Ўзбекистон | 15:29 / 06.01.2025
27218
3 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ҳарорат пасайиши, ёмғир ва қор кутилмоқда

7 январда Ўзбекистонга Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво кириб келади, кўплаб ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Ҳафта давомида кундузги ҳарорат +5…+8 дан 0…–3 даражагача ўзгариб туради.

Фото: Kun.uz

«Ўзгидромет» республика бўйича 6–10 январ кунлари учун об-ҳаво прогнозини тақдим этди. Унга кўра, душанба куни кундузи Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат Қорақалпоғистонда кечга томон баъзи жойларда ёмғир ва қор ёғиши мумкин. «Ўзгидромет» прогнозига ҳаво ҳарорати +5…+10 даража, баъзи жойларда +12…+14 даражагача, шимолда +3…+8 даражагача бўлади.

7 январда Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво кириб келиши бошланади. Бухоро, Навоий вилоятларида ва куннинг иккинчи ярмида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда ёғингарчилик бўлади. Қорақалпоғистон Республикасида айрим жойларда кечаси ва эрталаб ёғингарчилик бўлади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради.

8 январда кечаси ва эрталаб фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик сақланиб туради.

8–10 январ кунлари кундузи Ўзбекистон бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларда туман тушиши мумкин.

8–10 январ кунлари ҳаво ҳарорати кечаси +2…+5 даражадан –3…–6 даражагача пасаяди, кундузи +5…+8 даражадан 0…–3 даражагача ўзгариб туради.

Шамол тезлиги 7–12 метр/сонияни ташкил этади, 7 январда баъзи жойларда 13–18 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда баъзида 20–23 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Тоғли ҳудудларда 6–8 январ кунларида вақти–вақти билан қор ёғади, 7–8 январ кунлари баъзи жойларда кучли бўлади.

Тошкент шаҳрида 6–10 январ кунлари асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат 7 январ куни кечқурун ва 8 январга ўтар кечаси ёмғир ва қор ёғади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.

Шамол 3–8 метр/сония тезликда эсади, 7 январда 10–12 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати 6 январ куни кундузи +8…+10 даража, 7 январда кечаси +1…+3, кундузи +6…+8, 8 январда кечаси ва кундузи –1…+1, 9 январда кечаси –3…–5, кундузи +2…+4, 10 январда кечаси –3…–5, кундузи +5…+7 даража бўлади.

Мавзуга оид