Жаҳон | 23:20 / 02.01.2025
5211
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг BYD компанияси электромобиллар савдоси бўйича Tesla’га яқинлашмоқда

BYD савдолари ҳажмининг ошиши Хитой ички бозорида талаб ортгани, шунингдек, иккинчи ярим йилликда давлат субсидияларининг ошгани билан изоҳланмоқда.

Фото: Reuters

Хитойнинг BYD Co автомобил ишлаб чиқарувчиси 2024 йилни рекорд даражадаги савдолар билан якунлади — компания умумий йўловчи транспорт воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини 4,25 миллион донага етказди.

Қайд этилишича, декабр ойида BYD 509 мингдан зиёд гибрид ва электромобил сотиш орқали янги рекордни ўрнатган. Бу компанияга йиллик автомобиллар савдоси ҳажмини 1,76 миллионга етказишга ёрдам берган. Умумий ҳисобда бир йил давомида савдолар ҳажми ундан олдинги йилга нисбатан 41 фоизга ошган.

BYD савдолари ҳажмининг ошиши Хитой ички бозорида талаб ортгани, шунингдек, иккинчи ярим йилликда давлат субсидияларининг ошгани билан изоҳланмоқда. Бундан ташқари, компания харидорларга қўшимча имтиёзларни ҳам таклиф қилмоқда, бу ҳам савдолар ҳажмининг ошишига хизмат қилган.

Tesla эса ҳозирча электромобиллар савдоси бўйича етакчи. Йиллик савдолар ўсиши прогнозига эришиш учун Tesla 2024 йилнинг охирги уч ойида 515 минг дона электромобил сотиши керак эди. Таҳлилчилар 510 минг 400 та электромобил сотилишини прогноз қилган, бу Tesla кутилмаларидан пастроқ. BYD савдолари ҳажмининг ўсиши компанияга дунёнинг энг яхши автомобил ишлаб чиқарувчилари орасидан мустаҳкам ўрин эгаллашига ёрдам беради. Умумий савдолар ҳажми ошгани эса уни йиллик савдолар бўйича Ford ҳамда Hondaʼни ортда қолдиришга яқинлаштиради.

Аввалроқ Бразилия ҳукумати Хитойнинг электромобил ишлаб чиқарувчи гигант компанияси — BYD заводи қурилишини тўхтатган эди. Бунга ишчилар “қуллардек” яшаётгани сабаб бўлган.

Мавзуга оид