Жаҳон | 22:24 / 31.12.2024
4197
2 дақиқада ўқилади

Римда бошпанасизлар учун қишки палаткалар пайдо бўлди

Италия пойтахти кенгаши қишда бошпанасиз инсонлар учун мўлжалланган навесли конструкцияларни қуришга 4,3 миллион евро ажратгани маълум бўлди. Аммо Римда 22 мингга яқин бошпанасизлар бўлиб, бу уларнинг барчасини қамраб олишга етмайди.

Рим муниципалитети совуқ қиш ойларида бошпанасизлар учун навесли конструкцияларини қуришга 4,3 миллион евро ажратди, деб хабар беради Euronews.

Қайд этилишича, 2024 йил баҳорда Рим шаҳар кенгаши қишда бошпанасиз инсонлар учун мўлжалланган навесли конструкцияларни қуришга 4,3 миллион евро ажратган. Режага кўра, Термини, Тибуртина, Остиенсе ва Сан-Петро вокзалларида ҳар бири 70 кишини сиғдира оладиган ҳамда 24 соат фаолият юритувчи тўртта палаткали бошпана иш бошлаши керак эди. Уларни 2025 йилда Римнинг юбилиейи муносабати билан фойдаланишга топшириш режалаштирилганди.

Лойиҳа жойлар сонининг камлиги ва вақтинча экани боис тандиқларга учрамоқда. Римда 22 мингга яқин бошпанасизлар мавжуд, маҳаллий ҳукумат бу каби тураржой манзиллари сонини оширишни ваъда қилаётган бўлсада, ушбу чоралар муҳтожларнинг фақат кичик қисмини қамраб олади холос.

Caritas Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг 2024 йилги ҳисоботида таъкидланишича, Италияда мутлақ қашшоқлик янги нуқтага чиққан — у мамлакат аҳолисининг қарийб 10 фоизини (5,7 миллион киши) қамраб олган. Ҳисобот муаллифларига кўра, италияликлар тушиб қолаётган оғир вазият нафақат иқтисодий, балки уй-жой, соғлиқни сақлаш ва таълим олиш каби эҳтиёжларни ҳам ўз ичига олади.

ISTAT маълумотларида келтирилишича, 2021 йилда Италиядаги 2198 та муниципалитетда 96 мингдан зиёд бошпанасиз инсон яшаган. Уларнинг ярми олтита муниципалитет ҳисобига тўғри келади, хусусан, Римнинг ўзида жами бошпанасизларнинг 23 фоизи яшайди.

Европа парламенти муносиб уй-жойга эга бўлишни инсоннинг асосий ҳуқуқларидан деб ҳисоблайди. Шунга асосланиб, ЕИ қонун чиқарувчи органи 2020 йил 24 ноябрдаги резолюциясида блокка аъзо давлатлардан 2030 йилгача уйсизлар муаммосини ҳал этишни талаб қилган.

Мавзуга оид