Ўзбекистон | 18:35 / 04.01.2025
42833
4 дақиқада ўқилади

“Катта миқдорда маош берамиз дейишди” – Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонликка ҳукм ўқилди

У ўз кўрсатмасида ўндан ортиқ украин аскарини ўлдирганини айтган.

Иллюстратив фото: РИА Новости

Россия Қуролли кучлари сафига қўшилган, Марҳамат туманида яшовчи эркак жиноий жавобгарликка тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1985 йилда туғилган Т.А. ишлаб пул топиш мақсадида 2023 йил апрел ойида Россиянинг Москва шаҳрига борган. У ерда мавсумий ишларда ишлаб юриши давомида Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши жангларда иштирок этган.

Жумладан, Т.А. 2023 йил 21 июл куни Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган. Ушбу шартномага асосан Россия армияси сафида Украинанинг Шахта ва Бахмут шаҳарларидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган. 2023 йил 31 декабр куни эса Ўзбекистонга қайтиб келган.

Т.А. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

2023 йил 17 апрел куни Москва шаҳрига бордим. Дастлаб 15 кун “Сарок” дўконида қассобчилик билан шуғулландим. 2023 йилнинг тахминан май ойи бошида “Наватек” нефт биржасига ишга кирдим. У ерда Россия фуқароси Игор Вилодимович билан танишдим. Игор Вилодимович менга Россия ва Украина ўртасида бўлиб ўтаётган урушда Россия Қуролли кучлари номидан иштирок этишини таклиф қилди. Ёлланиши эвазига менга катта миқдорда маош берилишини, урушда иштирок этишидан олдин Россия Қуролли кучлари билан ўзаро шартнома тузилишини, агарда урушда жароҳат олсам товон пули ҳам берилишини айтди.

Унинг таклифига қизиқиб қолдим. 2023 йил июн ойида Россия Қуролли кучлари билан ҳарбий хизматга кириш ва ўқув машғулотларидан ўтиш бўйича ўзаро шартнома туздим. Мазкур шартномага асосан 2 ой муддатга ҳарбий ўқув машғулоти ўташ учун Москва шаҳридаги ўқув полигонига бордим. У ерда ҳарбий қуроллардан отиш машғулотларини ўрганиб олдим.

2023 йил 21 июл куни Россия Қуролли кучлари билан шартнома туздим. Унга асосан жанговар ҳаракатларда иштирок этишим учун менга ҳар ой 450 минг рубл пул тўланиши белгиланди. Дастлаб 2 маротаба 150 минг рубл берилди, лекин кейинчалик ҳеч қандай тўлов амалга оширилмади.

2023 йил июл ойи охирларида Россия Қуролли кучлари томонидан Украинанинг Шахта ва Бахмут шаҳарларида амалга оширилаётган жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун бордим. 2023 йил ноябр ойига қадар жанговар ҳаракатларда иштирок этдим. Украинанинг 10 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиларини ўлдирдим. Жанговар ҳаракатларда яхши иштирок этганим учун Россия Қуролли кучларининг разведка бўлимига ўтказишди. Сўнг Украина давлатининг Луҳанск шаҳрида бўлаётган урушда 5 ойдан ортиқ муддатда жанг қилдим.

2023 йил декабр ойи охирларида Москва шаҳрига қайтиб келдим. Менга Россия Қуролли кучлари сафида қолиш таклифи берилди, аммо уларнинг таклифини қабул қилмадим”, деган у ўз кўрсатмасида.

Т.А. 2023 йил 31 декабр куни Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бориб, Россия армиясига ёлланганини айтиб берган.

Суд ҳукми билан Т.А. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) ҳамда 154-1-моддаси 1-қисмида (чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга 4 йил 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Олдинроқ Москвага ўқишга бориб, урушда қатнашган талаба жиноий жазога тортилганди.

Мавзуга оид