кўп АҚШнинг Republic Airways, SkyWest Airlines, Envoy Air, Mesa Airlines каби авиакомпаниялари фойдаланади.
Собиқ иттифоқ давлатлари орасида бу самолётдан энг кўп Россиянинг S7 Airlines авиакомпаниясида бор.
Ҳалокатлар
Илк парвоз давридан буён Embraer E-Jet туркумига кирувчи самолётлар билан жами 12 марта нохуш ҳодиса содир бўлган. Оқтовдаги ҳодисани ҳам қўшиб ҳисоблаганда уларнинг учтаси ҳалокат билан тугаган.
Қолган тўққизтасида йўловчилар жабрланмаган, фақат самолётларга турли даражада шикаст етган. Битта ҳодисада самолётни олиб қочмоқчи бўлган икки йўловчи ўлдирилган.
1. Ичундаги ҳалокат (Хитой)
2010 йил 24 август куни Хитойнинг “Henan Airlines” авиакомпаниясига қарашли Embraer E190 самолёти Харбин-Ичун йўналишида парвоз қилади. Самолётда 91 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бор эди.
Самолёт Ичун шаҳрига етиб борганда у ердаги аэропортда туман туфайли кўриш масофаси 300 метр бўлган. Ана шундай вазиятда учувчилар қўнишга қарор қилишади.
Шунда учиш-қўниш йўлакчасига тушган самолёт ҳалокатга учрайди ва ёниб кетади. Оқибатда, самолётда бўлганларнинг 44 нафари ҳалок бўлади. 54 киши тирик қолади.
Ҳалокатга қалин туманда учиш-қўниш йўлакчасидаги чизиқларни кўрмай қўнишга қарор қилган учувчилар айбдор деб топилади.
2. Самолётни олиб қочишга уриниш (Хитой)
2012 йил 29 июн куни Хитойда ички қатновларни амалга оширадиган Tianjin Airlines авиакомпаниясига қарашли Embraer Е190 самолёти Хўтандан Урумчига парвоз қилаётганида террорчилар уни олиб қочишга уринишади.
Шунда учувчилар самолётни дарҳол Хўтан аэропортига қайтариб олиб келишади ва муваффақиятли қўндиришади. Ўша пайтда йўловчилар самолётни эгаллаб олганларга қарши чиқишади ва полицияга ёрдам беришади.
Ҳодисада икки нафар террорчи ўлдирилади. Тирик қолганлари полицияга таслим бўлади. Турли маълумотларга кўра, йўловчилардан 9-20 нафари, яна икки нафар полициячи ва стюардесса тан жароҳати олади.
3. Бвабватадаги ҳалокат (Мозамбик)
2013 йил 29 ноябр куни Африка қитъасидаги Мозамбик давлатида Embraer Е190 самолёти ҳалокатга учрайди.
Маҳаллий LAM Mozambique Airlines авиакомпаниясига қарашли самолёт Мапуту-Луанда йўналишида парвоз қилиш учун ҳавога кўтарилади.
Орадан 1 соат 50 дақиқа ўтгач Embraer Е190 ерга қулаб тушади ва тўлиқ парчаланиб кетади. Самолёт қолдиқларини орадан бир кун ўтгач Бвабвата миллий боғи ҳудудидан топишади.
Ҳалокат оқибатида самолёт бортида бўлган 27 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлади. Ҳодисага учувчилардан бири парвоз вақтида ўз жонига қасд қилгани сабаб бўлган деб топилади.
Махсус комиссия хулосасига кўра, иккинчи учувчи ҳожатхонага бориш учун ташқарига чиққанда экипаж командири учувчилар кабинаси эшигини қулфлаб олади. Сўнг у ўз жонига қасд қилади. Оқибатда, бошқарувчисиз қолган самолёт қулаб тушади.
4. Виктория де-Дурангода қулаб тушган самолёт (Мексика)
2018 йил 31 июл куни Мексиканинг Aeromexico Connect авиакомпаниясига қарашли Embraer Е190 Виктория де-Дуранго – Мехико йўналишида парвозни бошлайди.
Бироқ орадан бор-йўғи 6 сония ўтгач самолётнинг чап қаноти учиш-қўниш йўлакчасида ерга тегади ва Embraer Е190 қулаб тушади.
Оқибатда самолёт 360 метр жойга судралиб боради ва унда ёнғин содир бўлади. Самолёт қулаб тушганда унинг иккита двигатели ўрнидан отилиб чиқиб кетади.
Ўшанда самолёт бортида бўлган 98 йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоларидан ҳеч ким ҳалок бўлмайди. 39 киши жароҳатланади ва самолёт яроқсиз ҳолга келади. Кўп ўтмай самолётнинг қулаб тушишига тўсатдан эсган кучли шамол сабаб бўлган деб топилади.
5. Лиссабондаги ҳодиса (Португалия)
2018 йил 11 ноябр куни Қозоғистоннинг Air Astana авиакомпаниясига тегишли Embraer Е190 Алверка-ду-Рибатежу – Минск – Олмаота йўналишида парвоз қилиш учун ҳавога кўтарилади.
Орадан олти дақиқа ўтгач самолёт бошқарувида муаммолар келиб чиқади. Учувчилар шу ҳолда парвоз қилишда давом этишади, бироқ муаммони бартараф этишнинг иложи бўлмайди.
Парвоз бошланганидан бир ярим соат ўтгач Embraer Е190 Португалия пойтахти Лиссабон яқинидаги Бежа авиабазасига фавқулодда қўнишга мажбур бўлади.
Ўшанда самолёт бортида уч нафар учувчи ва уч нафар йўловчи бўлган. Ҳодисада уларнинг бир нафари жароҳатланади.
Кейинчалик самолётга аввалроқ техник хизмат кўрсатилганда айрим ускуналар нотўғри ўрнатилгани ва оқибатда носозлик кузатилгани маълум қилинади.
Шунингдек, 2007 йилда АҚШнинг Кливленд ва Колумбининг Санта-Марта шаҳрида, 2011 ва 2016 йилларда Эквадор пойтахти Кито ва Куэнка шаҳрида, 2019 йилда Мянманинг Мандалай шаҳрида, 2024 йил февралда Сербия пойтахти Белград шаҳрида Embraer E-Jet самолётлари билан нохуш ҳодисалар содир бўлган.
Бу ҳодисаларда йўловчилар ва экипаж аъзолари тан жароҳатлари олмаган. Фақат самолётларга кичик шикаст етган.
Оқтовда қулаган самолёт Россия ракетаси билан уриб туширилгани айтилмоқда
Материал тайёрланаётганда Reuters ахборот агентлиги AZAL’га тегишли самолёт Россиянинг “Панцир-С” тизими билан уриб туширилгани ҳақида хабар тарқатди.
Унга кўра, агентликнинг Озарбойжондаги тергов жараёнидан хабардор бўлган тўрт манбаси Қозоғистон ҳудудига қулаган самолёт Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбасига дучор бўлганини тасдиқлаган.
Reuters суҳбатдошларидан бири дастлабки маълумотлар самолёт Россиянинг «Панцир-С» зенит ракета-тўп комплекси (ЗРПК) орқали уриб туширилгани, Грозний атрофида радиоэлектрон кураш тизимлари ишга туширилгани туфайли лайнерда алоқа “фалаж ҳолатга” келганини кўрсатаётганини таъкидлаган.
“Ҳеч ким буни атайлаб қилинган дея олмайди. Аммо аниқланган фактларни ҳисобга олган ҳолда Боку Россия томони Озарбойжон самолётини уриб туширганини тан олишини кутмоқда”, деган у.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
18:57 / 04.12.2024
Анталяда ёнган Superjet: инқирозга юз тутган Россия авиасаноати
16:28 / 30.11.2024
2024 йилда инсон фаолияти туфайли денгиз ва океанларда 50 минг сутемизувчи нобуд бўлди
14:11 / 29.11.2024
Варшавада самолётда учишга рухсат берилмаган ўзбекистонлик фуқарога ёрдам кўрсатилди
14:01 / 15.11.2024