Жаҳон | 21:05 / 28.12.2024
4778
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Путин Словакия бош вазирига Украинага қарши «иккинчи энергетика фронти» очишни буюрди

Володимир Зеленский Словакия бош вазирининг Украинага электр таъминотини тўхтатиш борасидаги таҳдидларини танқид остига олди. У «Москвадан берилган буйруқлар Украинага электр энергияси импортини тўхтатишга олиб келмаслигини» таъкидлади.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Украина президенти Володимир Зеленский Украинага электр таъминотини тўхтатиш билан таҳдид қилган Словакия бош вазири Роберт Фицони танқид қилди.

«Афтидан, Путин Фицога Словакия манфаатлари ҳисобига Украинага қарши иккинчи энергетика фронтини очиш топшириғини берган кўринади. Фақат бу Фицонинг қишда, Россия зарбалари шароитида Украинага электр энергияси етказиб беришни тўхтатиш таҳдидини англатиши мумкин», — дейилади Зеленскийнинг Telegram каналида.

Зеленский Фицога мурожаат қилиб, «жиноий Россиянинг агрессиясини қўллаб-қувватлаш мутлақо ахлоқсизлик» эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бош вазирнинг «узоқни кўра билмайдиган сиёсати» Словакия халқини йўқотилган Россия гази учун компенсациясиз, шунингдек, Украина электр энергияси учун тўлаётган йиллик 200 миллион долларсиз қолдириши мумкин.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Украинага етказиб бериладиган электр энергиясида Словакиянинг улуши қарийб 19 фоизга тенг ва ҳозирда мамлакат ҳукумати ЕИдаги қўшни давлатлар билан керакли электр таъминоти ҳажмини сақлаб қолиш бўйича иш олиб бормоқда.

«Словакия ягона Европа энергобозорининг бир қисми ҳисобланади ва Фицо умумевропа қоидаларини ҳурмат қилиши керак. Братиславадаги ҳар қандай ўзбошимча қарор ёки Фицога электр таъминоти бўйича Москвадан берилган буйруқлар Украинага электр энергияси импортини тўхтатишга олиб келмайди, аммо Словакиянинг амалдаги ҳокимияти ва Европа ҳамжамияти ўртасидаги муносабатлар бузилишига сабаб бўлади», — дейди Зеленский.

27 декабр куни Фицо Украина Россия газини Европага транзит қилишдан бош тортса, Словакия ушбу мамлакатга электр таъминоти етказиб берилишини тўхтатишини маълум қилганди. Словакия бош вазири газ транзитининг тўхтатилишини бутун Евроиттифоқ тўлашга мажбур бўладиган «фавқулодда қиммат ишора» деб атаганди.

Бир неча кун олдин Фицо Москвага ташриф буюриб, РФ президенти Владимир Путин билан учрашди. Украина президенти Фицони Россия президенти Владимир Путин билан «махфий келишувлар»да ва «пул учун курашаётганликда, аммо бу пуллар Словакия учун назарда тутилмаганликда» айблади. 

Мавзуга оид