Жаҳон | 12:41 / 30.12.2024
2074
2 дақиқада ўқилади

Алиев: AZAL хавфсизлик нуқтайи назаридан РФ шаҳарларига парвозларни тўхтатди

Azerbaijan Airlines самолёт ҳалокатидан сўнг «хавфсизлик муаммолари» туфайли Россиянинг айрим шаҳарларига парвозларни тўхтатди, деди Озарбойжон президенти Илҳом Алиев маҳаллий телевидениега берган интервюсида.

Фото: president.az

Azerbaijan Airlines (AZAL) Бокудан Грознийга учаётган Embraer 190 самолёти ҳалокатга учраганидан сўнг «хавфсизлик муаммолари» туфайли Россиянинг қатор шаҳарларига парвозларни тўхтатди. Бу ҳақда президент Илҳом Алиев 29 декабр, якшанба куни AZTV Озарбойжон телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

«AZAL Россиянинг етти шаҳрига парвозларни номаълум муддатга тўхтатди. Шу билан бирга, биз Россиянинг уч шаҳридан Озарбойжонга ҳаво қатновини тўхтатиб қўйдик. Хавфсизлик учун биринчи ўринда туради», деди у. Алиевнинг таъкидлашича, у бу шаҳарларга парвозлар қачон тикланишини билмайди, бироқ Боку «Россия ҳаво ҳудуди хавфсизлиги масалаларини» ҳисобга олади.

РФда AZAL борти қўнаётган вақтда Грознийга УУА ҳужум қилгани тасдиқланди

Росавиация Azerbaijan Airlines (AZAL) самолёти Грознийга қўнаётган вақтда шаҳарга Украина учувчисиз учоқлари ҳужум қилганини тасдиқлади. «Ўша куни ва ўша соатларда Грозний аэропорти ҳудудидаги вазият жуда оғир эди, ўша пайтда Украинанинг жанговар учоқлари Грозний ва Владикавказ шаҳарларидаги фуқаролик инфратузилмасига террористик ҳужумлар уюштирди. Грозний аэропорти ҳудудида махсус режим жорий қилинди, у барча самолётларнинг белгиланган ҳудуддан зудлик билан чиқиб кетишини назарда тутади», деди 27 декабр куни идора бошлиғи Дмитрий Ядров.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, аэропорт ҳудудида 500 метр баландликда зич туман бўлган. Учувчилар самолётни икки марта қўндирмоқчи бўлган, бироқ муваффақиятсизликка учраган. Ядровнинг айтишича, самолёт командирига қўниш учун Россия Федерациясининг бошқа аэропортлари таклиф қилинган, бироқ у гўёки Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига учишга қарор қилган. «Биргаликда ўрганилиши керак бўлган жуда кўп турли хил ҳолатлар мавжуд, биз ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда бу ишга тўлиқ тайёрмиз», деди Росавиация раҳбари.

Мавзуга оид