Аҳолиси қисқараётган Ғазо, Украинанинг Курскдаги силжишлари ва Хитойда тарқалаётган метапневмовирус — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Иккинчи йилдирки, Исроил зулми остида қолган Ғазо секторида демографик ҳалокат ҳам юз бермоқда — сектор аҳолиси сони 160 минг кишига, яъни умумий аҳолининг 6 фоизига қисқарган.
Исроил зарбалари туфайли секторда 45 минг 500 киши ҳалок бўлгани қайд этилган. Улар орасида ҳар учинчиси — вояга етмаган бола, ҳар тўртинчиси — аёл киши. 11 минг киши бедарак йўқолган, уларнинг тақдири номаълум. 100 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Айни пайтда Ғазо секторида ҳозир 2,1 миллион одам яшамоқда, уларнинг ҳар иккинчи нафари яраланган ёки яқинларини йўқотган. БМТ низони тўхтатишни талаб қилишига қарамасдан, жанговар ҳаракатлар давом этмоқда.
Исроил ҳужуми натижасида ўз оёғидан айрилган фаластинлик шифокор доктор Ас-Саидий ишга қайтди. Ампутациядан кейин олти ой ўтиб, у «Ал-Ақсо шаҳидлари» шифохонасининг болалар шошилинч ёрдам бўлимидаги 23 йиллик миссиясини давом эттиришга қарор қилди. Ҳозир у протез билан болаларни даволашни давом эттирмоқда.
Сўнгги хабарларга кўра, Исроил армиясининг тунги ҳужумлари натижасида 28 фаластинлик, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Яна 14 кишининг тақдири номаълум.
Ғазо шаҳрининг Шўъжоия туманида Семара оиласи уйига уюштирилган ҳаво ҳужуми 11 кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлди, бир неча киши яраланди. Хон Юнус шаҳридаги Салоҳиддин кўчасида ҳаракатланаётган транспортга қилинган ҳужумда олти киши ҳаётдан кўз юмган. Шунингдек, мажбуран кўчирилган одамларнинг чодирларига қилинган ҳужумда икки киши ҳалок бўлган, кўплаб одамлар яраланди.
Ғазо марказидаги Ад-Дурж туманида Шавбакийлар оиласига тегишли уйига ҳужумида хонадон соҳиби ва унинг ҳомиладор рафиқаси дохил уч киши ҳалок бўлди.
Исроилнинг ҳаракатларидаги геноцид нияти
Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Исроилнинг фаластинлик доктор Абу Сафияни қамоқда сақлаши ва Ғазо секторида соғлиқни сақлаш тизимини йўқ қилишга уринишларини «геноцид нияти» сифатида баҳолади.
Шанба куни Исроил қўшинлари Ғазо шимолидаги икки шифохона — Индонезия шифохонаси ва ҳужум хавфи остидаги «Ал-Ауда» шифохонасини эвакуация қилишни талаб қилди. Индонезия шифохонаси олдинги ҳужумларда жиддий зарар кўрган эди.
Amnesty International ташкилоти декабр ойи бошида чиқарган 296 саҳифали ҳисоботида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари Геноцид тўғрисидаги Конвенцияга зид эканини ва бу ҳаракатлар фаластинликларни йўқ қилиш нияти билан амалга оширилганини қайд этган.
Ҳисоботда юқори мартабали 22 исроиллик амалдорнинг геноцидга қаратилган баёнотлари ҳужжатлаштирилган. Шунингдек, видеоматериалларда Исроил қўшинлари Фаластин уйлари, масжидлари ва таълим муассасаларини вайрон қилганидан хурсандчилик билдиргани акс этган.
Amnesty International Исроил томонидан амалга оширилган 15 авиаҳужумни мисол қилиб кўрсатди. Уларда 334 киши, жумладан, 141 бола ҳалок бўлган. Ҳисоботга кўра, бу ҳужумларда ҳарбий мақсад борлигини кўрсатувчи ҳеч қандай далил аниқланмаган.
UNRWA фаолияти давом этади
БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам агентлиги (UNRWA) Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги фаолиятини тўхтатиши ҳақидаги хабарларни рад этди. UNRWA вакиллари агентлик ўз мажбуриятларини бажаришда давом этишини ва ҳозирги шароитда ҳам фаолиятини тўхтатмаслигини таъкидлади.
Аввалроқ The New York Times газетаси Исроил қонунлари сабаб UNRWA ўз ишини тўхтатиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.
Исроилнинг янги қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, агентлик фаолияти ва Исроил ҳукумати ходимлари билан ҳар қандай ҳамкорлик тақиқланади. Бу қонун 4 ҳафта ичида кучга киради. Бунинг оқибатида Ғазо секторида ҳуманитар ёрдам тизими издан чиқиши мумкинлигидан хавотирлар билдирилмоқда.
Исроил UNRWA ва унинг ходимларини ҲАМАС билан боғлашга уринишда давом этмоқда, аммо ҳозиргача бу айбловларга ҳеч қандай далил тақдим қилинмаган.
Террорсиз келажакка интилаётган Туркия
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған куч ва зўравонлик даври тугаганини таъкидлади. Унга кўра, терроризмга қарши кураш Туркиянинг устувор мақсади бўлиб, бу йўлда барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Туркия етакчисининг сўзларига кўра, мамлакат терроризм муаммосини ҳал қилиб, «Туркия асри»га тезроқ етиб боришни мақсад қилган. Унинг фикрича, бугунги кунда айирмачи террорчилик ташкилотлари жуда заифлашган ва уларнинг қўлловчилари кам қолган. Эрдўған: «Улар ўз тузилмаларини тарқатишдан бошқа йўл топа олмайди», деди.
Туркия раҳбари мамлакат келажагини зўравонлик, зиддият ва беқарорликдан холи жамиятда кўради. Унинг таъкидлашича, ҳозирда ҳукумат мураккаб ва чуқур ўйланган сиёсат юритиб, терроризмни батамом йўқ қилишни кўзламоқда.
Украинанинг Курскдаги силжишлари
Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск области ҳудудида янги ҳужум ҳаракатларини бошлади. Бу ҳақда аввал россияпараст Z ҳарбий блогерлар, сўнгра Украина расмийлари маълум қилишди. Россия мудофаа вазирлиги вакиллари Курскка йўл олган.
Россияпараст блогер Роман Алёхиннинг ёзишича, Украина қўшинлари Суджа ҳудудидан шимол-шарқ томон ҳаракатлана бошлаган ва асосий мақсадлари Катта Солдатск яқинидаги участкаларни эгаллаш.
«Ҳужум давомида рақиб мина портлатувчи траллар, танклар ва бошқа зирҳли техникадан фойдаланмоқда. Бу ҳудуд радиоэлектрон кураш тизимлари билан кучли ҳимояланган, бунинг ҳисобига кўплаб дронлар фойдасиз бўлиб қолди», — деб ёзган блогер ўз Telegram каналида.
Шунингдек, ZERGULIO ва WarGonzo каби Z каналлар Украина томонидан радиоэлектрон кураш тизимларининг кенг қўлланаётганини тасдиқлади. «Ҳеч қандай пилотсиз парвоз қурилмаси фаолият кўрсата олмаяпти, ҳудуд тўлиқ радиоэлектрон кураш тизими билан қопланган. Танк ва бронетехникалар жадал ҳаракатланмоқда», — дейди ҳарбий кузатувчилар.
Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак кучлар ҳаракатини тасдиқлаб, ҳужум бошланганини маълум қилди.
Россияни ядро ишлатишдан қайтарган Хитой
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Financial Times нашрига берган интервьюсида Россиянинг Украина уруши чоғида ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолидан Америка жиддий ташвишланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин бу сценарийни муҳокама қилган бўлиши мумкин.
Блинкен «Ҳатто эҳтимол 5 фоиздан 15 фоизга ошган бўлса ҳам, бу жуда жиддий масала», — деди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон Москвадан келаётган таҳдидларни жиддий қабул қилган.
Давлат котиби Хитойнинг бу масалада АҚШга ёрдам берган бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди. Унга кўра, Пекин Москвага ядро қуролидан фойдаланишга қарши огоҳлантириш берган. Бу АҚШнинг Россиянинг ядро қуролини космосда жойлаштириш режалари ҳақида Хитойга маълум қилганидан кейин содир бўлган.
«Бизда Хитой Россия билан боғланиб, «Бу ишни қилманг», деб айтгани ҳақида асосли маълумотлар бор», — дея қўшимча қилди Блинкен.
Хитойда метапневмовирус тарқалмоқда
Хитойда одам метапневмовируси (HMPV) гриппдан кейинги энг кенг тарқалган ўткир респиратор вирусли инфекцияга айланди. 23–29 декабр кунлари беморлардан олинган намуналарнинг 30,2 фоизида грипп, 6,2 фоизида эса метапневмовирус аниқланди. Хусусан, ушбу вирус 14 ёшгача бўлган болалар орасида кенг тарқалган.
Метапневмовирус ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Унинг асосий белгилари – йўтал, тумов, иситма ва бошқа шунга ўхшаш симптомлар. Ёш болалар, қариялар ва иммунитети заиф инсонларда вирус оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Қозоғистонда ҳам метапневмовирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 1 октябрдан буён 30 ҳолат аниқланган.
Ҳозирда Хитой расмийлари инфекция юқори мавсумда эканини ва умумий вазият назорат остида эканини таъкидламоқда. Профилактика учун шахсий гигиенага риоя қилиш ва одамлар гавжум жойлардан қочиш тавсия этилади.
Ҳозирча вирусли касалликдан даволаш имкони йўқ, вакцинаси ҳам йўқ. Врачлар шунчаки симптомларни йўқ қилиш билан машғул ва асоратлар бўй кўрсатмаслигидан умид қилишмоқда.
Мавзуга оид
13:27 / 07.01.2025
Ғазода қамални кучайтиришни кўзлаётган Исроил, ҳамасчиларни қатл этган Асад ва Зеленскийнинг баёнотлари — кун дайжести
13:45 / 03.01.2025
Ёмғирда ивиган ғазоликлар, музокарани чўзаётган Нетаняҳу ва жаҳонда тарқалаётган норовирус — кун дайжести
13:23 / 30.12.2024
Йил сўнгидаги авиаҳалокатлар, Россияга шарт қўйган Илҳом Алиев ва Гуржистоннинг янги президенти инаугурацияси — кун дайжести
13:55 / 28.12.2024