Жаҳон | 15:41 / 07.01.2025
10141
3 дақиқада ўқилади

Дания қироли мамлакат гербини ўзгартирди — Трампнинг Гренландия ҳақидаги чиқишларидан кейин

Martin Zwick / REDA / Universal Images Group / Getty Images

Дания қироли Фредерик X мамлакат гербини ўзгартириб, унда Гренландия ва Фарер оролларининг рамзлари — оқ айиқ ва қўчқорни янада сезиларли қилиб кўрсатди, деб ёзмоқда The Guardian ва The Independent.

Қироллик сайтида айтилишича, ўзгаришлар қиролнинг «ҳамдўстликни [Дания бирлашган қироллиги] акс эттирувчи ва тарих ҳамда гералдик анъаналарни ҳисобга оладиган замонавий герб яратиш» истаги туфайли 20 декабрдаги қарори билан киритилган.

1972 йилда қабул қилинган аввалги версияда Гренландия ва Фарер ороллари рамзлари гербнинг тўртта майдонидан бирига жойлаштирилган. Энди улар катталаштирилиб, алоҳида майдонларга жойланди. Яна икки майдондан Дания герби ва Жанубий Ютландия региони герби (икки ҳолатда ҳам ҳаворанг шерлар) жой олган.

Шунингдек, гербдан Гренландия ва Фарер ороллари рамзлари билан бир майдонда бўлган ва 1397–1523 йиллар оралиғида тузилган Дания, Норвегия ҳамда Швециянинг Калмар иттифоқи рамзи бўлган учта тож олиб ташланган. Қироллик баёнотида бу элемент «энди долзарб характерда эмаслиги»айтилган.

Қиролликнинг янги герби 2024 йил январида қирол Фредерик унинг фойдасига тахтдан воз кечган онаси қиролича Маргрет ўрнига ўтириши билан тузилган қўмита тавсиялари асосида ишлаб чиқилган.

The Guardian нашри герб ўзгариши Гренландия ва унинг Дания билан муносабатлари атрофида кескинлик кучайган даврда содир бўлганини қайд этган. Бу, шунингдек, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампнинг декабр ойида оролга «эгалик ва назорат қилиш» АҚШ учун «мутлақ зарурат» эканини айтган сўзларидан кейин юз берди. Гренландияни сотиб олиш режалари ҳақида Трамп ўзининг биринчи муддати вақтида ҳам гапирганди, аммо рад жавобини олган. Бу сафар мамлакат бош вазири Муте Эгеде яна бир бор «Гренландия сотилмайди» деб жавоб қайтарди.

7 январ куни Трамп ўз ўғли, кичик Доналд Трамп Гренландияга ташриф буюриши ҳақида маълум қилди. «Гренландия — ақл бовар қилмас жой ва агар у бизнинг бир қисмимизга айланса, одамлар бундан катта наф кўради… Гренландияни яна буюк қиламиз», — дея ёзган АҚШнинг сайланган президенти ижтимоий тармоқларда.

Мавзуга оид