Жаҳон | 08:47 / 07.01.2025
1724
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Молия вазирлиги Сурияга қарши санкцияларни вақтинча юмшатди

Суриянинг янги расмийларига нисбатан санкцияларни юмшатиш режими олти ой давом этади ва бу вақт давомида «АҚШ ҳукумати воқеалар ривожини жойларда кузатади», деб хабар бермоқда Reuters.

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Сурия ўтиш даври ҳукумати вакилларига мамлакатда молиявий фаолиятни кенгайтириш учун умумий лицензия берди. Бу ҳақда Reuters 6 январ, душанба куни Америка расмийларининг тегишли резолюциясига таяниб хабар берди. «АҚШ инсонпарварлик ёрдами оқимини осонлаштириш мақсадида Сурияда Башар Асад ҳукмронлиги тугаганидан кейин олти ой муддатга давлат идоралари билан транзакциялар учун санкциялардан озод қилишни жорий этди», — дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, бош лицензия 7 июлгача «Сурияга баъзи энергия операциялари ва шахсий пул ўтказмалари»га рухсат беради. Бироқ, «бу қарор ҳеч қандай санкцияларни бекор қилмади», — дея аниқлик киритмоқда улар. Сурияда айни дамда сезиларли даражада электр тақчиллиги кузатилмоқда – мамлакатнинг аксарият ҳудудларида кунига уч соатгача электр таъминоти мавжуд. «Муваққат ҳукумат икки ой давомида кунига саккиз соатгача электр энергиясини етказиб беришни мақсад қилганини айтмоқда», деб ёзади Reuters.

Ўз навбатида, АҚШ Молия вазирлиги бу ҳаракат «санкциялар асосий хизматлар кўрсатишга ва бутун Сурия бўйлаб ҳукумат функцияларининг узлуксизлигига, жумладан электр энергияси, энергия, сув ва канализация билан таъминлашга тўсқинлик қилмаслигига» қаратилганини айтди. Чораларни юмшатиш учун ажратилган олти ой давомида «АҚШ ҳукумати воқеалар ривожини жойларда кузатишда давом этади». Вашингтон мамлакатнинг янги ҳокимияти йўналиши аниқ бўлишини кутмоқда ва хусусан, Дамашқ аёллар ва этник озчиликлар ҳуқуқлари бўйича берган ваъдаларини бажаришига кафолат изламоқда.

Бербокнинг юзи Сурия ўтиш даври ҳукумати ижтимоий тармоқларида хира қилиб қўйилди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва унинг франциялик ҳамкасби Жан-Ноэл Барронинг Сурияга расмий ташрифи чоғида олинган суратларда «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳи билан боғлиқ онлайн манбалар, шунингдек, маҳаллий ОАВ Бербок суратларини хира қилиб қўйди. Германия ташқи ишлар вазиридан ташқари Дамашқдаги Европа делегациясига ҳамроҳлик қилаётган бошқа аёлларнинг ҳам юзлари ретуш қилинди.

«Анналена Бербокнинг Дамашққа ташрифи шуни кўрсатадики, Суриянинг янги раҳбарияти нуфузли хорижий сиёсатчилар билан мулоқот қилишда жиддий муаммоларга дуч келаётгани аниқ», — дейилади Германиянинг n-tvв телеканали 5 январ кунги репортажида. Аввалроқ ҲТШ раҳбари ва Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари Аҳмад ал-Шара Бербок билан қўл бериб саломлашмагани, аммо эркаклар билан қўл бериб кўришгани қайд этилган эди. Бербок мисолида у қўлини кўкрагига қўйиш ишораси билан чекланди.

Шу билан бирга, Сурия давлат ахборот агентлиги SANA Анналена Бербокнинг суратларини ўзгартиришларсиз чоп этди. Эркак ва аёл ўртасида қўл бериб кўришиш тақиқланмайди, аммо ҲТШ аъзолари бундай саломлашишни зинога биринчи қадам, деб ҳисоблашади, дея таъкидлайди n-tv.

Мавзуга оид