Ўзбекистон | 15:24 / 08.01.2025
1443
2 дақиқада ўқилади

Душанбе шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди

"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси томонидан Тожикистон пойтахтида ташкил қилинган навбатдаги Ўзбекистон савдо уйининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: dunyo.info

Тадбир давомида икки давлат тадбиркорлари ўртасида B2B учрашувлари бўлиб ўтди.

Ўтган бир йил давомида Тожикистонга 115 млн долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинган. Булар орасида 34 миллион долларлик металл маҳсулотлари, 13 миллион долларлик қуруқ қурилиш аралашмалари ва цемент буюмлари, 12 миллион долларлик сопол буюмлар, 23 миллион долларлик қувурлар ва пластмасса маҳсулотлари, 11 миллион долларлик ДСП ҳамда МДФ плиталари, 7 миллион долларлик шиша ва шиша буюмлар мавжуд.

Тожикистон Ўзбекистон қурилиш материаллари экспортида юқори улушга эга бўлган давлатлар рўйхатида иккинчи ўринни қад этиб, мамлакатнинг ушбу соҳадаги ишончли ҳамкорлардан бири саналади. Шу билан бир қаторда, Made in Uzbekistan ёрлиғи остидаги қурилиш маҳсулотларига бўлган талаб Тожикистон бозорида йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ҳозирда Тожикистонга газобетон блоклари, иссиқлик сақловчи плиталар, табиий тошлар ва гулқоғозлар экспортини янада ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Ҳозиргача "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси томонидан очилган Ўзбекистон савдо уйлари Озарбойжон пойтахти Боку ва Афғонистон пойтахти Кобул шаҳарларида фаолият кўрсатмоқда.

Мавзуга оид