Иқтисодиёт | 08:52 / 07.01.2025
4117
2 дақиқада ўқилади

Учта давлат банкини хусусийлаштириш кейинроққа қолдирилди

Ўзбекистонда «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Алоқабанк»ни хусусийлаштириш кейинроққа қолдирилди. Бу йирик давлат банклари акциялари 2025 йилда сотилиши режалаштирилмоқда.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

27 декабр куни бир нечта давлат банкларини хусусийлаштиришнинг сўнгги муддатларини узайтиришни назарда тутувчи фармон имзоланди.

«Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB) ва «Алоқабанк»даги давлат улушларини сотиш муддатлари 2025 йилга кўчирилди. Президентнинг 2020−2025 йилларда банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси бўйича фармонига буни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Мамлакатдаги иккинчи йирик банк ҳисобланган «Ўзсаноатқурилишбанк»даги барча давлат улушини 2022 йил охиригача, кейинчалик эса 2023 йил охиригача савдога чиқариш режалаштирилганди. Шундан сўнг 2024 йил охиригача хусусийлаштириш орқали банкдаги давлат улушини 50 фоиздан камайтиришга қарор қилинди, аммо бу амалга ошмади.

Аввалроқ «Асакабанк» хусусийлаштириш муддати 2023 йил охиридан 2025 йил охиригача сурилгани хабар қилинганди. «Асакабанк» бугунги кунда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (88,22 фоиз), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (10,85 фоиз), Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (0,73 фоиз), «Ўзавтосаноат» (0,1 фоиз), «Ўзагросуғурта» (0,08 фоиз) ва «Ўзбекинвест»га (0,02 фоиз) тегишли.

2025 йил 1 январгача (аввал 2023 йил 1 июлгача эди) фонд биржасида «Алоқабанк» учун IPO ўтказиш режалаштирилганди. Бу банкдаги улушлар қуйидагича тақсимланган: Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 61,8 фоиз, «Ўзбектелеком» — 22,03 фоиз, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси — 6,3 фоиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 4,32 фоиз, «Электромагнит мослашув маркази» ДУК — 2,11 фоиз, бошқалар — 3,44 фоиз.

Мавзуга оид