Шавкат Мирзиёев самолёт ҳалокати юзасидан Жанубий Корея президентига ҳамдардлик билдирди
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 179 киши ҳалок бўлган. Икки киши қутқариб қолинган.
Шавкат Мирзиёев Кореянинг Муан шаҳрида рўй берган авиаҳалокат оқибатида йўловчилар ҳалок бўлгани муносабати билан Корея президенти вазифасини бажарувчи Чой Санг Мокка таъзия мактуби йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар бермоқда.
“Давлатимиз раҳбари Корея халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади”, дейилади хабарда.
Ҳодиса бугун, 2024 йил 29 декабр куни эрталаб соат 9:07 да (Тошкент вақти билан 5:07) содир бўлди. Jeju Air компаниясининг Boeing 737−8AS йўловчи самолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб, тўсиққа урилган ва ёниб кетган.
Сўнгги маълумотларга кўра, самолёт бортида жами 181 киши бор эди: 175 йўловчи ва 6 экипаж аъзоси. Улардан 179 нафари ҳалок бўлган. Бир нафар йўловчи ва экипаж аъзоларидан бири қутқариб қолинган.
Йўловчиларнинг аксари, 173 киши — Жанубий Корея, яна икки нафари — Таиланд фуқаролари бўлган. Ҳалокат сабабларини аниқлаш учун тергов бошланган.
Маълумот учун, Кореядаги ҳодиса сўнгги кунларда содир бўлган учинчиси ҳисобланади. Бундан аввал 2024 йил 25 декабр куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига қарашли Боку — Грозний йўналишида парвоз қилаётган Embraer E190 самолёти қулаб тушди. Оқибатда самолёт бортида бўлган 62 йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоларидан 38 нафар одам ҳалок бўлди. 29 киши тирик қолди, бироқ уларнинг айримлари шифохонада оғир аҳволда қолмоқда.
Бугун, 2024 йил 29 декабр куни Канаданинг Ҳалифакс шаҳрида PAL Airlines авиакомпаниясининг Сент-Жонсдан учиб келган 2259 Air Canada Express самолёти қаттиқ қўнишни амалга оширган.
CBC News хабарига кўра, самолёт учиш-қўниш йўлагида сирпаниб кетган ва унинг бир қисми ёна бошлаган. Шундан сўнг йўловчилар ва экипаж аъзолари дарҳол эваукация қилинган ва ёнғин ўчирилган.
Мавзуга оид
17:47 / 31.12.2024
Жанубий Корея ҳарбийлари самолёт ҳалокатидан кейин мамлакат авиапаркини текширишни бошлади
20:17 / 27.12.2024
Учта вилоятда «булутли» маълумотлар маркази ишга туширилади
07:50 / 27.12.2024
Ўзбекистон президентининг Россияга амалий ташрифи якунланди
20:15 / 26.12.2024