Ўзбекистон | 16:31 / 05.01.2025
35295
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Андижонда машина томини тешиб, унга иситиш печи ўрнатган шахсга чора кўрилди

Блогер машина ичига ўрнатилган иситиш печида олов ёқиб, чой қайнатган ва шу ҳолатда машинани бошқарган.

Фото: ИИБ ЙҲХБ

Ижтимоий тармоқларда блогерлардан бири енгил машина томини тешиб, унга иситиш печи ўрнатгани тасвирланган видео тарқалди.

Ҳодиса 2024 йил 2 январ куни содир бўлган. Блогер ўзининг Кiа К5 русумли шахсий машинасининг том қисмини тешиб, унга иситиш печи ўрнатган.

Сўнг иситиш печини ёқиб, унда чой қайнатган ва шу ҳолда машинани кўчаларда бошқарган.

ИИВ ахборот хизматининг хабар беришича, блогернинг ушбу ишлари йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳамда жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик ҳисобланади. Шунингдек, у транспортда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаган.

“Бу кун” информацион дастурида берилган лавҳада айтилишича, Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари тезкор суриштирув ўтказиб, қоидабузар блогерни топган.

Сўнг унга нисбатан МЖтКнинг тегишлари моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирган. Машина вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилган.

Шунингдек, қоидабузарга нисбатан Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ҳам МЖтКнинг тегишли моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Мавзуга оид