Фан-техника | 21:12 / 30.12.2024
2347
2 дақиқада ўқилади

Ақлли соатлар тасмасида организм учун зарарли моддалар аниқланди

“Абадий химикатлар” деб номланган ушбу моддалар онкологик касалликлар хавфини ошириши мумкин.

Фото: Getty Images

АҚШнинг Нотр-Дам университети тадқиқотчилари бир қатор машҳур брендларнинг ақлли соатлари тасмасида кўп миқдорда перфторалкил ва полифторалкил бирикмалари (PFAS) борлигини аниқлади. “Абадий химикатлар” деб номланган ушбу моддалар парчаланишга қийинлиги сабабли соғлиқни сақлаш ва экология соҳасидаги мутахассисларда хавотир уйғотмоқда.

Доктор Грем Ф. Писли раҳбарлигидаги тадқиқот гуруҳи Apple, Google, FitBit, Samsung ва бошқа брендларнинг турли нархдаги 22 та соати тасмасини текширди. Натижада, фтореластомердан тайёрланган тасмаларда перфторгексан кислотасининг (PFHhA) миқдори сезиларли даражада юқори экани аниқланди. Эътиборлиси шундаки, ушбу намуналардаги PFHhA концентрацияси одатдаги истеъмол товарларида (кийимлар бўёғи, озиқ-овқат қадоқлари, соябонлар, косметика, ёнғинга чидамли идишлар, шампунлар ва ҳоказо) кузатиладиган даражадан анча юқори экани маълум бўлди.

Тасмасида PFAS миқдори юқори бўлган кўпчилик ақлли соатларнинг спорт ва фитнес машғулотлари учун мўлжаллангани алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Улардан жисмоний машқлар пайтида фаол фойдаланилади, бу эса PFAS соат эгасининг териси орқали организмга тушиши хавфини ошириши мумкин.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, PFAS’нинг инсон организмига таъсири соғлиққа бир қатор салбий оқибатлар келтириб чиқаради. Буларга онкологик касалликлар хавфининг ортиши, эндокрин тизими бузилишлари, иммунитетнинг заифлашуви ва болаларда ривожланиш кечикиши кабилар киради. Бироқ “абадий химикатлар”нинг тери орқали таъсир қилиш механизмлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган бўлиб, бу йўналишда қўшимча тадқиқотлар зарур.

Етакчи электроника ишлаб чиқарувчилари фтореластомерлардан ясалган тасмаларга эътибор қаратмоқда: улар узоқ муддат хизмат қилади, ташқи таъсирларга ҳам чидамли. Илмий ҳамжамият ушбу материалларни тақиладиган қурилмаларда қўллаш билан боғлиқ потенциал хавфларни чуқурроқ ўрганишга чақирмоқда.

Мавзуга оид