Катта одам ҳақида кичик ҳикоя
Бугун кино ва ижтимоий ҳаёт ҳақида гаплашамиз. Ўзбекнинг Мурод Муҳаммад Дўст деган ёзувчиси бор. Миллатнинг фахри дейишга муносиб ёзувчи. Бу ижодкорнинг киночилиги ёзувчилигидан кам эмас. Режиссёр Жаҳонгир Қосимов мана шу севимли ёзувчимиз киносценарий асосида “Дев ва пакана” деган жуда ажойиб филмни суратга олган. Картинадаги бош қаҳрамон – жуссаси катта йигит аслида жамиятдаги қалби катта инсонларнинг рамзий образи. Видео мана шундай чинакам катта инсон ҳақида.
Ғайрат Дўстов иши
Ғайрат Дўстов исмли ватандошимизга ортиқча таъриф бериш шарт эмас, менимча. У биргина чиқиши билан унча-мунча юлдузлар йиллар давомида эришолмаган машҳурликка эга бўлди. Ҳозир бутун Ўзбекистон шу инсон ҳақида гапирмоқда ва энг муҳими – ҳамма бу жуда оддий инсон ҳақида яхши гапирмоқда. Дўстовни мақтайверманглар деган бир-иккитаси ҳам чиқди, лекин улар ҳисобга қўшишга арзимайдиган даражада оз.
Бироз муболағага жазм қилиб айтадиган бўлсак, биргина чиқиш билан бунчалик кўп одамлар қўлловига эришишга Мартин Лютер Кинг ҳам ҳавас қилган бўларди. Ғайрат Дўстовнинг ўша заправкадаги портлашини русча бир сериалдаги тарих ўқитувчисининг худди шундай портлашига ўхшатиш мумкин. Майли, қайси филмлигини айтмай қўяқолайлик, кўпчилигингиз у қаҳрамонни ёқтирмайсиз.
Ғайрат Дўстовни у ўша машҳур видеосини ёзган заправка эгасининг аризасига биноан 15 суткага қамашгани, кейин жамоатчилик норозилиги фонида жазо 8 кунгача қисқартирилиб, суд залидан озод қилинганини кўрдингиз. Одамнинг дилини хира қиладиган бу ҳодисада биргина ижобий жиҳат бор – одамларнинг реакцияси. Демак ҳали жамиятимиз уйғоқ эканки, кўпчилик Дўстов қамалишини қабул қила олмади.
Суд куни
Апелляция суди ўтказилган куни ўнлаб адвокатлар Ғайрат Дўстовга бепул ҳуқуқий хизмат кўрсатишга борганини кўрдингиз. Юқори малакали бу ҳуқуқшунослар ўша куни бошқа бирор айбланувчини ҳимоя қилиб яхшигина пул ишлаб олиши мумкин бўлгандир, лекин улар виждонларининг амри билан аламдан юрагини бўшатиб олгани учун янги йилни панжара ортида кутиб олган ватандошга ёрдам бергани боришди. Ҳа, азизлар, атрофда ҳамма пул ҳақида ўйлаётгандек туюладиган бугунги кунда ҳамон виждон амрини моддий манфаатдан устун қўядиган мард инсонлар кўп экан.
Ўша куни судга борганларни шунчаки метан дарди бирлаштиради деб ўйлаганлар адашади. Судга борган адвокатлар, блогер-журналистлар, ҳуқуқ фаолларининг кўпчилиги ўзига тинч одамлар, бошқача айтганда бензинда юрадиган одамлар. Ўша куни уларни дахлдорлик ҳисси суд залига етаклаб борган.
Суддан озод бўлиб чиққан Ғайрат Дўстов ҳам инсонлар орасида меҳр-оқибат ҳали сўнмаганига гувоҳ бўлганини хурсанд бўлиб айтди. Ҳали Ғайрат Дўстов ўша вақтда ўзбекистонликлар орасида қанчалик машҳур бўлганини билмасди. Фақат баъзилар уни хоинга чиқарганини эшитиб ранжиганини айтди. Бунақа майда гапларга эса эътибор бермаслик керак. Ғайрат ака, сиз хоин эмассиз, катта одамсиз.
Шу жойида сўзимиз бошида эслаганимиз “Дев ва Пакана” филмига қайтиб, Обид Асомовнинг шедеврал монологига келсак. Дунёнинг ишлари-ю ўзига тўқ одамларнинг ғирромликларидан безган Дев ва Пакана йўл бўйлаб кетиб бораркан, парво қилма, буларнинг бари майда одамлар, булар дунёни пул билан ўлчайди, сомса билан ўлчайди, дейди, мен дунёни сен билан ўлчайман, полвон. Чунки сен катта одамсан, сен буларга ўхшамайсан", дейди филм бош қаҳрамонларидан бири Зулфиқор.
Ғайрат ака, биз ҳам дунёни сиз билан ўлчаймиз, сизни хоин деган майда одамлар билан эмас.
Дарвоқе, Ғайрат Дўстов унинг бошига қоп кийгизиб олиб кетишганини айтди. Ўртоқлар, энди бу одамнинг бошига қоп кийгизасизми, бошқа нарсами, фойдаси йўқ. Халқ унинг бошига ҳурмат тожини кийгизиб бўлди.
Ўткир Жалолхонов,
журналист
Мавзуга оид
22:50 / 04.01.2025
Адолат сўраган Ғайрат Дўстов ва ваколати кенгайган ҳокимлар — ҳафта дайжести
00:30 / 04.01.2025
“Қонунлар билан адолатли иш юритилса, ҳар томонлама яхши бўларди” – Апелляция суди қандай ўтди?
20:31 / 03.01.2025
Ғайрат Дўстовга берилган қамоқ жазоси қисқартирилди. У суд залидан озод этилди
17:44 / 03.01.2025