Жаҳон | 23:14 / 03.01.2025
7815
2 дақиқада ўқилади

Жо Байденнинг рафиқаси Украина элчисидан 14 минг долларлик тўғноғич олгани маълум бўлди

АҚШ президенти оиласи бир йил давомида хорижлик етакчилардан олган совғаларига оид ҳисобот эълон қилинди. Жилл Байденга энг қиммат совғани Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди берган — 7,5 қиротли долларлик бриллиант.

Фото: EPA

АҚШ президенти Жо Байденнинг оиласи 2023 йилда хорижлик етакчилардан ўн минглаб долларлик совғалар қабул қилиб олди. Бу ҳақда Давлат департаменти томонидан эълон қилинган йиллик молиявий ҳисоботда сўз боради.

Совғалар орасида Жанубий Кореянинг яқинда импичмент эълон қилинган президенти Юн Сок Ёл топширган 7,1 минг долларлик эсдалик фотоалбоми, Мўғулистон бош вазири берган 3495 доллар турадиган мўғул жангчисининг ҳайкалчаси ҳам бор. Шунингдек, АҚШ президентининг рафиқаси Жилл Байден Украинанинг Қўшма Штатлардаги элчисидан 14 минг долларлик тўғноғични қабул қилиб олган.

Украина етакчиси Володимир Зеленский эса ўз навбатида президент оиласига 2,4 минг долларга баҳоланган коллажни совға қилган.

АҚШнинг биринчи хоними энг қиммат совғани Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модидан қабул қилиб олган: қиймати 20 минг долларга етадиган 7,5 қиротли бриллиант. Ушбу қимматбаҳо буюм Оқ уйнинг шарқий қанотида қолган: президент оилалари қимматли совғаларни ҳар доим бўлмаса-да, кўпинча Миллий архивга топширади — ушбу буюмлар у ерда намойишга қўйилади.

Федерал қонунга кўра, америкалик амалдорлар қиймати 480 доллардан ошадиган олган барча совғалари тўғрисида ҳисобот беришлари керак. Шу билан бирга, совғани олган инсонда уни ҳукуматдан бозор нархида сотиб олиш имконияти мавжуд.

Мавзуга оид