Жаҳон | 13:12 / 07.01.2025
1987
2 дақиқада ўқилади

Кишинёв энергетика инқирози ҳақидаги баёнотлари учун россиялик дипломатни чақиртирди

Молдова Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонаси маълумотларини тан олинмаган Днестрбўйидаги энергетика инқирози учун айбни Кишинёв ёки Киевга ўтказишга уриниш деб атади, аммо «масъулият фақат Москва зиммасига тушади».

Фото: Sputnik / Osmatesco

Молдова Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига энергетика инқирози ҳақидаги нотўғри маълумотлар тарқалиши сабабли Россия элчихонаси вакили чақирилди. Бу ҳақда 6 январ, душанба куни Молдова ТИВ матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Мурожаатда айтилишича, Кишинёв «Молдова жамиятини парчалашга ва Днестрбўйи минтақадаги энергетика инқирозининг асл келиб чиқишини яширишга қаратилган ёлғон баёнотларни кескин қоралайди». Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонаси тарқатган маълумотни «жамоат фикрини манипуляция қилиш ва айбни Кишинёв ёки Киев зиммасига юклаш уриниши» деб атади.

Ташқи ишлар вазирлиги Днестрбўйи ҳудудига газ етказиб бериш учун жавобгарлик тўлиқ Россия ва ўз шартнома мажбуриятларини бажармаган ва узлуксиз газ етказиб беришни таъминлаш учун фойдали ечимларни таклиф эта олмаган «Газпром» концерни зиммасига тушишини таъкидлади. «Етказиб беришни тўхтатиш тўғрисидаги қарор соф сиёсий хусусиятга эга ва Молдова Республикасини беқарорлаштиришга қаратилган», — дейилади баёнотда.

Днестрбўйида аҳоли сув таъминоти билан боғлиқ муаммо ҳақида огоҳлантирилди

Электр таъминотидаги узилишлар туфайли тан олинмаган Днестрбўйининг айрим ҳудудларида сув таъминоти тўхташи мумкин. Бу ҳақда 5 январ куни NewsMaker нашри хабар берди.

Шундай қилиб, 4 январ куни Тирасполнинг туманларидан бири сувсиз қолди. Шаҳарнинг бошқа ҳудудларида, шунингдек, Бендерида кўп қаватли уйларнинг юқори қаватлари аҳолиси муаммога дуч келиши мумкин, дея маълум қилди маҳаллий ҳокимият.

Днестрнинг чап қирғоғида Молдавия (Кучурган) давлат минтақавий электр станцияси (ГРЭС) ва Дубосар ГЭС томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси етарли эмас, деб таъкидланди Кишинёвда.

Мавзуга оид